Риёзус солиҳийн шарҳи

Риёзус солиҳийн шарҳи (934)

Имом Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий Димашқий

 شرح

رياض الصالحين

تأليف: الإمام أبي زكريا يحيى بن شرف النووي الدمشقيّ

631 – 676 هـ

  

Риёзус солиҳийн шарҳи

 (Солиҳлар гулшани)

 

 Таржимон: Анвар Аҳмад

 Тошкент2021

Муаллиф ва унинг ушбу асари ҳақида

 

Шайх, имом, муҳаққиқ олим, ҳофизларнинг йўлбошчиси, авлиёларнинг байроқдори, кўплаб илм ва фанлар билимдони, манфаатли таснифотлар соҳиби, ўз жонини Аллоҳнинг дини нусрати учун тиккан, илм ва ибодат орасини жамлаган Аллоҳнинг ориф бандаларидан бири, парҳезкор, зоҳид, суннат ва динни тирилтирувчи Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф (ибн Муррий) ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Жумъа ибн Ҳизом ал-Ҳизомий ан-Нававий, Димашқий, Шофеъийдир.

Кунялари – Абу Закариё, лақаблари Муҳиддин. Аммо Аллоҳга тавозуъ қилиб, Муҳиддин деб лақабланишни кариҳ кўрганлар. Чунки дин доимий ҳаёт ва собит бўлган нарсадир, тирилтирувчи кишига муҳтож эмасдир, деб айтардилар. («Муҳиддин» – динни тирилтирувчи, деган маънони англатади.) Лаҳмий у зот ҳақида: «Мени Муҳиддин деб атайдиганларни дўст тутмайман, деб айтдилар», дейдилар.

Бу зот Димашқнинг қишлоқларидан бири Навода 631-ҳижрий сана, муҳаррам ойининг ўртасидаги ўн кунликда дунёга келдилар. Наво билан Димашқ ораси икки марҳаладан озроқ масофадир. Ҳозирги пайтда 100 км атрофида.

Имом Заҳабий тарих китобларида «Наво» сўзида вов ҳарфидан кейин алиф бўлмайди, аммо уни қўйиш ҳам жоиз, деб айтдилар.

Шайх Тожуддин Субкий имом Нававий «Дорул ҳадис ашрафийя»га бош мударрис этиб таъйинланганларида қуйидаги шеърни битиб, унда Наво сўзига вов ҳарфидан кейин алифни киритганлар.

 

Дорулҳадисда узоқ қолиб, унинг атрофида кезиб овунаман.

Кошки Навовий қадами теккан жойга юзим лўнжини текказурман.

 

Имом Нававийнинг оталари қуйидагича ҳикоя қилади.

Ўғлим Яҳё ёнимда ухлар эди. Ўшанда у етти ёшга етган эди. Рамазоннинг 27 кечаси эди. Тахминан туннинг ярми эди. У: «Эй отажон, ҳовлини тўлдириб юборган мана бу ёғду нима?» деб қолди. Мен ва оила аъзоларимиз уйғониб қарасак ҳеч нарса кўринмади. Билсак, ўша кеча қадр кечаси экан.

Марокуший айтади. Шайх Муҳиддинни Наво қишлоғида кўрдим. Ўшанда у 10 ёшда эди. Болалар уни бирга ўйин ўйнаш учун мажбурлашар эди. У эса, йиғлаб, улардан қочар эди. У шу ҳолатида ҳам Қуръон тиловат қилар эди. Ўшанда у менинг қалбимга кириб қолган эди. Отаси уни дўконга олиб борар, у эса, Қуръондан чалғитгани учун олди-сотдига машғул бўлмас эди. Мен унинг Қуръон устози олдига келиб: «Бу боладан келажакда ўз замонасининг забардаст олими ва зоҳиди бўлиши умид қилинади. Одамлар бундан ҳали кўп фойдаланади», деб насиҳат қилдим. У эса: «Сиз мунажжиммисиз?» деди. Мен: «Йўқ мунажжим эмасман, лекин Аллоҳ мени шундай гапиртирди», дедим. Буни отасига айтилган эди, оталари ўғилларини Қуръонни хатм қилишига кўп рағбат қилди. Ўшанда энди балоғатга етгандилар

Шайх Муҳйиддин айтдилар.

«Ёшим 18 га борганида отам мени 649-ҳижрий санада Димашққа олиб бордилар. Равоҳийя мадрасасида истиқомат қилдим. У ерда икки йил қолдим. Ўша давр мобайнида ерга ёнбағримни қўймадим. Озуқам мадрасадаги овқат бўлди. «Танбеҳ» китобини тўрт ярим ойда ёд олдим. «Муҳаззаб» китобидаги чорак ибодат қисмини ёд олдим. Шайхимиз, олим, зоҳид Камолиддин Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий Шофеъий китобларини шарҳлаб, тасҳиҳ қилиб, у кишини лозим тутган эдим. У киши илмга машғул бўлганимни, у кишини лозим тутганимни, одамларга қўшилмаслигимни кўргач мени қаттиқ яхши кўриб қолдилар. У киши ўтган дарсни аксар жамоаларга такрор қилиб беришимга таъйинладилар. 51-ҳижрий сана бўлганида, отам билан бирга ҳаж қилдим. Арафотда туриш жумага тўғри келган эди. Сафаримиз Ражаб ойининг аввалида бўлган эди. Мадинада икки ярим ой турдим».

Имом Нававийнинг дадалари айтадилар.

«Биз Наво қишлоғидан сафар қилгани чиққанимизда, Яҳёни шамоллаш тутди. То арафотга келгунича у касаллик аримади. Яҳё бесабрлик қилмади. Ҳаж амалларини бажариб, Наво қишлоғига ғам етиб келдик. Димашққа тушганида Аллоҳ унга илм ато қилган эди».

Имом Нававий айтдилар.

«Мен ҳар куни, ҳар турлик устозлардан 12 хил дарс ўрганар эдим. «Васит» китобидан иккита дарс, «Муҳаззаб» китобидан битта дарс, «ал-Жамъу байнас саҳиҳайн» китобидан битта дарс, «Саҳиҳул муслим»дан битта дарс, Ибн Жиннийнинг наҳв фанидаги «Лумаъ» китобидан битта дарс, Ибн Сиккитнинг луғатга оид «Ислаҳул мантиқ» китобидан битта дарс, сарфдан битта дарс, усулул фиқҳдан битта дарс, гоҳида Абу Исҳоқнинг «Лумаъ» китобидан, гоҳида Фахриддин Розийнинг «Мунтахаб» китобидан ва «Асмаур рижол»дан битта дарс, усулуд диндан битта дарс ўтардим. Бунга тааллуқли барча нарсаларга таълиқ ёзардим, мушкил жойларини шарҳлардим, ибораларни ёритар эдим, луғатларни зобт қилар эдим. Ундан ташқари «ар-Рофеъий»дан ҳам дарс ўқирдим. Аллоҳ таоло вақтим ва машғулотимга барака бериб, бунда менга ёрдам ато қилган эди. Бир гал тиб илмига қизиқишим ортиб қолиб «Қонун» китобини сотиб олдим. Шундан кейин қалбим қоронғулашиб қолди. Бир неча кун ҳеч қандай иш қила олмай қолдим. Ўша заҳоти у китобни сотиб юборган эдим, яна асл ҳолатимга қайтдим».

Имом Нававий машғулоти кўп, илм, ибодат ва тасниф сабаб тунда бедор бўлувчи киши эдилар. Йўлда ҳам вақтларини зое қилмасдилар. Баъзи уламолар бу кишини ҳаммомга кам кириши, кам овқат ейиши ва кам кийинишини кўриб, танбеҳ беришгани ва: «Бирор касалликка чалиниб, мақсадларингга эриша олмайсан», деб айтишганида, у зот: «Фалончи рўза тутиб, ҳатто суяклари кўкариб кетган экан», деб жавоб бердилар. Шундан кейин биз айтган нарсаларга у киши парво қилмаслиги билинди.

Баъзи ҳамроҳлари озуқаланиб олишлари учун бодринг пўстлоғини арчиб, узатишганида, у зот уни ейишдан бош тортдилар ва: «Танам намланиб, уйқуни жалб қилишидан қўрқаман», деб жавоб бердилар.

У зот кун бўйи емасдан фақат хуфтондан кейин озгина нарса еб олардилар. Саҳарда озгина сув ичиб олардилар. Димашқнинг мевасидан емасдилар. Бу ҳақда сўралганида у зот: «Чунки Димашқдаги аксар ерлар вақф ва ҳажр қилинган ерлардир. У ердаги нарсаларни фақат умумманфаат юзасидан тасарруф қилиш жоиз. Бу хусусда уламоларнинг ихтилофи бор. Ким жоиз деган бўлса ҳам етим-есир ва камбағалларнинг манфаати учунгина жоиз деган. Одамлар эса бу фатвонинг мингдан биригагина амал қилишади холос. Буни ейишга нафсим қандай шод бўлсин», дедилар.

У зот ўз қишлоқларидаги ота-оналари ҳузуридан келган нарсанигина ер эдилар. Бирор кишидан бирор нарсани қабул қилмасдилар. Фақат дини ва тақвоси ишончли бўлсагина ундан тановул қилардилар.

 

Иснавий айтдилар.

«Имом Нававий оила қурмаганлар. У зот яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарардилар. Ҳақ у киши учун ҳамма нарсадан устун эди. Подшоҳ ва амирларга ҳам тик боқа олардилар. Подшоҳ Зоҳир: «Мен имом Нававийдан қўрқар эдим», деб айтган».

Подшоҳ Зоҳир Бибрис билан бўлиб ўтган ҳодиса у зотнинг хулқларидаги ана шу қиррани очади. Малик Зоҳир бир фатвога имзо чекиш учун у зотни чақиртирди. Имом ҳазратлари бошларига кичиккина салла ўраб бордилар. Саллаларига қараб менсимасдан: «Эй шайх! Бу фатвога имзо чек», деди. Аммо Имом бош тортдилар. Подшоҳ ғазаб билан: «Нима учун?» деб сўради. Шунда Шайх ҳазратлари: «Бу фатвода оғирлик келтирувчи зулм бор», дедилар. Подшоҳ янада ғазабланиб: «Уни ҳамма вазифаларидан бўшатинглар», деб амр қилди. Аъёнлар эса: «Унда ҳеч қанақа вазифа йўқ», деб жавоб беришди. Сўнг подшоҳ қатл қилишни қасд қилди. Лекин унга Аллоҳ ниятини амалга оширишга журъат бермади. «Нега ўлдирмадингиз, бунақа вазият бошқа бўлмайди?» дейишганида, подшоҳ: «Аллоҳга қасамки, унинг важоҳати мени қўрқитиб юборди», деб жавоб берди.

Бу иш Аллоҳнинг фазлидир. Уни солиҳ бандаларидан хоҳлаганига беради.

Имом Нававий икки марта ҳаж қилганлар. Шайх Шиҳобиддин Абу Шомадан кейин Ашрафийя номли дорул ҳадисга бош мударрис этиб таъйинланганлар. То вафот этгунларига қадар у ердан маош олмаганлар. У зот пахтадан тўқилган кийим ва Сахтиёнийя салласини кияр эдилар. Соқолларида оқ туклар бўлиб, ўзлари фақиҳлар билан бўладиган баҳсларда сокин ва виқорда бўлардилар.

Шайх Валийюддин Абулҳасан Алий айтдилар. Мен оёғимда яллиғланиш сабаб бемор эдим. Имом Нававий мени зиёрат қилиб кўргани келдилар. Ҳузуримда ўтиргач сабр ҳақида гапира бошладилар. Гапирганлари сари оз-оздан оғриқ кета бошлади. У зот гапиришда давом этдилар, охири бориб ҳеч оғримагандек оғриқдан ҳеч бир асорат қолмади. Бундан аввал оғриқ қаттиқлигидан тунда ухлай олмай қолган эдим. Билдимки, оғриқни барҳам топиши у зотнинг баракотлари сабаб эди.

 

Имом Нававий жуда кўп китоб тасниф этганлар. Мисол тариқасида уларнинг баъзисини келтириб ўтамиз.

  1. Шарҳи Саҳиҳи Муслим. 2. Иршод. 3. Тақриб ва Тайсийр фий маърифати сунанил Башийр ан-Назийр. 4. Таҳзийбул асмо вал луғот. 5. Ат-Тибйон фий одоби ҳамлатил Қуръон. 6. Минҳожи ат-Толибийн. 7. Бустонил орифийн лин-Нававий. 8. Хулосатул аҳком фий муҳиммоти сунани ва қавоидил ислом. 9. Равзатут толибийн ва умдатул муфтийн. 10. Шарҳул муҳаззаб. 11. Ал- Азкор мин калами саййидил аброр. 12. Арбаъийн. 13. Ийжоз. 14. Жомиъус-Сунна. 15. Мухтасару Усдул ғоба. 16. Ваттархис фил қиёми лиаҳлил фазл. 17. Ва таҳрийри алфози танбеҳ. 18. Вал-фатово. 19. Ийзоҳ. 20. Риёзус солиҳийн (қўлингиздаги ушбу китоб).

Қуйидаги суннат китобларини шайхларидан эшитганлар: 1. Жомиъ ас-саҳиҳ ал-Бухорий. 2. Саҳиҳи Муслим. 3. Сунани Абу Довуд. 4. Жомиъут Термизий 5. Сунани Ибн Можа. 6. Сунани Насаий. 7. Муватто Молик. 8. Муснади Шофеъий. 9. Муснади Аҳмад. 10. Муснади Дорамий. 11. Муснади Абу Яъло. 12. Саҳиҳи Абу Авона. 13. Сунани Байҳақий. 14. Шарҳи сунна лил Бағавий. 15. Амалул йавм вал лайла ли Ибн Сунний. 16. Ал-жомиъ ли одобир ровий вас сомиъ лилхатиб Бағдодий. 17. Ансоб ли Зубайр ибн Баккор.

Дамашқда истиқомат қилганларида фиқҳ, ҳадис, усул каби ҳар турли илмларни қуйидаги устозлардан таълим олганлар:

  1. Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон ал-Мағрибий.
  2. Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қудома Мақдисий ал-Ҳанбалий.
  3. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Нуҳ Мақдисий Димашқий.
  4. Абу Ҳафс Умар ибн Асъад ибн Абу Fолиб Рубъий ал-Ирбилий.
  5. Абул Ҳасан Саллор ибн Ҳасан Ирбилий Димашқий.
  6. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Умар ал-Воситий («Саҳиҳи Муслим»ни шу кишидан эшитганлар).
  7. Абул Бақо Холид ибн Юсуф ибн Саъд Нобилисий.
  8. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исо ал-Муродий ал-Андалусий.
  9. Имомул муҳаддис Зиё ибн Таммом Ҳанафий.
  10. Шайх Абул Аббос Аҳмад ибн Солим Мисрий Наҳвий ал-Луғавий.
  11. Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Молик Жаййаний.
  12. Қози Абул Фатҳ Умар ибн Бандор ибн Умар ибн Али Тафлисий.
  13. Абул Аббос Аҳмад ибн Абдуддоим Мақдисий.
  14. Абул Фараж Абдураҳмон ибн Шайх.
  15. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Солим Абу Яҳё Анборий.
  16. Абу Муҳаммад Исмоил ибн Иброҳим ат-Тануҳий.
  17. Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Абу Абдуллоҳ Абдул Муҳсин Ансорий.
  18. Аллома Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил Дамашқий.
  19. Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Бодироний Боғдодий.
  20. Қози Имодуддин Абул Фозил Абдулкарим ибн Абдуссамад Хиристоний.
  21. Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Фикрий.
  22. Абу Закариё Яҳё ибн Абулфатҳ Хироний Сайруфий.

 

Энг яқин шогирдлари аллома Алоуддин ибн Аттор зикр қилишларича, баъзи солиҳлар имом Нававийни тушида қутблардан бири эканларини кўрган экан. Ўзларидан бу нарсани очиқлашни сўрашганида, у зот яширган эканлар. Валлоҳу аълам!

Мен вафот топишларидан чамаси икки ой олдин ўтирган эдим, бир фақиҳ келиб, ҳузурларига кирдида: «Фалончи шайх сизга салом айтди ва мана бу кўзачани мендан бериб юборди», деди. Имом Нававий уни қабул қилдилар ва уни менга бериб, эҳтиёжлар турадиган жойга қўйишимни буюрдилар. Уни қабул этганларидан таажжубга тушсам, мендаги таажжубни ҳис қилиб: «Менга баъзи камбағаллар баланд пошналик этик ва мана бу кўзани жўнатишибди. Бу сафар қуролларидир», дедилар. Озгина кун ўтгач яна ҳузурларида турсам у зот: «Мен учун сафар қилишга изн берилди», дедилар. Мен: «Қанақасига сизга изн берилди?» десам, у зот: «Бир пайт мен шу ерда, (яъни Равоҳийя мадрасасидаги хонамда) ўтирган эдим, очиқ ҳавода бир шахс ўтиб қолди. Олд тарафида нур таратувчи ёруғлик, қиблага юзланган ҳолда мадрасанинг ғарбидан шарқига ишора қилиб: «Байтул мақдиснинг зиёрати учун ўрнингдан тур, деб айтди», дедилар. Мен имом Нававийнинг ушбу сўзларини ибодат сафарига йўйдим. Қарасам у ҳақиқий сафар экан. Сўнгра имом Нававий менга: «Қани ўрнингдан турчи, яқинларимиз ва ҳамроҳларимиз билан хайрлашамиз», дедилар. Биз у киши билан чиқиб, баъзи устозлари кўмилган қабристонга бориб, уларни зиёрат қилдик. Улар ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиб, йиғладилар. Кейин тирик дўстларини зиёрат қилдилар. Сўнгра ўша куни Наво қишлоғига сафар қилдилар. Қуддусни ва Халил алайҳиссаломни ҳам зиёрат қилдилар. Сўнгра Наво қишлоғига қайтиб, оталари уйини зиёрат қилгач касалликка чалиндилар. Чоршанба куни, туннинг охирги учдан бирида, Ражаб ойининг 24-сида, 676-ҳижрий санада вафот топдилар. Қабрлари машҳур жойда, одамлар у ерни зиёрат қилишади.

Оила қариндошлари қабрлари устига қубба қуришни хоҳлашганида, аммаларининг тушларига кириб, иним ва жамоадагиларга айтинг, бундай қилишмасин, деб айтдилар. Қавми қариндошлар ҳар қачон қабр устига бирор бино қуришмоқчи бўлса ўша қуришган нарса бузилиб кетаверар эди. Охири бино қуришдан тўхташди. Фақат қабр атрофини ҳайвон ва бошқа нарсалар кирмаслиги учун тош билан ўраб қўйишди.

Аллоҳ у зотни раҳматига олиб, Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Ҳадис 919

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:48

919 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ عَادَ مَرِيضاً لَمْ يَحْضُرْ أَجَلُهُ، فَقَالَ عِنْدَهُ سَبْعَ مَرَّاتٍ: أَسْأَلُ اللهَ الْعَظِيمَ رَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ أَنْ يَشْفِيَكَ: إِلَّا عَافَاهُ اللهُ مِنْ ذَلِكَ الْمَرَضِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ، وَقَالَ الْحَاكِمُ: حَدِيثٌ صَحِيحٌ عَلَى شَرْطِ البُخَارِيِّ [د 3106، ت 2083 1/342].

 

  1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимки ажали етмаган беморни кўргани борса, етти марта «Ас‘алуллооҳал-ъазийма Роббал ъаршил азийми ан яшфияк»* деса, Аллоҳ унга ўша касалликдан офият беради».

 

* Маъноси: «Улуғ Аллоҳдан, улуғ Аршнинг Роббидан сенга шифо беришини сўрайман».

 

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар. Ҳоким Бухорийнинг шартига мувофиқ саҳиҳ ҳадис, дедилар.

 

Ҳадис 918

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:48

918 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ عُثْمَانَ بْنِ أَبِي العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَجَعاً يَجِدُهُ فِي جَسَدِهِ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «ضَعْ يَدَكَ عَلَى الَّذِي تَأْلَمُ مِنْ جَسَدِكَ وَقُلْ: بِسْمِ اللهِ ثَلَاثاً، وَقُلْ سَبْعَ مَرَّاتٍ: أَعُوذُ بِعِزَّةِ اللهِ وَقُدْرَتِهِ مِنْ شَرِّ مَا أَجِدُ وَأُحَاذِرُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2202].

 

  1. Абу Абдуллоҳ Усмон ибн Абул Осий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бу киши жасадига етган касалликдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Қўлингни танангдаги оғриётган жойга қўйиб, уч марта «Бисмиллаҳ» дегин, кейин етти марта «Аъузу биллааҳи ва қудротиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳаазир» дегин», дедилар.

 

* Маъноси: «Аллоҳ ва У Зотнинг қудрати билан безовта қилаётган ва безовта қилиши мумкин бўлган (дардларнинг) ёмонлигидан паноҳ сўрайман».

 Имом Муслим ривояти.

Ҳадис 917

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:47

917 - وَعَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: عَادَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «اللَّهُمَّ اشْفِ سَعْداً، اللَّهُمَّ اشْفِ سَعْداً، اللَّهُمْ اشْفِ سَعْداً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1628/8].

 

  1. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллигимда мени кўргани келиб:

«Аллоҳумма ишфи Саъдан, Аллоҳумма ишфи Саъдан, Аллоҳумма ишфи Саъдан» (Аллоҳим, Саъдга шифо бер), деб айтдилар».

 Имом Муслим ривояти.

Ҳадис 916

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:46

916 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ قَالَ لِثَابِتٍ رَحِمَهُ اللهُ: أَلَا أَرْقِيْكَ بِرُقْيَةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَ: بَلَى، قَالَ: اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ، مُذْهِبَ البَأْسِ؛ اشْفِ أَنْتَ الشَّافِي، لَا شَافِي إِلَّا أَنْتَ، شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَماً. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [5742].

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бу киши Собит роҳимаҳуллоҳга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам солиб ўқийдиган руқялари билан дам солайми?» десалар, у киши: «Ҳа», деди. Шунда Анас қуйидагиларни айтдилар:

«Аллоҳумма Раббан нас, музҳибал ба`си ишфи анта шафий, лаа шафий илла анта шифа`ан ла йуғодиру сақома».

(Маъноси: Аллоҳим, эй инсонлар Робби, зиённи кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо (бер)!).

 Имом Бухорий ривояти.

Ҳадис 915

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:46

915 – وَعَنْهَا رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَعُودُ بَعْضَ أَهْلِهِ، يَمْسَحُ بِيَدِهِ اليُمْنَى وَيَقُولُ: «اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ؛ أَذْهِبِ الْبَأْسَ، اشْفِ وَأَنْتَ الشَّافِي، لَا شِفَاءَ إِلَّا شِفَاؤُكَ، شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَماً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5743، م 2191].

 

  1. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи аҳлларини беморлигида кўргани келиб, ўнг қўллари билан силаб:

«Аллоҳумма Раббан нааси азҳибил ба`са ишфи ванташ шаафий лаа шифаа илла шифаука шифаан лаа йуғодиру сақома», деб айтар эдилар».

Маъноси: «Инсонларнинг Робби Аллоҳим! Зиённи кетказ! Бунга шифо бер, шифо берувчи Ўзингсан! Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ! Дард қолдирмайдиган шифо (бер!)»

2 - بَابُ مَا يُدْعَى بِهِ للْمَرِيضِ

2-боб

Бемор учун ўқиладиган нарсалар

 

914 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا اشْتَكَى الإِنْسَانُ الشَّيءَ مِنْهُ، أَوْ كَانَتْ بِهِ قَرْحَةٌ أَوْ جُرْحٌ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِإِصْبَعِهِ هَكَذَا - وَوَضَعَ سُفْيَانُ بْنُ عُيَيْنَةَ الرَّاوِي سَبَّابَتَهُ بِالأَرْضِ ثُمَّ رَفَعَهَا - وَقَالَ: «بِسْمِ اللهِ، تُربَةُ أَرْضِنَا، بِرِيقَةِ بَعْضِنَا، يُشْفَى بِهِ سَقِيمُنَا بِإِذْنِ رَبِّنَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5745، م 2194].

 

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир кишининг бирор дарддан шикоят қилса ёки ярами, жароҳатми бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундай қилиб, – Суфён шундай деб, саббобасини ерга қўйиб, сўнг кўтарди – «Бисмиллааҳ. Турбату арзина бирийқоти баъзина, лийушфа биҳи сақиймунаа, би изни Роббина» дер эдилар».

 

* Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Еримизнинг тупроғи, биримизнинг туфуги билан, Роббимизнинг изни ила беморимиз шифо топиши учун».

 Муттафақун алайҳ.

Ҳадис 913

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:30

913 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ غُلَامٌ يَهُودِيٌّ يَخْدُمُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَمَرِضَ، فَأَتَاهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَعُودُهُ، فَقَعَدَ عِنْدَ رَأْسِهِ فَقَالَ لَهُ: «أَسْلِمْ» فَنَظَرَ إِلَى أَبِيهِ وَهُوَ عِنْدَهُ؟ فَقَالَ: أَطِعْ أَبَا الْقَاسِمِ، فَأَسْلَمَ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: «الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَنْقَذَهُ مِنَ النَّارِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1356].

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир яҳудий бола Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиб юрар эди. У бетоб бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар. Бош тарафига ўтириб, унга: «Мусулмон бўл», дедилар. Шунда у ёнида турган отасига қаради. У: «Абулқосимга – соллаллоҳу алайҳи васаллам – итоат қил», деди. У мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқар эканлар: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар».

 Имом Бухорий ривояти.

Ҳадис 912

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:29

912 - وَعَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِماً غُدْوَةً إِلَّا صَلَّى عَلَيهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلَّا صَلَّى عَلَيهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [969].

«الخَرِيفُ»: الثَّمَرُ الْمَخْرُوفُ؛ أَي: الْمُجتَنَى.

 

  1. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бирор мусулмон бошқа бир мусулмоннинг беморлигида эрталаб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта саловот айтади. Агар кечқурун бемор кўрса, албатта, унга етмиш минг фаришта эрталабгача саловот айтади. Ҳамда унга жаннатда бир боғ бўлади», деганларини эшитганман».

 

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис дедилар.

Ҳадис 911

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:28

911 - وَعَنْ ثَوبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إنَّ  الْمُسْلِمَ إِذَا عَادَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ لَمْ يَزَلْ فِي خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ»، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ وَمَا خُرْفَةُ الْجَنَّةِ؟ قَالَ: «جَنَاهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2568/41].

 

  1. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон бошқа мусулмон биродарини (беморлик пайтида) кўришга борса, то қайтиб келгунича жаннат мевалари ичида бўлади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат мевалари нима?» дейишди. У зот: «Ҳосили», дедилар».

 Имом Муслим ривояти.

Ҳадис 910

Written by Friday, 01 Июль 2022 10:01

910 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «عُودُوا الْمَرِيضَ، وَأَطْعِمُوا الْجَائِعَ، وَفَكُّوا العَانِي». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [3046].

(العَاني): الأَسِيرُ.

 

  1. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Беморни бориб кўринг, очни тўйдиринг ва тутқунни – яъни асирни – озод қилинг», деб айтдилар.

 Имом Бухорий ривояти.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.