Ушбу китоб татар олими Ризоуддин ибн Фахриддиннинг «Жавомиъул калим» ҳадис китобидаги араб ҳарфлари билан ёзилган 100 та ҳадиси шарифнинг ўзбекчага таржимасидир. Ҳадис илмини ўрганиб амал қилувчи, муҳаббатли ўқувчилар илмини ошириш учун «Жавомиъул калим» китобининг арабча матнини ва таржимасини ва шарҳини ҳам ўқиб чиқишини умид қиламиз.
Ҳадислар иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ, дунё ва охират, фарзанд тарбияси каби кўплаб мавзулар-ларни қамраб олади.
Китобнинг «Ибратли ва ҳикматли сўзлар» қисмида Абдураҳмон Жомий, Сулаймон Боқирғоний, Абдулла Авлоний каби азизларимизни дурдона фикрлари келтирилди.
Китоб икки дунё саодатини истаган ҳар ҳаёт йўловчиси учун беғараз ёрдамчи бўлиб қолишдан умидвормиз.
Раббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта мен тавба қилдим ва албатта мен мусулмонларданман.
- Мусулмонлар қиладиган амалларнинг даража ва мартабалари уларнинг ниятларига боғлангандир. Ҳар кишининг ўз амали баробарида бўлган улуши ниятга қараб бўлади. Аллоҳ Таоло ҳамда Расулуллоҳнинг розилигини қасд қилиб Мадина шаҳрига сафар қилувчиларга Аллоҳ ва Расули учун сафар қилишлик савоби берилади. Дунёвий мақсад ёки бирор хотин олиш нияти билан Мадинага сафар қилганларнинг улуши ҳам ўз дунёвий мақсадларига етиш ёки ўша хотинни олишдан иборат бўлади.
- Мунофиқнинг аломати учдир: Гапирганда ёлғон гапиради, ваъда берса хилоф қилади, омонат олса хиёнат қилади.
- Энг аввал ўзингга нафақа қил, бундан ошса хотинингга нафақа қил, ундан ортса, болаларингга ва қариндошларингга нафақа қил. Бойликни мана шундай сарф қил.
- Суюнчи билан хурсанд бўлинглар, сизлар ҳам ўзингиздан кейин келадиганларга суюнчи берингларки: Аллоҳ Таолонинг бирлигига чин кўнгил билан гувоҳлик берувчи киши (агар шу сўзида туриб вафот қилса) Жаннатга киради.
- Аллоҳ Таолога энг ёмон кўринган ҳалол нарса талоқдир.
- Аллоҳ Таолога энг ёқимсиз киши, доимо душманлик қилиб тортишиб-қичқиришиб юрадиган кишидир.
- Аллоҳ Таолодан қўрқ. Энг кичкина эзгуликни ҳам паст санама ва эътиборсиз қолдирма. Ҳотто сув олувчиларнинг челагига челагинг-дан сув қуйсанг ҳам (эзгуликдир). Такаббур ва кибру ҳаволик бўлишдан сақлангин. Аллоҳ Таоло такаббурликни севмайди. Агар бирор киши сенда бўлган бир айбни билиб шу айб билан сени сўкса ва масхара қилса сен унда ўзинг билган айблар билан уни сўкма, сенга савоб, унга гуноҳ ёзилади. Ҳеч кимни сўкувчи бўлма.
- Аллоҳ Таоло ҳаром қилган нарсаларидан сақлан, энг яхши ибодат қилувчилардан бўласан. Аллоҳ Таоло сенга берган нарсага рози бўлгин, бой одамлардан ҳисобланасан, қўшнингга яхши муомала қил; чин мўъмин бўласан, ўзинг учун яхши кўрган нарсаларни бошқалар учун ҳам яхши кўргин; чин мусулмон бўласан, кўп кулишга одат қилма; кўп кулги кўнгилни ўлдиради.
Бу шеърда хам ҳадиснинг маъноси бор:
Ҳаромлардан қил тақво –
Обидлардан бўлгайсан.
Қисматингга бўл ризо –
Ғанийлардан бўлгайсан.
Бирга турган қўшнингга
Эзгу амаллар қилгин.
Ана шунда бил дўстим
Комил мўмин бўлгайсан.
Яхши кўрдинг ўзингга
Раво кўргин дўстингга.
Шу ишинг қила олсанг,
Чин мусулмон бўлгайсан.
Кулгини кўп қилмагин,
Унинг кўпи ёмондир.
Кўп кулгунча кўп ўқи,
Қалби тирик бўласан.
- Аллоҳ Таолодан қўрқинглар ва болаларингиз ўртасида адолат қилинглар.
- Яримта хурмо билан бўлса ҳам садақа қилиб ўтдан сақланинглар. Агар яримта хурмони ҳам топа олмасанглар, сўровчини яхши, юмшоқ сўз билан жўнатинглар.
- Амалларнинг Аллоҳ Таолога энг севиклиси оз бўлса ҳам давомлироғидир.
- Шахсий ғараздан саломат бўлиб фақатгина Аллоҳ розилиги учун бировни дўст ёки душман қилмо Аллоҳ Таолога энг севикли амаллардандир.
- Дўстингни озроқ яхши кўргин, балки бирор кун сенга душман бўлиб қолиши мумкин. Душманингни озроқ ёмон кўргин, балки бирон кун сенга дўст бўлиб қолиши мумкин.
- Ҳаддан ташқари мақтовчиларнинг юзларига тупроқ сепинглар.
- Қуръони каримда кўп айтилган ва кўп савоблар ваъда қилинган эҳсон, бу – гўё Аллоҳ кўриб тургандек ибодат қилишлигингдир. Агар сен Аллоҳ Таолони кўролмасанг, У сени кўриб турибди.
- Хизматчиларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ Таоло уларни сизларнинг қўл остиларингизда қилди. Кимнинг қариндош биродари қўл остида бўлса унга ўзи ейдиган нарсадан едирсин ўзи киядиган нарсадан кийдирсин, кучлари етмайдиган ишларга буюрманглар, агар буюриб қўйсангиз уларга ёрдам беринглар.
- Сенга берилган омонатни эгасига топшир, сенга хиёнат қилган кишига хиёнат қилма.
- Аллоҳ дуойимни ижобат қилади деб ишонган ҳолларингизда дуо (ибодат) қилинглар. Ҳамда билингларки, Аллоҳ Таоло ғофил ва хабарсиз кўнгил билан қилинган дуо (ибодатни) қабул қилмайди.
- Бирон миллатнинг ҳурматли кишиси сизни зиёрат қилиш учун келса сизлар уни ҳурмат қилинглар (иззат-икром кўрсатинглар).
- Агар сизларнинг бирорталарингизнинг бошингизга бошингизга мусибат тушса:
«Биз ўзимиз, аҳлимиз, молимиз Аллоҳникидир, албатта биз Унинг ҳузурига қайтувчимиз. Эй Аллоҳ, бу мусибатим баробарида савобни келадиган кун (охират) учун сақлаб тураман. Бунинг баробарида менга савоб марҳамат қил, шу мусибатим ўрнига яхши ўринбосар насиб қилгин» деб айтсин.
- Бирор киши (эркакми ёки хотунми) гапириб туриб у ён-бу ёнига қараса у сўз омонатдир (яъни сир бўлади), бошқаларга айтиб бўлмайди.
- Махфий бўлган хато ишларнинг зарари эгасигагина бўлади, аммо бу хатолар ошкора қилиниб биладиган одамлар томонидан манъ қилинмаса бунинг зарари эгасигагина эмас, балки ҳаммага умумий бўлади.
- Агар Аллоҳ Таоло бирорталарингизга бир сабаб билан ризқ бериб турган бўлса, бирор зарар кўрмасдан туриб ўша ишни ташламасин.
- Яхши ишларинг сени қувонтирса ва ёмон ишларинг сени қайғуга солса сен мўъминсан.
- Агар сенга қўшниларинг: «Сен яхшисан» деганларини эшитсанг, сен яхши одамсан ва агар уларнинг «сен ёмон одамсан» деганларини эшитсанг, сен ёмон одамсан.
