1106-ҳадис

1106.2488. Абоя ибн Рифоъа ибн Рофеъ ибн Хадиж бобосидан ривоят қилади:

«(Бобом шундай деб айтиб берди) «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Зулҳулайфада эдик. Одамларга очлик етди. Бир қанча туя ва қўй-эчкиларни қўлга киритишган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг охирроғида (келар) эдилар. Улар шошилиб, ҳайвонларни сўйишди ва қозонларни осишди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қозонларни ағдариб ташлашни буюрдилар.* Сўнгра тақсимладилар ва ўнта қўй-эчкини битта туяга тенгладилар. Шунда бир туя қочиб кетди. Уни қувишган эди, ета олишмади. Қавм ичида бир неча отлиқ бор эди. Улардан бир киши уни бир ўқ билан нишонга олган эди, Аллоҳ уни (туяни) йиқитди. Сўнгра у зот: «Ёввойи ҳайвонларнинг асовлари бўлганидек, манави чорваларнинг ҳам асовлари бўлади. Улардан бирортаси сизга бўйсунмаса, уни мана шундай қилинг», дедилар».

Ўшанда бобом: «Биз эрта-индин душман(га учраш)дан хавотирланиб [ёки қўрқиб] турибмиз, бир дона ҳам пичоғимиз йўқ, энди қамиш билан сўямизми?» дебди. У зот: «Қони оқизилган, устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарса борки, еяверинглар. Тиш ва тирноқ (билан сўйилгани) бўлмайди. Бу ҳақда сизларга айтадиган бўлсам, тиш суякдир, тирноқ эса ҳабашларнинг пичоғидир», дебдилар».

Изоҳ: Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун гўшти ҳалол ҳайвоннинг шўрвасини тўкиб юборишни буюрганлар, деган саволга бир неча хил жавоб берганлар. Жумладан, имом Нававий ўзининг «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида: «Чунки улар Ислом диёрига, муштарак ўлжа молдан ейиш жоиз бўлмайдиган жойга етиб келишган эди. Зеро, ўлжани тақсимдан олдин ейиш дорул-ҳарбдагина мумкиндир», деган.

Рофеъ ибн Хадиж: «Биз эрта-индинги душмандан хавотирланиб турибмиз, ёнимизда бир дона ҳам пичоқ йўқ», деганда «Биз шу кунларда душман билан жанг қиламиз, бунинг учун қуролларимиз ўткир бўлиши лозим. Шу боис, биз уларни ҳайвон сўйишга ишлата олмаймиз. Шу билан бирга, ёнимизда қассоб пичоқ ҳам йўқ», демоқчи.

Ҳадиснинг давомида бу икки восита билан ҳайвон сўйиш ножоизлигининг сабаби айтилмоқда. Ўша вақтда ҳайвонни бирор жониворнинг тиши ёки тирноғи билан сўйиш одати бўлган. Ҳар иккиси ҳам жонлиқни шариатда талаб қилингандек сўйишга ярамайди, ҳайвонни азоблайди. Қолаверса, суяк жинларнинг таомидир, у билан жонлиқ сўйилса, нажосат тегади. Тирноқ билан сўйиш эса ғайримуслим халқларнинг одатидир.

1106/2488 - عَنْ رَافِعِ بْنِ خَدِيجٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم بِذِي الْحُلَيْفَةِ، فَأَصَابَ النَّاسَ جُوعٌ، فَأَصَابُوا إِبِلًا وَغَنَمًا، فَأصَابُوا إبلًا وَغَنَمًا، قَالَ: وَكَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فِي أُخْرَيَاتِ الْقَوْمِ، فَعَجِلُوا وَذَبَحُوا وَنَصَبُوا الْقُدُورَ، فَأَمَرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بِالْقُدُورِ فَأُكْفِئَتْ، ثُمَّ قَسَمَ، فَعَدَلَ عَشْرَةً مِنَ الْغَنَمِ بِبَعِيرٍ، فَنَدَّ مِنْهَا بَعِيرٌ، فَطَلَبُوهُ فَأَعْيَاهُمْ، وَكَانَ فِي الْقَوْمِ خَيْلٌ يَسِيرَةٌ، فَأَهْوَى رَجُلٌ مِنْهُمْ بِسَهْمٍ فَحَبَسَهُ اللهُ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ لِهَذِهِ الْبَهَائِمِ أَوَابِدَ كَأَوَابِدِ الْوَحْشِ، فَمَا غَلَبَكُمْ مِنْهَا فَاصْنَعُوا بِهِ هَكَذَا». فَقُلْتُ: إِنَّا نَرْجُو الْعَدُوَّ غَدًا وَلَيْسَتْ مَعَنَا مُدًى، أَفَنَذْبَحُ بِالْقَصَبِ؟ قَالَ: «مَا أَنْهَرَ الدَّمَ، وَذُكِرَ اسْمُ اللهِ عَلَيْهِ فَكُلُوهُ، لَيْسَ السِّنَّ وَالظُّفُرَ، وَسَأُحَدِّثُكُمْ عَنْ ذَلِكَأَمَّا السِّنُّ فَعَظْمٌ، وَأَمَّا الظُّفُرُ فَمُدَى الْحَبَشَةِ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш