Риёзус солиҳийн шарҳи

Риёзус солиҳийн шарҳи (875)

Имом Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий Димашқий

 شرح

رياض الصالحين

تأليف: الإمام أبي زكريا يحيى بن شرف النووي الدمشقيّ

631 – 676 هـ

  

Риёзус солиҳийн шарҳи

 (Солиҳлар гулшани)

 

 Таржимон: Анвар Аҳмад

 Тошкент2021

Муаллиф ва унинг ушбу асари ҳақида

 

Шайх, имом, муҳаққиқ олим, ҳофизларнинг йўлбошчиси, авлиёларнинг байроқдори, кўплаб илм ва фанлар билимдони, манфаатли таснифотлар соҳиби, ўз жонини Аллоҳнинг дини нусрати учун тиккан, илм ва ибодат орасини жамлаган Аллоҳнинг ориф бандаларидан бири, парҳезкор, зоҳид, суннат ва динни тирилтирувчи Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф (ибн Муррий) ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Жумъа ибн Ҳизом ал-Ҳизомий ан-Нававий, Димашқий, Шофеъийдир.

Кунялари – Абу Закариё, лақаблари Муҳиддин. Аммо Аллоҳга тавозуъ қилиб, Муҳиддин деб лақабланишни кариҳ кўрганлар. Чунки дин доимий ҳаёт ва собит бўлган нарсадир, тирилтирувчи кишига муҳтож эмасдир, деб айтардилар. («Муҳиддин» – динни тирилтирувчи, деган маънони англатади.) Лаҳмий у зот ҳақида: «Мени Муҳиддин деб атайдиганларни дўст тутмайман, деб айтдилар», дейдилар.

Бу зот Димашқнинг қишлоқларидан бири Навода 631-ҳижрий сана, муҳаррам ойининг ўртасидаги ўн кунликда дунёга келдилар. Наво билан Димашқ ораси икки марҳаладан озроқ масофадир. Ҳозирги пайтда 100 км атрофида.

Имом Заҳабий тарих китобларида «Наво» сўзида вов ҳарфидан кейин алиф бўлмайди, аммо уни қўйиш ҳам жоиз, деб айтдилар.

Шайх Тожуддин Субкий имом Нававий «Дорул ҳадис ашрафийя»га бош мударрис этиб таъйинланганларида қуйидаги шеърни битиб, унда Наво сўзига вов ҳарфидан кейин алифни киритганлар.

 

Дорулҳадисда узоқ қолиб, унинг атрофида кезиб овунаман.

Кошки Навовий қадами теккан жойга юзим лўнжини текказурман.

 

Имом Нававийнинг оталари қуйидагича ҳикоя қилади.

Ўғлим Яҳё ёнимда ухлар эди. Ўшанда у етти ёшга етган эди. Рамазоннинг 27 кечаси эди. Тахминан туннинг ярми эди. У: «Эй отажон, ҳовлини тўлдириб юборган мана бу ёғду нима?» деб қолди. Мен ва оила аъзоларимиз уйғониб қарасак ҳеч нарса кўринмади. Билсак, ўша кеча қадр кечаси экан.

Марокуший айтади. Шайх Муҳиддинни Наво қишлоғида кўрдим. Ўшанда у 10 ёшда эди. Болалар уни бирга ўйин ўйнаш учун мажбурлашар эди. У эса, йиғлаб, улардан қочар эди. У шу ҳолатида ҳам Қуръон тиловат қилар эди. Ўшанда у менинг қалбимга кириб қолган эди. Отаси уни дўконга олиб борар, у эса, Қуръондан чалғитгани учун олди-сотдига машғул бўлмас эди. Мен унинг Қуръон устози олдига келиб: «Бу боладан келажакда ўз замонасининг забардаст олими ва зоҳиди бўлиши умид қилинади. Одамлар бундан ҳали кўп фойдаланади», деб насиҳат қилдим. У эса: «Сиз мунажжиммисиз?» деди. Мен: «Йўқ мунажжим эмасман, лекин Аллоҳ мени шундай гапиртирди», дедим. Буни отасига айтилган эди, оталари ўғилларини Қуръонни хатм қилишига кўп рағбат қилди. Ўшанда энди балоғатга етгандилар

Шайх Муҳйиддин айтдилар.

«Ёшим 18 га борганида отам мени 649-ҳижрий санада Димашққа олиб бордилар. Равоҳийя мадрасасида истиқомат қилдим. У ерда икки йил қолдим. Ўша давр мобайнида ерга ёнбағримни қўймадим. Озуқам мадрасадаги овқат бўлди. «Танбеҳ» китобини тўрт ярим ойда ёд олдим. «Муҳаззаб» китобидаги чорак ибодат қисмини ёд олдим. Шайхимиз, олим, зоҳид Камолиддин Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий Шофеъий китобларини шарҳлаб, тасҳиҳ қилиб, у кишини лозим тутган эдим. У киши илмга машғул бўлганимни, у кишини лозим тутганимни, одамларга қўшилмаслигимни кўргач мени қаттиқ яхши кўриб қолдилар. У киши ўтган дарсни аксар жамоаларга такрор қилиб беришимга таъйинладилар. 51-ҳижрий сана бўлганида, отам билан бирга ҳаж қилдим. Арафотда туриш жумага тўғри келган эди. Сафаримиз Ражаб ойининг аввалида бўлган эди. Мадинада икки ярим ой турдим».

Имом Нававийнинг дадалари айтадилар.

«Биз Наво қишлоғидан сафар қилгани чиққанимизда, Яҳёни шамоллаш тутди. То арафотга келгунича у касаллик аримади. Яҳё бесабрлик қилмади. Ҳаж амалларини бажариб, Наво қишлоғига ғам етиб келдик. Димашққа тушганида Аллоҳ унга илм ато қилган эди».

Имом Нававий айтдилар.

«Мен ҳар куни, ҳар турлик устозлардан 12 хил дарс ўрганар эдим. «Васит» китобидан иккита дарс, «Муҳаззаб» китобидан битта дарс, «ал-Жамъу байнас саҳиҳайн» китобидан битта дарс, «Саҳиҳул муслим»дан битта дарс, Ибн Жиннийнинг наҳв фанидаги «Лумаъ» китобидан битта дарс, Ибн Сиккитнинг луғатга оид «Ислаҳул мантиқ» китобидан битта дарс, сарфдан битта дарс, усулул фиқҳдан битта дарс, гоҳида Абу Исҳоқнинг «Лумаъ» китобидан, гоҳида Фахриддин Розийнинг «Мунтахаб» китобидан ва «Асмаур рижол»дан битта дарс, усулуд диндан битта дарс ўтардим. Бунга тааллуқли барча нарсаларга таълиқ ёзардим, мушкил жойларини шарҳлардим, ибораларни ёритар эдим, луғатларни зобт қилар эдим. Ундан ташқари «ар-Рофеъий»дан ҳам дарс ўқирдим. Аллоҳ таоло вақтим ва машғулотимга барака бериб, бунда менга ёрдам ато қилган эди. Бир гал тиб илмига қизиқишим ортиб қолиб «Қонун» китобини сотиб олдим. Шундан кейин қалбим қоронғулашиб қолди. Бир неча кун ҳеч қандай иш қила олмай қолдим. Ўша заҳоти у китобни сотиб юборган эдим, яна асл ҳолатимга қайтдим».

Имом Нававий машғулоти кўп, илм, ибодат ва тасниф сабаб тунда бедор бўлувчи киши эдилар. Йўлда ҳам вақтларини зое қилмасдилар. Баъзи уламолар бу кишини ҳаммомга кам кириши, кам овқат ейиши ва кам кийинишини кўриб, танбеҳ беришгани ва: «Бирор касалликка чалиниб, мақсадларингга эриша олмайсан», деб айтишганида, у зот: «Фалончи рўза тутиб, ҳатто суяклари кўкариб кетган экан», деб жавоб бердилар. Шундан кейин биз айтган нарсаларга у киши парво қилмаслиги билинди.

Баъзи ҳамроҳлари озуқаланиб олишлари учун бодринг пўстлоғини арчиб, узатишганида, у зот уни ейишдан бош тортдилар ва: «Танам намланиб, уйқуни жалб қилишидан қўрқаман», деб жавоб бердилар.

У зот кун бўйи емасдан фақат хуфтондан кейин озгина нарса еб олардилар. Саҳарда озгина сув ичиб олардилар. Димашқнинг мевасидан емасдилар. Бу ҳақда сўралганида у зот: «Чунки Димашқдаги аксар ерлар вақф ва ҳажр қилинган ерлардир. У ердаги нарсаларни фақат умумманфаат юзасидан тасарруф қилиш жоиз. Бу хусусда уламоларнинг ихтилофи бор. Ким жоиз деган бўлса ҳам етим-есир ва камбағалларнинг манфаати учунгина жоиз деган. Одамлар эса бу фатвонинг мингдан биригагина амал қилишади холос. Буни ейишга нафсим қандай шод бўлсин», дедилар.

У зот ўз қишлоқларидаги ота-оналари ҳузуридан келган нарсанигина ер эдилар. Бирор кишидан бирор нарсани қабул қилмасдилар. Фақат дини ва тақвоси ишончли бўлсагина ундан тановул қилардилар.

 

Иснавий айтдилар.

«Имом Нававий оила қурмаганлар. У зот яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарардилар. Ҳақ у киши учун ҳамма нарсадан устун эди. Подшоҳ ва амирларга ҳам тик боқа олардилар. Подшоҳ Зоҳир: «Мен имом Нававийдан қўрқар эдим», деб айтган».

Подшоҳ Зоҳир Бибрис билан бўлиб ўтган ҳодиса у зотнинг хулқларидаги ана шу қиррани очади. Малик Зоҳир бир фатвога имзо чекиш учун у зотни чақиртирди. Имом ҳазратлари бошларига кичиккина салла ўраб бордилар. Саллаларига қараб менсимасдан: «Эй шайх! Бу фатвога имзо чек», деди. Аммо Имом бош тортдилар. Подшоҳ ғазаб билан: «Нима учун?» деб сўради. Шунда Шайх ҳазратлари: «Бу фатвода оғирлик келтирувчи зулм бор», дедилар. Подшоҳ янада ғазабланиб: «Уни ҳамма вазифаларидан бўшатинглар», деб амр қилди. Аъёнлар эса: «Унда ҳеч қанақа вазифа йўқ», деб жавоб беришди. Сўнг подшоҳ қатл қилишни қасд қилди. Лекин унга Аллоҳ ниятини амалга оширишга журъат бермади. «Нега ўлдирмадингиз, бунақа вазият бошқа бўлмайди?» дейишганида, подшоҳ: «Аллоҳга қасамки, унинг важоҳати мени қўрқитиб юборди», деб жавоб берди.

Бу иш Аллоҳнинг фазлидир. Уни солиҳ бандаларидан хоҳлаганига беради.

Имом Нававий икки марта ҳаж қилганлар. Шайх Шиҳобиддин Абу Шомадан кейин Ашрафийя номли дорул ҳадисга бош мударрис этиб таъйинланганлар. То вафот этгунларига қадар у ердан маош олмаганлар. У зот пахтадан тўқилган кийим ва Сахтиёнийя салласини кияр эдилар. Соқолларида оқ туклар бўлиб, ўзлари фақиҳлар билан бўладиган баҳсларда сокин ва виқорда бўлардилар.

Шайх Валийюддин Абулҳасан Алий айтдилар. Мен оёғимда яллиғланиш сабаб бемор эдим. Имом Нававий мени зиёрат қилиб кўргани келдилар. Ҳузуримда ўтиргач сабр ҳақида гапира бошладилар. Гапирганлари сари оз-оздан оғриқ кета бошлади. У зот гапиришда давом этдилар, охири бориб ҳеч оғримагандек оғриқдан ҳеч бир асорат қолмади. Бундан аввал оғриқ қаттиқлигидан тунда ухлай олмай қолган эдим. Билдимки, оғриқни барҳам топиши у зотнинг баракотлари сабаб эди.

 

Имом Нававий жуда кўп китоб тасниф этганлар. Мисол тариқасида уларнинг баъзисини келтириб ўтамиз.

  1. Шарҳи Саҳиҳи Муслим. 2. Иршод. 3. Тақриб ва Тайсийр фий маърифати сунанил Башийр ан-Назийр. 4. Таҳзийбул асмо вал луғот. 5. Ат-Тибйон фий одоби ҳамлатил Қуръон. 6. Минҳожи ат-Толибийн. 7. Бустонил орифийн лин-Нававий. 8. Хулосатул аҳком фий муҳиммоти сунани ва қавоидил ислом. 9. Равзатут толибийн ва умдатул муфтийн. 10. Шарҳул муҳаззаб. 11. Ал- Азкор мин калами саййидил аброр. 12. Арбаъийн. 13. Ийжоз. 14. Жомиъус-Сунна. 15. Мухтасару Усдул ғоба. 16. Ваттархис фил қиёми лиаҳлил фазл. 17. Ва таҳрийри алфози танбеҳ. 18. Вал-фатово. 19. Ийзоҳ. 20. Риёзус солиҳийн (қўлингиздаги ушбу китоб).

Қуйидаги суннат китобларини шайхларидан эшитганлар: 1. Жомиъ ас-саҳиҳ ал-Бухорий. 2. Саҳиҳи Муслим. 3. Сунани Абу Довуд. 4. Жомиъут Термизий 5. Сунани Ибн Можа. 6. Сунани Насаий. 7. Муватто Молик. 8. Муснади Шофеъий. 9. Муснади Аҳмад. 10. Муснади Дорамий. 11. Муснади Абу Яъло. 12. Саҳиҳи Абу Авона. 13. Сунани Байҳақий. 14. Шарҳи сунна лил Бағавий. 15. Амалул йавм вал лайла ли Ибн Сунний. 16. Ал-жомиъ ли одобир ровий вас сомиъ лилхатиб Бағдодий. 17. Ансоб ли Зубайр ибн Баккор.

Дамашқда истиқомат қилганларида фиқҳ, ҳадис, усул каби ҳар турли илмларни қуйидаги устозлардан таълим олганлар:

  1. Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон ал-Мағрибий.
  2. Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қудома Мақдисий ал-Ҳанбалий.
  3. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Нуҳ Мақдисий Димашқий.
  4. Абу Ҳафс Умар ибн Асъад ибн Абу Fолиб Рубъий ал-Ирбилий.
  5. Абул Ҳасан Саллор ибн Ҳасан Ирбилий Димашқий.
  6. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Умар ал-Воситий («Саҳиҳи Муслим»ни шу кишидан эшитганлар).
  7. Абул Бақо Холид ибн Юсуф ибн Саъд Нобилисий.
  8. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исо ал-Муродий ал-Андалусий.
  9. Имомул муҳаддис Зиё ибн Таммом Ҳанафий.
  10. Шайх Абул Аббос Аҳмад ибн Солим Мисрий Наҳвий ал-Луғавий.
  11. Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Молик Жаййаний.
  12. Қози Абул Фатҳ Умар ибн Бандор ибн Умар ибн Али Тафлисий.
  13. Абул Аббос Аҳмад ибн Абдуддоим Мақдисий.
  14. Абул Фараж Абдураҳмон ибн Шайх.
  15. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Солим Абу Яҳё Анборий.
  16. Абу Муҳаммад Исмоил ибн Иброҳим ат-Тануҳий.
  17. Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Абу Абдуллоҳ Абдул Муҳсин Ансорий.
  18. Аллома Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил Дамашқий.
  19. Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Бодироний Боғдодий.
  20. Қози Имодуддин Абул Фозил Абдулкарим ибн Абдуссамад Хиристоний.
  21. Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Фикрий.
  22. Абу Закариё Яҳё ибн Абулфатҳ Хироний Сайруфий.

 

Энг яқин шогирдлари аллома Алоуддин ибн Аттор зикр қилишларича, баъзи солиҳлар имом Нававийни тушида қутблардан бири эканларини кўрган экан. Ўзларидан бу нарсани очиқлашни сўрашганида, у зот яширган эканлар. Валлоҳу аълам!

Мен вафот топишларидан чамаси икки ой олдин ўтирган эдим, бир фақиҳ келиб, ҳузурларига кирдида: «Фалончи шайх сизга салом айтди ва мана бу кўзачани мендан бериб юборди», деди. Имом Нававий уни қабул қилдилар ва уни менга бериб, эҳтиёжлар турадиган жойга қўйишимни буюрдилар. Уни қабул этганларидан таажжубга тушсам, мендаги таажжубни ҳис қилиб: «Менга баъзи камбағаллар баланд пошналик этик ва мана бу кўзани жўнатишибди. Бу сафар қуролларидир», дедилар. Озгина кун ўтгач яна ҳузурларида турсам у зот: «Мен учун сафар қилишга изн берилди», дедилар. Мен: «Қанақасига сизга изн берилди?» десам, у зот: «Бир пайт мен шу ерда, (яъни Равоҳийя мадрасасидаги хонамда) ўтирган эдим, очиқ ҳавода бир шахс ўтиб қолди. Олд тарафида нур таратувчи ёруғлик, қиблага юзланган ҳолда мадрасанинг ғарбидан шарқига ишора қилиб: «Байтул мақдиснинг зиёрати учун ўрнингдан тур, деб айтди», дедилар. Мен имом Нававийнинг ушбу сўзларини ибодат сафарига йўйдим. Қарасам у ҳақиқий сафар экан. Сўнгра имом Нававий менга: «Қани ўрнингдан турчи, яқинларимиз ва ҳамроҳларимиз билан хайрлашамиз», дедилар. Биз у киши билан чиқиб, баъзи устозлари кўмилган қабристонга бориб, уларни зиёрат қилдик. Улар ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиб, йиғладилар. Кейин тирик дўстларини зиёрат қилдилар. Сўнгра ўша куни Наво қишлоғига сафар қилдилар. Қуддусни ва Халил алайҳиссаломни ҳам зиёрат қилдилар. Сўнгра Наво қишлоғига қайтиб, оталари уйини зиёрат қилгач касалликка чалиндилар. Чоршанба куни, туннинг охирги учдан бирида, Ражаб ойининг 24-сида, 676-ҳижрий санада вафот топдилар. Қабрлари машҳур жойда, одамлар у ерни зиёрат қилишади.

Оила қариндошлари қабрлари устига қубба қуришни хоҳлашганида, аммаларининг тушларига кириб, иним ва жамоадагиларга айтинг, бундай қилишмасин, деб айтдилар. Қавми қариндошлар ҳар қачон қабр устига бирор бино қуришмоқчи бўлса ўша қуришган нарса бузилиб кетаверар эди. Охири бино қуришдан тўхташди. Фақат қабр атрофини ҳайвон ва бошқа нарсалар кирмаслиги учун тош билан ўраб қўйишди.

Аллоҳ у зотни раҳматига олиб, Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

2 - بَابٌ لَا يَعِيبُ الطَّعَامَ، وَاسْتِحْبَابُ مَدْحِهِ

2-боб

Таомни айбламасдан, уни мақташнинг маҳбублиги ҳақида

 

748 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «مَا عَابَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ طَعَاماً قَطُّ، إِنِ اشْتَهَاهُ أَكَلَهُ، وَإِنْ كَرِهَهُ تَرَكَهُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5409، م 2064].

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон таомни айбламаганлар. Иштаҳалари тортса, ердилар, ёқтирмасалар, тарк қилардилар».

 Муттафақун алайҳ.

Ҳадис 747

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:30

747 - وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَكَلَ طَعَاماً فَقَالَ: اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَطْعَمَنِي هَذَا، وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلَا قُوَّةٍ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 4023، ت 3458].

 

  1. Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир таом еб, кейин «Алҳамду лиллааҳиллазии атъамании ҳаазаа ва розақонииҳи мин ғойри ҳавлин миннии ва лаа қувва»* деса, аввалги гуноҳлари мағфират қилинади».

 * Маъноси: «Буни менга едирган ва мендан ҳеч қандай куч-қувватсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».

 

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий буни ҳасан ҳадис, деди.

Ҳадис 746

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:12

746 - وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا رَفَعَ مَائِدَتَهُ قَالَ: «اَلْحَمْدُ للهِ كَثِيراً طَيِّباً مُبَارَكاً فِيهِ، غَيْرَ مَكْفِيٍّ، وَلَا مُسْتَغْنًى عَنْهُ رَبُّنَا». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [5458].

 

  1. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дастурхонлари олинаётганда «Аллоҳга кўп, пок, муборак, кифояланилмайдиган, ташлаб қўйилмайдиган, беҳожат бўлинмайдиган ҳамд бўлсин. (Эй) Роббимиз!» дер эдилар».

 Имом Бухорий ривояти.

Ҳадис 745

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:10

 745 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ طَعَاماً فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ، فَجَاءَ أَعْرَابِيٌ، فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى لَكَفَاكُمْ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [1858].

 

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан олтитаси билан овқатланаётган эдилар. Бир аъробий келиб, ўша овқатдан икки луқма билан ҳаммасини еб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у Аллоҳнинг исмини зикр қилганида, сизларга кифоя қилар эди», дедилар.

 

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис деган.

Ҳадис 744

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:09

744 - وَعَنْ أُمَيَّةَ بْنِ مَخْشِيٍّ الصَّحَابيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ جَالِساً، وَرَجُلٌ يَأْكُلُ، فَلَمْ يُسَمِّ اللهَ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيْهِ، قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ قَالَ: «مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالنَّسَائِيُّ [د 3768، سك 6725].

 

  1. Умайя ибн Махший саҳобий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар, бир киши овқатланаётган эди. У таомидан бир луқма қолгунича Аллоҳнинг исмини зикр қилмади. Кейин ўша луқмани оғзига солаётиб, «Бисмиллааҳи аввалаҳу ва аахироҳу», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар-да, сўнг: «Шайтон у билан бирга еяётган эди, у Аллоҳнинг исмини зикр қилган эди, қорнидагини қайт қилиб юборди», дедилар».

 

Абу Довуд ва Насаий ривояти.

Ҳадис 743

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:04

743 - وَعَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا إِذَا حَضَرْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ طَعَاماً، لَمْ نَضَعْ أَيْدِينَا حَتَّى يَبْدَأَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَيَضَعَ يَدَهُ، وَإِنَّا حَضَرْنَا مَعَهُ مَرَّةً طَعَاماً، فَجَاءَتْ جَارِيَةٌ كَأَنَّهَا تُدْفَعُ، فَذَهَبَتْ لِتَضَعَ يَدَهَا فِي الطَّعَامِ، فَأَخَذَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهَا، ثُمَّ جَاءَ أَعْرَابِيٌّ كَأَنَّمَا يُدْفَعُ، فَأَخَذَ بِيَدِهِ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الشَّيْطَانَ يَسْتَحِلُّ الطَّعَامَ أَلَّا يُذْكَرَ اسْمُ اللهِ تَعَالَى عَلَيهِ؛ وَإِنَّهُ جَاءَ بِهَذِهِ الجَارِيَةِ لِيَسْتَحِلَّ بِهَا، فَأَخَذْتُ بِيَدِهَا، فَجَاءَ بِهَذَا الأَعْرَابِيِّ لِيَسْتَحِلَّ بِهِ، فَأَخَذْتُ بِيَدِهِ، وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ إِنَّ يَدَهُ فِي يَدِي مَعَ يَدِهِمَا» ثُمَّ ذَكَرَ اسْمَ اللهِ تَعَالَى وَأَكَلَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2017].

 

  1.  Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан бирга таом есак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлаб, қўл узатмагунларича биз қўл узатмас эдик. Бир сафар у зот билан бирга таомга ҳозир бўлган эдик, бир қизча худди биров қувгандек (шошиб) келди-да, қўлини таомга узатмоқчи бўлган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб қолдилар. Кейин бир аъробий худди биров қувгандек (шошиб) келган эди, у зот унинг ҳам қўлидан тутиб қолдилар-да, шундай дедилар: «Шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол қилиб олади. У (таомни) ўзига ҳалол қилиб олиш учун мана бу қизчани олиб келган эди, унинг қўлидан тутиб қолдим. Сўнг уни ўзига ҳалол қилиб олиш учун мана бу аъробийни олиб келган эди, унинг ҳам қўлидан тутиб қолдим. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг (шайтоннинг) қўли бунинг (қизчанинг) қўли билан бирга менинг қўлимда (тўхтаб қолди). Сўнг у зот Аллоҳнинг исмини айтиб едилар».

 Имом Муслим ривояти.

Ҳадис 742

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:04

742 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ، فَذَكَرَ اللهَ تَعَالَى عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ، قَالَ الشَّيْطَانُ: لَا مَبِيتَ لَكُمْ وَلَا عَشَاءَ، وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللهَ تَعَالَى عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ: أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ، وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللهَ تَعَالَى عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ: أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالعَشَاءَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2018].

 

  1. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Киши уйига кирса, кираётганда ва таомланаётганда Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизлар учун тунаш жойи ҳам, егулик ҳам йўқ», дейди. Уйига кираётганда Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Тунаш жойи топдингиз», дейди. Таомланаётганда Аллоҳни зикр қилмаса, «Тунаш жойи ҳам, егулик ҳам топдингиз», дейди».

 Имом Муслим ривояти.

Ҳадис 741

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:03

741 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ تَعَالَى، فَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ تَعَالَى فِي أَوَّلِهِ، فَلْيَقُلْ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ، وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 3767، ت 1858].

 

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Аллоҳнинг исмини аввалида зикр қилишни унутса, «Бисмиллааҳи аввалаҳу ва аахироҳу»* десин», дедилар».

 * Маъноси: «Аввалида ҳам, охирида ҳам Аллоҳнинг исми ила».

 

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий уни ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.

 2-كِتَابُ أَدَبِ الطَّعَامِ

 2-Таом одоблари китоби

 1- بَابُ التَّسْمِيَةِ فِي أَوَّلِهِ وَالحَمْدُ فِي آخِرِهِ

 

1-боб

Таомнинг аввалида «Бисмиллаҳ» ва охирида «Алҳамдулиллаҳ» деб айтиш хусусида

 

740 - عَنْ عُمَرَ بْنِ أَبِي سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «سَمِّ اللهَ، وَكُلْ بِيَمِيْنِكَ، وَكُلْ مِمَّا يَلِيْكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5376، م 2022 وسبق برقم 306].

 

  1. Умар ибн Абу Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Аллоҳнинг исмини айт, ўнг қўлинг билан егин ва олдингдан егин!» дедилар.

 Муттафақун алайҳ.

Ҳадис 739

Written by Tuesday, 17 Май 2022 16:01

739 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَتَى مِنًى؛ فَأَتَى الجَمْرةَ فَرَمَاهَا، ثُمَّ أَتَى مَنْزِلَهُ بِمنًى، وَنَحَرَ، ثُمَّ قَالَ للِحَلَّاقِ: «خُذْ» وَأَشَارَ إِلَى جَانِبِهِ الأَيْمَنِ، ثُمَّ الأَيْسَرِ ثُمَّ جَعَلَ يُعْطِيْهِ النَّاسَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 171، م 1305].

وَفِي رِوَايَةٍ: لَمَّا رَمَى الجَمْرةَ وَنَحَرَ نُسُكَهُ وَحَلَقَ نَاوَلَ الْحَلَّاقَ شِقَّهُ الأَيْمَنَ فَحَلَقَهُ، ثُمَّ دَعَا أَبَا طَلْحَةَ الأَنْصَارِيَّ فَأَعْطَاهُ إِيَّاهُ، ثُمَّ نَاوَلَهُ الشِّقَّ الأَيْسَرَ فَقَالَ: «احْلِقْ» فَحَلَقَهُ فَأَعْطَاهُ أَبَا طَلْحَةَ فَقَالَ: «اقْسِمْهُ بَيْنَ النَّاسِ» [م 1305/326].

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Минога келдилар­да, Жамрага келиб, унга тош отдилар. Кейин Минодаги манзилларига келиб, жонлиқ сўйдилар. Кейин сартарошга «Ол» деб, ўнг ёнларига, кейин чап ёнларига ишора қилдилар. Сўнгра уни (сочни) одамларга бера бошладилар».

 Муттафақун алайҳ.

 

Бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамрага тош отиб бўлгач, қурбонликларини сўйдилар ва соч олдирдилар. Сартарошга ўнг томонларини тутдилар, у уни (ўша тарафдаги сочларини) олди. Сўнг Абу Талҳа Ансорийни чақириб, уни (сочни) унга бердилар. Сўнгра чап томонларини тутиб, «Ол», дедилар, (сартарош) уни ҳам олди. Уни ҳам Абу Талҳага бериб, «Буни одамларга тақсимлаб бер», дедилар».

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.