- Бирор ерда вабо касаллиги борлигини эшитсанглар, у ерга кирманглар (борманглар). Агар ўзларингиз яшайдиган ерда у касаллик бўлса чиқиб кетманглар.
- Бирор бир хато (шариат назарида ёмон, манъ қилинган) иш қилинган ерда туриб шу ишни ёмон кўрган киши четда туриб бу ишни қилмаган кишилар қаторидадир. Четда туриб бу ишни қилмаган бўлса ҳам, ўша бузуқ ишга рози бўлса ўша ишни қилувчилар қаторидадир.
- Агар (бандачилик билан) бирор ёмон иш қилиб қўйсанг, унинг орқасидан яхши ишни (қилгин) эргаштириб қўйгин. Бу яхши иш аввалги гуноҳингни ўчириб юборади.
- Агар сенинг молинг бўлса, аломати сендан кўриниб турсин.
- Бир кишининг икки хотини бўлиб (кийим, юриш-туриш, ейиш-ичиш, тунаш ва бошқа ишларда) буларнинг ўртасида тенглик қилмаса бир томони фалаж ёки қуриган бўлиб қиёмат майдонига келади.
- Агар уч киши бўлсанглар, иккиталарингиз яширин гаплашманглар. Чунки бундай қилиш учинчи кишини қайғу ва шубҳага солади. Агар кўпайсанглар сирлашсангиз бўлади.
- Агар тушингизда бирорталарингиз билан шайтон ўйнаса, яъни ҳар хил даҳшатга солса, эрталаб туриб одамларга гапириб берманглар.
- Агар бир халқнинг иши ноаҳил кишига топширилса қиёматни кутавер.
- Дунёда беҳожат бўл, шунда Аллоҳ Таоло сени яхши кўради, кишилар қўлларида бўлган молни таъма қилмагин, шунда сени халқ яхши кўради.
- Одамларни разолат ва пастликка олиб борадиган таъмадан Аллоҳ Таолодан паноҳ тиланглар. Ўринсиз таъмага олиб борадиган ва таъма қилиб ўрни бўлмаган жойда таъма қилишдан ҳам Аллоҳ Таолодан паноҳ тиланглар.
- Ўзингдан фатво сўра. Эзгулик шундай нарсаки, кўнгил ва нафс унга қарор топади, гуноҳ шундай нарсаки кўнгилда ғашлик пайдо бўлади (виждон азобланади). Шунинг учун ҳам олимлар фатво берсалар ҳам, нафсингдан фатво сўра, дейдилар.
- Аллоҳ Таолога энг кўп шукур қилувчи киши, одамларга кўп шукр қилувчи кишидир.
- Ахмоқ киши билан алоқа қилма, муносабатингни кесгин.
- Аллоҳ Таолога ихлос билан ибодат қилгин, зотига ва сифатларига ширк (шерик) келтирма, фарз намозларини вақтида адо қилгин, фарз закотини жойига топшир, кучинг етганича.
Фарз ва нафл ҳажларни адо қилгин. Рамазон рўзасини тутгин, бошқаларнинг қандай муомала қилишларини хоҳламасанг, ўзинг ҳам шундай муомала қилишдан сақлан.
- Мусулмонлар юрадиган йўлда, ўнғайсизроқ турадиган нарсалар бўлса шуларни четлатгин.
- Хотинларнинг энг баракалиси эр учун энг енгил юкли (кам харажатли) бўлганидир.
- Хотинлар устида бўлган энг катта ҳақ эр ҳаққи ва эрларнинг (хотинларнинг ҳам) устида бўлган энг катта ҳақ она ҳаққидир.
- Туянгни боғла, Аллоҳга Таолога таваккал қил.
«ҒАЗАБЛАНМА»
- Сизлар амал қилинглар, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса ўша нарсани қилиш унга осонлаштирилгандир.
- Беш нарса келмасдан илгари беш нарсани ғанимат бил: Ўлмасингдан аввал тириклигингни, касаллигингдан аввал саломатлигингни, машғулиятингдан аввал бўш вақтингни, қарилигингдан аввал ёшлигингни, камбағаллигингдан аввал бойлигингни.
- Олим бўл ёки илм ўрганувчи бўл ёки тингловчи ёки илмни яхши кўрувчи бўл, бешинчиси бўлмагин – ҳалок бўласан.
- Энг савобли садақа ўзинг саломат, молни яхши кўрадиган, фақирликдан қўрқадиган, бойликни орзу қиладиган вақтингда берган садақангдир.
Садақа беришни кечиктирма, ўлим тўшагида, жонинг бўғизингга келганда фалончига унча, пистончига мунча деб гапирасан, ҳолбуки моллар маросхўрники бўлиб қолган бўлади.
- Энг яхши савобли садақа бойлик орқали бўладиган садақадир. Устда турадиган берувчи қўл, остда турувчи (олувчи) қўлдан яхшироқдир (садақа берсанг) ўз зиммангда нафақалари лозим бўлган кишилардан (яқинларингдан) бошла.
- Энг яхши касб хиёнатсиз савдо ва кишининг қўл кучи билан мол топишидир.
- Энг катта гуноҳ Аллоҳ Таолога ширк келтирмоқ, бировни ноҳақ ўлдирмоқ, ота-онани ранжитмоқ ва ёлғондан гувоҳлик бермоқдир.
- Қиёмат кунида гуноҳи энг кўп киши, дунёда бўлган вақтда бефойда, аҳамиятсиз сўзларни кўп гапирган кишидир.
- Лаззатларни кесадиган нарсани (ўлимни) кўп эсланг.
- Энг иймони мукаммал мўъминлар хулқ-одоблари чиройлиларидир, сизларнинг энг яхшиларингиз хотирларингизга эзгулик қилувчиларингиздир.
- Огоҳ бўлингиз, намоз ўқиш, рўза тутиш, садақа бериш даражаларидан ҳам савоблироқ бўлган нарса ҳақида сизларга хабар берайинми? У нарса кишилар орасини ислоҳ қилиш (тузатиш)дир. Орани бузиш эса кишиларни ҳолок этувчидир.
- Огоҳ бўлингиз, сизларнинг энг яхшиларингиз ким эканлиги тўғрисида сизларга хабар берайинми? Энг яхши одамингиз ўша кишидирки, ундан эзгулик кутилади, ёвузликдан хотиржам бўлинади. Ёмонлар шу кишидирки, ундан эзгулик кутилмайди, ёвузликдан хотиржам бўлинмайди.
- Огоҳ бўлингиз! Мўъмин киши ким эканлигини сизларга хабар берайми? Мўъмин, одамлар уни моллари ва жонларига амин деб биладиган кишидир. Мусулмон, унинг тили ва қўлидан одамлар саломат турадиган кишидир. Ҳижрат қилувчи (кўчувчи) бузуқ иш ва гуноҳлардан кўчувчи (гуноҳларни тарк этувчи) кишилардир.
- Огоҳ бўлингиз! Сизларнинг энг кучлиларингиз ким эканлигини хабар берайми? Ғазаби ёки аччиғи келганда ўзини тутадиганларингиздир.
Ғазаблик бўлмагин, бўлгин мулойим,
Бўлурсан шоду хуррамликда доим.
Ғазаб ўтдир, ёқодур жисму жонинг,
Ғазаб барбод этодир хонумонинг.
Ғазаблик ўтни бўш сув паст қилгай,
Ғазабни жинни ёки маст қилгай.
- Аллоҳим: мен икки турли заиф кишиларнинг ҳақлари тўғрисида қаттиқлик кўрсатаман, бири етимлар, иккинчиси хотинларнинг ҳақлари.
- Омонатли бўлиш ризқни тортади (ризқ келтиради), хиёнат қилиш фақирликни тортади (фақирликни келтиради).
- Оғир-босиқлик Аллоҳ Таолодан ва (дунё ишларидан) ошиқиш шайтондан.
- Сизлар дунё ишларингизни ўзингиз яхши биласиз.
- Ҳар кимни ўз ўрнига ўтқазинг (ўзига муносиб муомала қилинглар).
- Мўмин биродаринг золим ёки мазлум бўлсин, унга ёрдам бергин. Сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, мазлумга ёрдам берамиз, аммо золимга қандай ёрдам берамиз?» Расулуллоҳ: «Золимни қўлини ушлайсан (манъ қиласан, зулм қилишдан қайтарасан),-дедилар.
- (Дунё бойлиги тўғрисида) ўзингиздан юқорига эмас, балки пастдагиларга қаранг. Бу ишингиз Аллоҳ сизга берган неъматларини камситмаслигингизга сабаб бўлади.
- Кўпи маст қиладиган нарсанинг озидан ҳам манъ қиламан.
- Энг яхши эзгулик, бола ўз отасининг дўстларини яқин билиб алоқада бўлишидир.
- Умматим учун энг қўрқадиган нарсам Аллоҳ Таолога шерик келтиришларидир. Бу билан улар қуёшга ва ойга ёки бутга чўқинадилар демоқчи эмасман, балки Аллоҳ Таоло розилигидан кўра бошқа мақсадлар учун амал қиладилар ва махфий лаззатларга асир бўлиб қоладилар деб қўрқаман.
- Кишининг ейдиган нарсасининг энг покиза ва ҳалоли ўз касби билан топган ризқидир. Кишининг боласи ҳам ўз касбидан ҳисобланади.
- Аҳдига вафоли бўлиш иймондандир.
- Хайрли ишга далолат қилувчи шу ишни ўзи қилувчидекдир. Аллоҳ Таоло мусибатланган кишиларга (сўз ёки қўл билан) ёрдам берувчиларни яхши кўради.
- Ислом дини енгил бир дин. Ким шу енгилликка рози бўлмасдан ортиқча ибодатларга киришса ожиз қолади ва шу дин билан курашганда мағлубиятга учрайди. Ўзингиз қиладиган ибодатларни жойига (да) қила олмасангиз шунга яқинроқ йўлда ибодат қилинг, оз бўлса ҳам ибодатлар эвазига савоб бўлишини ўйлаб суюнинг. Қуёш чиқмасдан илгари, тушдан кейин ва кун охирида ибодат қилиб олинг.
- Фитналардан четда қолганлар бахтли кишилардир (3 марта) ва балога йўлиққанда сабр қиладиганлар ҳам бахтли кишилардир.
- Қиёмат кунида Аллоҳ Таоло хузурида энг ёмон энг ёвуз ўрнида бўладиган киши бу дунёда одамлар унинг ёмонлигидан қўрқиб ундан алоқаларини узган кишидир.
- Шайтон одам боласининг (инсонларнинг) қон томирларининг ичида юради.
- Ростлик эзгуликка, эзгулик эса жаннатга олиб боради. Инсон ростлик орқали Аллоҳ Таоло ҳузурида «сиддиқлар» қаторидан саналади. Ёлғон ёмонликка, ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Инсон ёлғонга одат қилса охиратда Аллоҳ хузурида ёлғончилар қаторидан ёзилади.
- Уят сўзларни очиқ гапириш ва унга ўхшаган пардасиз сўзларни тиришиб ва кучланиб гапириш мусулмонликдан эмас. Инсонлар ичида энг гўзал мусулмон хулқ-одоблари гўзалларидир.
- Аллоҳ Таоло, умматимни залолат устига жам қилмайди. Аллоҳ Таолонинг қўли жамоат устида. Ким жамоатдан айрилса ёлғиз дўзахга кетади.
- Аллоҳ Таоло суратларингизга ва молларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалларингизга қарайди.
- Аллоҳ Таоло: «Мен бири-бирига хиёнат қилмаган икки кишининг учинчисиман (уларни офат-балолардан сақлайман). Агар бири-бирига хиёнат қилса Мен уларнинг орасидан чиқаман»,– дейди.
- Аллоҳ Таоло қиёмат кунида Одам боласига: «Эй одам боласи Мен касал бўлдим, сен Менинг ҳолимни сўрамадинг»,-дейди. Одам боласи:«Эй Парвардигорим, Мен Сенинг ҳолингни қандай сўрайман? Сен бутун оламлар Парвардигори (тарбиячиси) сан-ку?» деганида, Аллоҳ Таоло: «Билмадингми, Менинг фалон бандам касал бўлди, сен унинг ҳолини сўрагани борганингда Менинг раҳматимни ўша ерда топган бўлар эдинг!» – дейди.
Аллоҳ Таоло:«Эй одам боласи, мен сендан таом сўрадим, сен бермадинг», дейди. Одам боласи:«Эй Раббим, Мен Сенга қандай таом бера оламан? Сен бутун оламни тарбиячисан-ку», деганда Аллоҳ Таоло:«Фалон бандам ейиш учун сендан таом сўради, сен унга таом бермадинг. Агар унга таом берганингда эди, унинг савобини Мени ҳузуримда топган бўлар эдинг»,– дейди.
Аллоҳ Таоло яна Одам боласига: «Мен сендан сув сўрадим, сен Менга сув бермадинг» дейди. Шунда одам боласи: «Эй Роббим, мен Сенга қандай сув бераман? Сен бутун оламнинг Парвардигорисан-ку» –деганида Аллоҳ Таоло: «Фалончи бандам сендан ичиш учун сув сўради, сен унга бермадинг. Агар унга сув берганингда эди унинг савобини Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», – дейди.
- Аллоҳ Таоло хотинларга меҳрибон ва шафқатли бўлишингизга буюради. Хотинлар сизларнинг она, қиз ва холаларингиздир. Яҳуд ва насоролар хотин олади ва хотинининг қўли бир дона ғалтакка етмаслик даражасида камбағал бўлса ҳам бир-биридан ажрашмай хаёт кечирадилар.
- Аллоҳ Таоло (камчиликлардан) покизадир, айбдан покиза нарсаларни яхши кўради, пок ва озодадир, пок ва озода нарсаларни яхши кўради, сахийдир, сахийларни яхши кўради. Эшик олдиларингизни тоза тутинг, яҳудийлардек ифлос бўлманглар (ахлат тўпламанглар).
- Аллоҳ Таоло сахийдир, сахийликни яхши кўради ва олий гўзал аҳлоқларни яхши кўради, фойдасиз паст ишларни ёмон кўради.
- Аллоҳ Таоло мусулмонлар учун ҳар бир юз (100) йил бошида динни (бидъат ва хурофотдан) янгилатувчиларни юбориб туради.
- Аллоҳ Таоло сиздан уч нарсани яхши кўради ва уч ишингизни ёмон кўради:
Яхши кўрган нарсалар: Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш, шерик келтирмаслик. Қуръон ва шариат арқонига биргаликда ёпишиб, тарқалмаслик (бўлинмаслик). Ишларингизни тартибга солиш учун Аллоҳ Таоло томонидан бошлиқ қилиб қўйилган кишиларга насиҳат қилишлик.
Ёмон кўрган нарсалари: Дунё ва охиратда фойдаси бўлмаган қилу-қол (бемаъни сўзлар), кўп савол бермоқ, ўринсиз ерга молни (пулни) сарфламоқ.
- Ислом динида йўлларга қўйилган белгиларга ўхшаган белгилар ва аломатлар бор.
- Албатта ҳақ эгасининг сўзлайдиган сўзи ва шунга яраша далили бўлади.
- Мўъмин киши гўзал ҳулқи билан кундузлари (нафл) рўза тутувчилар ва кечалари ибодат билан шуғулланувчилар даражасини топади.
- Аллоҳ Таолонинг ёрдами машаққат (қийинчилик) ка қараб келади ва Аллоҳ Таолонинг сабр неъмати ҳам қайғуга кўра келади.
- Ёлғонларнинг энг каттаси, ўзини ўз отасидан бошқага нисбат бериш, кўрмаган тушини кўрдим деб гапириш, Расулуллоҳ гапирган деб айтиш.
- Катта гуноҳларнинг энг каттаси: Аллоҳ Таолога шерик келтирмоқ, ота-онани ранжитмоқ, ёлғон онт ичмоқ, қози ҳузурида мажбуран онт (қасам) ичган киши шуни эвазига чивин қанотича бирор нарса олса, Аллоҳ Таоло шу кишининг кўнглига қиёматга қадар кетмайдиган бир қора тугун солиб қўяди.
- Баъзи сўзларда сеҳр (ноҳақ нарсани ҳақиқат кўрсатиш) бўлади. Ва баъзи шеърларда ҳикматли сўзлар бўлади.
- Аввалги пайғамбарлардан қолиб, халқ орасида қолган бир сўз бор. Бу сўз: «Уялмасанг хоҳлаган ишингни қил» деган сўз (ҳикмат) дир.
- (Инсон ўлгандан кейин бутун амали тўхтаб қолади). Мўъмин кишининг ўлгандан кейин орқасидан бориб турадиган нарсалар (савобли ишлар): Тарқатган илми, солиҳ (диндор) фарзанди. Мерос қилиб қолдирган Қуръони. Қурган масжиди. Мусофирлар учун солдирган уйи. Сув оқизиб қўйган ариғи. Соғлом ва ҳаёт пайтида ўз молидан Худо учун чиқариб берган садақаси. Шу нарсаларнинг савоблари ўлгандан кейин ҳам орқасидан бориб туради.
- Бу дин қувватли, маҳкам диндур. Сиз бу динда мулойимлик ва юмшоқлик билан сайр қилинг.
- Сизлар амирлик мансабига ҳарис бўласизлар. Аммо амирлик тегишли жавобларни беришдан ожиз кишилар учун қиёмат кунида надоматга сабаб бўлади. Амирликдан фойдаланиш яхши бўлсада охиратга кўчиш ёки мансабдан айрилиш ҳасратли бўлади.
- Одамларни молларингиз билан хурсанд қила олмайсиз, аммо очиқ юз ва гўзал хулқингиз (билан хурсанд қила оласиз) уларни хурсанд (рози) қилади.
- Мажлислар омонатдир. (Мажлисдаги эшитган сўзларингиз омонатдир).
- Одамлар, минай деб ораларида бирорта минишга ярайдиган туя топилмайдиган юз (100) туяга ўхшайди.
Бу жаҳонда номи ўчмас бир китоб бор,
Бахт- саодат ёр бўлишга кўб хитоб бор.
Кеча-кундуз ўқисангиз тўймагайсиз,
Унда одоб, унда ахлоқ – барчаси бор.
Олий мақом
Расулуллоҳ ёнида жаннатда бўлгувчи бормикан?
Қандаям олий мақомда тургувчи мўъмин бормикан?
Пайғамбарнинг сўзига чин кўнгил бирла ишониб,
Етимларга шод бўлиб хизматда бўлгувчи бормикан?
Қандаям олий мақом ҳар кимга муяссар бўлмагай,
Етимлар ҳам албатта ўз туққонидек бўлмагай.
Хизматини миннат айлаб ҳар сўзида силтаса,
Бу мақом афсус – надоматдан ўзга бўлмагай.
Ибратли ва хикматли сўзлар
Ким агар роҳат талабдир ғафлат ичра ётмасин,
Бўлмағур ишларга ақлу фикрини ишлатмасин.
Нафсини текин томоқларга боқиб ўргатмасин,
Кўнглига ҳирсу таъма осорини йўллатмасин.
Фархатий
Илм ўргандингми унга тез амал қил,
Амалсиз илмнинг мисли заҳар бил.
Абдураҳмон Жомий
Бугунги ишни эртага қўйма
Бугунги жаҳлни эртага қўй.
***
Бошингга не бало ёғса, бировданмас ўзингдандир,
Йўлингдан сен адашсанг бил, хато босган изингдандир,
Агар суҳбат аро дўстинг қўлин силтаб кетар бўлса,
Бири ёлғон, бири ғийбат, бири тузсиз сўзингдандир.
***
Яхши бирла юрса ҳар ким, мақсуди ҳосил бўлур,
Юрса нодонлар ила, бир кун бориб қотил бўлур.
Катталар қилган насиҳатни кичиклар олмаса,
Оқибат хулқи бузуқ бир беадаб жоҳил бўлур.
Абдулла Авлоний
Нодонга панду насиҳат қилмоқлик:
Гўёки заҳарлик илонни асал бериб боққондек
Ёки чўчқани бўйнига гавҳару –маржон таққондек.
***
Нодонга панду насиҳат қилсанг:
Қулоғини тешиги игна тешигидек кичрайиб кетади.
Оқилга насиҳат қилсанг қулоқ тешиги
Роввот эшик очилганидек очилиб кетади.
***
Илм олиш жафоли,
Охири ширин вафоли.
НАМОЗ
Ҳақ таоло буйруқи – хуш яхши хизматдир намоз,
Қуллариға сонсиз ул дарёйи раҳматдур намоз.
Фарз қилди, Ҳақ ўзи беш вақт намоз барчаға,
Эй мусулмонлар, қилинг ҳам фарз, суннатдур намоз.
Фарз, суннат эрди доим анбиёлар пешонаси,
Ҳам шариат, ҳам тариқат, ҳам ҳақиқатдур намоз.
Қилингиз беш вақт намозни доим жамоат бирла сиз,
Мунда раҳмат ёғилур ҳам онда раҳматдур намоз.
Ҳар саҳар айлагил таҳорат, ётмағил ғафлат билан,
Сайқали ойинлий жонкор ғафлатдур намоз.
Етти дўзах куфлидур ҳар бир намозинг эй азиз.
Саккиз учмоҳнинг калиди фатҳи жаннатдур намоз.
Жон билан беш вақт намозни эй мусулмонлар қилинг,
Охиратда жон билан танларга роҳатдур намоз.
Оқил эрсанг эй биродар, қил намозу тавбани,
Икк олам обрўйи жойи жаннатдур намоз.
Эрта кўпғил мўъмини, масжид сори қўйғил қадам,
Бир қадаминг ўрниға юз минг фазилатдур намоз.
Ҳеч ниманинг йўқ вафоси, бу вафосиз дунёда,
Бу вафосиз дунёда беш кун ғаниматдур намоз.
Қуллиғини жон билан қилғил, пешимон бўлғил,
Қилмасанг рузи жазода доғи хасратдур намоз.
Сулаймон Боқироғоний
БЕНАМОЗ
Қил ибодат худоға, ғофил бўлма, бенамоз,
Машғул бўл ҳамду саноға, ғофил бўлма, бенамоз.
Бу дунёдин кетарсан, тор лаҳадга кирарсан,
Сўрса суол, на дерсан? Ғофил бўлма, бенамоз.
Мункир-Накир келгайлар: «Ман Роббука?» - деб сўрғайлар,
Гурзи бирла урғайлар, ғофил бўлма, бенамоз.
Қил охират яроғин, ёндур гўринг чироғин,
Қўйма рўза намозин, ғофил бўлма, бенамоз.
Ўларда қийин кўрарсан ё ташна бўлуб ўларсан,
Дўзах ичра куёрсан, таҳқиқ билгил, бенамоз.
Тутар доно ўзини, қилмас олам сўзини,
Кўрманглар шум юзини, юзи қаро, бенамоз.
Қилиб жабр ўзига, кириб шайтон сўзига,
Қаттиғ азоб танинға, раво кўрма, бенамоз.
Отанг, онанг кетубдур, тор лаҳадда ётибдур.
Санга навбат етибдур, билгил муни, бенамоз.
Санга ҳам тақи ўларсан, тор лаҳадга кирарсан,
Турлуқ азоб кўрарсан, тавба қилғил, бенамоз.
Эй бечора йиғлағил, Аллоҳ ёдин қўймағил,
Насиҳатни тинглағил, бўлма зинҳор бенамоз.
МУНДАРИЖА
Оятнинг маъноси…………1
Ният ҳақидаги ҳадис……..1
8-ҳадисни маъноси ва шеър…4
Ғазабланма (энг қисқа ҳадис)……16
1-қисм тугади тугади……………36
Топишмоқ шеър…………………...37
Олий мақом……………………...38
Ибратли ва ҳикматли сўлар…….39
Нодонларга айтилган сўзлар……41
Намоз фазилати ҳақидаги шеър...42
Бенамоз ҳақидаги шеър…………43
Фойдаланилган адабиётлар
- Ризоуддин Фахриддин. «Жавомиъул калим».
- Имом Бухорий. «Сахиҳи Бухорий».
- Имом Термизий. «Сунани Термизий».
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Ҳадис ва ҳаёт»
- Абдулазиз Мансур. «Минг бир ҳадис».