1045-ҳадис

1045.2311. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Аллоҳга қасамки, сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен ҳожатмандман, бола-чақам бор. Қаттиқ муҳтожлигим бор», деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади» деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, чунки мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди. «Нима у?» дедим. У: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни* оятни тугатгунингча ўқи. Шунда тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга манфаат берадиган калималарни ўргатишини айтган эди, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Улар нима экан?» дедилар. «У менга: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни бошидан бошлаб, тугатгунингча ўқи», деди ва менга: «Тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. – Улар (саҳобалар) яхшиликка энг ўч кишилар эди – Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. «Йўқ», дедим. У зот: «У шайтон эди», дедилар».

1045/2311 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: وَكَّلَنِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم بِحِفْظِ زَكَاةِ رَمَضَانَ، فَأَتَانِي آتٍ، فَجَعَلَ يَحْثُو مِنَ الطَّعَامِ، فَأَخَذْتُهُ وَقُلْتُ: وَاللهِ لَأَرْفَعَنَّكَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: إِنِّي مُحْتَاجٌ وَعَلَيَّ عِيَالٌ وَلِي حَاجَةٌ شَدِيدَةٌ، قَالَ: فَخَلَّيْتُ عَنْهُ، فَأَصْبَحْتُ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «يَا أَبَا هُرَيْرَةَ مَا فَعَلَ أَسِيرُكَ الْبَارِحَةَ؟». قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، شَكَا حَاجَةً شَدِيدَةً، وَعِيَالًا، فَرَحِمْتُهُ فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ، قَالَ: «أَمَا إِنَّهُ قَدْ كَذَبَكَ، وَسَيَعُودُ». فَعَرَفْتُ أَنَّهُ سَيَعُودُ، لِقَوْلِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّهُ سَيَعُودُ. فَرَصَدْتُهُ، فَجَاءَ يَحْثُو مِنَ الطَّعَامِ، فَأَخَذْتُهُ فَقُلْتُ: لَأَرْفَعَنَّكَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: دَعْنِي فَإِنِّي مُحْتَاجٌ وَعَلَيَّ عِيَالٌ، لَا أَعُودُ، فَرَحِمْتُهُ فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ، فَأَصْبَحْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «يَا أَبَا هُرَيْرَةَ مَا فَعَلَ أَسِيرُكَ؟» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ شَكَا حَاجَةً شَدِيدَةً وَعِيَالًا، فَرَحِمْتُهُ فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ، قَالَ: «أَمَا إِنَّهُ قَدْ كَذَبَكَ، وَسَيَعُودُ». فَرَصَدْتُهُ الثَّالِثَةَ، فَجَاءَ يَحْثُو مِنَ الطَّعَامِ، فَأَخَذْتُهُ فَقُلْتُ: لَأَرْفَعَنَّكَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَهَذَا آخِرُ ثَلَاثِ مَرَّاتٍ أَنَّكَ تَزْعُمُ لَا تَعُودُ ثُمَّ تَعُودُ، قَالَ: دَعْنِي أُعَلِّمْكَ كَلِمَاتٍ يَنْفَعُكَ اللهُ بِهَا، قُلْتُ: مَا هُنَّ؟ قَالَ: إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ، فَاقْرَأْ آيَةَ الْكُرْسِيِّ: (اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ) [البقرة: 255]. حَتَّى تَخْتِمَ الْآيَةَ، فَإِنَّكَ لَنْ يَزَالَ عَلَيْكَ مِنَ اللهِ حَافِظٌ، وَلَا يَقْرَبَنَّكَ شَيْطَانٌ حَتَّى تُصْبِحَ، فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ، فَأَصْبَحْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَا فَعَلَ أَسِيرُكَ الْبَارِحَةَ؟» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، زَعَمَ أَنَّهُ يُعَلِّمُنِي كَلِمَاتٍ يَنْفَعُنِي اللهُ بِـهَا فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ، قَالَ: «مَا هِيَ؟» قُلْتُ: قَالَ لِي: إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ فَاقْرَأْ آيَةَ الْكُرْسِيِّ مِنْ أَوَّلِهَا حَتَّى تَخْتِمَ: (اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ). وَقَالَ لِي: لَنْ يَزَالَ عَلَيْكَ مِنَ اللهِ حَافِظٌ، وَلَا يَقْرَبَكَ شَيْطَانٌ حَتَّى تُصْبِحَ - وَكَانُوا أَحْرَصَ شَيْءٍ عَلَى الْخَيْرِ - فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «أَمَا إِنَّهُ قَدْ صَدَقَكَ وَهُوَ كَذُوبٌ، تَعْلَمُ مَنْ تُخَاطِبُ مُنْذُ ثَلَاثِ لَيَالٍ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟» قُلْتُ: لَا، قَالَ: «ذَاكَ شَيْطَانٌ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш