1032.2262. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бирор набий юборган бўлса, у албатта қўй боққан», дедилар. У зотнинг асҳоблари: «Сиз ҳамми?» дейишди. Шунда у зот: «Ҳа. Мен Макка аҳли учун қийротлар эвазига қўй боқиб берар эдим», дедилар».
* Луғатшунослар «қийрот» деб майда пулга, дониқнинг ярми, яъни бир дирҳамнинг ўн иккидан бирига айтишади. Аслида унинг миқдори турли ўлкаларда турлича бўлган. Масалан, маккаликларда қийрот динорнинг йигирма тўртдан бир улуши ҳисобланса, аксар юртларда, хусусан фуқаҳолар наздида, йигирмадан бири бўлган. Аммо «қийрот» калимаси кейинчалик бир нарсанинг бўлакларини, жузларини ифода этиш учун ва шундан келиб чиқиб, бирор нарсанинг кўплигини, чексизлигини англатиш учун ҳам қўлланадиган бўлиб кетган. Ибн Можа ўзининг айрим шайхларидан нақл қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта қўйни бир қийрот эвазига боққанларини айтган.
Иккинчи бир фикрга кўра, ҳадисда келган «қийрот» калимасининг кўплиги, яъни «қорорит» сўзи Маккадаги жойнинг номидир. Бунда бобнинг сарлавҳаси «Қароритда қўй боқиш», ҳадиснинг таржимаси «Ҳа. Мен Макка аҳли учун Қароритда қўй боқиб берар эдим» бўлади.
1032/2262 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَا بَعَثَ اللهُ نَبِيًّا إِلَّا رَعَى الْغَنَمَ». فَقَالَ أَصْحَابُهُ: وَأَنْتَ؟ فَقَالَ: «نَعَمْ، كُنْتُ أَرْعَاهَا عَلَى قَرَارِيطَ لِأَهْلِ مَكَّةَ».