Риёзус солиҳийн шарҳи

Риёзус солиҳийн шарҳи (875)

Имом Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий Димашқий

 شرح

رياض الصالحين

تأليف: الإمام أبي زكريا يحيى بن شرف النووي الدمشقيّ

631 – 676 هـ

  

Риёзус солиҳийн шарҳи

 (Солиҳлар гулшани)

 

 Таржимон: Анвар Аҳмад

 Тошкент2021

Муаллиф ва унинг ушбу асари ҳақида

 

Шайх, имом, муҳаққиқ олим, ҳофизларнинг йўлбошчиси, авлиёларнинг байроқдори, кўплаб илм ва фанлар билимдони, манфаатли таснифотлар соҳиби, ўз жонини Аллоҳнинг дини нусрати учун тиккан, илм ва ибодат орасини жамлаган Аллоҳнинг ориф бандаларидан бири, парҳезкор, зоҳид, суннат ва динни тирилтирувчи Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф (ибн Муррий) ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Жумъа ибн Ҳизом ал-Ҳизомий ан-Нававий, Димашқий, Шофеъийдир.

Кунялари – Абу Закариё, лақаблари Муҳиддин. Аммо Аллоҳга тавозуъ қилиб, Муҳиддин деб лақабланишни кариҳ кўрганлар. Чунки дин доимий ҳаёт ва собит бўлган нарсадир, тирилтирувчи кишига муҳтож эмасдир, деб айтардилар. («Муҳиддин» – динни тирилтирувчи, деган маънони англатади.) Лаҳмий у зот ҳақида: «Мени Муҳиддин деб атайдиганларни дўст тутмайман, деб айтдилар», дейдилар.

Бу зот Димашқнинг қишлоқларидан бири Навода 631-ҳижрий сана, муҳаррам ойининг ўртасидаги ўн кунликда дунёга келдилар. Наво билан Димашқ ораси икки марҳаладан озроқ масофадир. Ҳозирги пайтда 100 км атрофида.

Имом Заҳабий тарих китобларида «Наво» сўзида вов ҳарфидан кейин алиф бўлмайди, аммо уни қўйиш ҳам жоиз, деб айтдилар.

Шайх Тожуддин Субкий имом Нававий «Дорул ҳадис ашрафийя»га бош мударрис этиб таъйинланганларида қуйидаги шеърни битиб, унда Наво сўзига вов ҳарфидан кейин алифни киритганлар.

 

Дорулҳадисда узоқ қолиб, унинг атрофида кезиб овунаман.

Кошки Навовий қадами теккан жойга юзим лўнжини текказурман.

 

Имом Нававийнинг оталари қуйидагича ҳикоя қилади.

Ўғлим Яҳё ёнимда ухлар эди. Ўшанда у етти ёшга етган эди. Рамазоннинг 27 кечаси эди. Тахминан туннинг ярми эди. У: «Эй отажон, ҳовлини тўлдириб юборган мана бу ёғду нима?» деб қолди. Мен ва оила аъзоларимиз уйғониб қарасак ҳеч нарса кўринмади. Билсак, ўша кеча қадр кечаси экан.

Марокуший айтади. Шайх Муҳиддинни Наво қишлоғида кўрдим. Ўшанда у 10 ёшда эди. Болалар уни бирга ўйин ўйнаш учун мажбурлашар эди. У эса, йиғлаб, улардан қочар эди. У шу ҳолатида ҳам Қуръон тиловат қилар эди. Ўшанда у менинг қалбимга кириб қолган эди. Отаси уни дўконга олиб борар, у эса, Қуръондан чалғитгани учун олди-сотдига машғул бўлмас эди. Мен унинг Қуръон устози олдига келиб: «Бу боладан келажакда ўз замонасининг забардаст олими ва зоҳиди бўлиши умид қилинади. Одамлар бундан ҳали кўп фойдаланади», деб насиҳат қилдим. У эса: «Сиз мунажжиммисиз?» деди. Мен: «Йўқ мунажжим эмасман, лекин Аллоҳ мени шундай гапиртирди», дедим. Буни отасига айтилган эди, оталари ўғилларини Қуръонни хатм қилишига кўп рағбат қилди. Ўшанда энди балоғатга етгандилар

Шайх Муҳйиддин айтдилар.

«Ёшим 18 га борганида отам мени 649-ҳижрий санада Димашққа олиб бордилар. Равоҳийя мадрасасида истиқомат қилдим. У ерда икки йил қолдим. Ўша давр мобайнида ерга ёнбағримни қўймадим. Озуқам мадрасадаги овқат бўлди. «Танбеҳ» китобини тўрт ярим ойда ёд олдим. «Муҳаззаб» китобидаги чорак ибодат қисмини ёд олдим. Шайхимиз, олим, зоҳид Камолиддин Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий Шофеъий китобларини шарҳлаб, тасҳиҳ қилиб, у кишини лозим тутган эдим. У киши илмга машғул бўлганимни, у кишини лозим тутганимни, одамларга қўшилмаслигимни кўргач мени қаттиқ яхши кўриб қолдилар. У киши ўтган дарсни аксар жамоаларга такрор қилиб беришимга таъйинладилар. 51-ҳижрий сана бўлганида, отам билан бирга ҳаж қилдим. Арафотда туриш жумага тўғри келган эди. Сафаримиз Ражаб ойининг аввалида бўлган эди. Мадинада икки ярим ой турдим».

Имом Нававийнинг дадалари айтадилар.

«Биз Наво қишлоғидан сафар қилгани чиққанимизда, Яҳёни шамоллаш тутди. То арафотга келгунича у касаллик аримади. Яҳё бесабрлик қилмади. Ҳаж амалларини бажариб, Наво қишлоғига ғам етиб келдик. Димашққа тушганида Аллоҳ унга илм ато қилган эди».

Имом Нававий айтдилар.

«Мен ҳар куни, ҳар турлик устозлардан 12 хил дарс ўрганар эдим. «Васит» китобидан иккита дарс, «Муҳаззаб» китобидан битта дарс, «ал-Жамъу байнас саҳиҳайн» китобидан битта дарс, «Саҳиҳул муслим»дан битта дарс, Ибн Жиннийнинг наҳв фанидаги «Лумаъ» китобидан битта дарс, Ибн Сиккитнинг луғатга оид «Ислаҳул мантиқ» китобидан битта дарс, сарфдан битта дарс, усулул фиқҳдан битта дарс, гоҳида Абу Исҳоқнинг «Лумаъ» китобидан, гоҳида Фахриддин Розийнинг «Мунтахаб» китобидан ва «Асмаур рижол»дан битта дарс, усулуд диндан битта дарс ўтардим. Бунга тааллуқли барча нарсаларга таълиқ ёзардим, мушкил жойларини шарҳлардим, ибораларни ёритар эдим, луғатларни зобт қилар эдим. Ундан ташқари «ар-Рофеъий»дан ҳам дарс ўқирдим. Аллоҳ таоло вақтим ва машғулотимга барака бериб, бунда менга ёрдам ато қилган эди. Бир гал тиб илмига қизиқишим ортиб қолиб «Қонун» китобини сотиб олдим. Шундан кейин қалбим қоронғулашиб қолди. Бир неча кун ҳеч қандай иш қила олмай қолдим. Ўша заҳоти у китобни сотиб юборган эдим, яна асл ҳолатимга қайтдим».

Имом Нававий машғулоти кўп, илм, ибодат ва тасниф сабаб тунда бедор бўлувчи киши эдилар. Йўлда ҳам вақтларини зое қилмасдилар. Баъзи уламолар бу кишини ҳаммомга кам кириши, кам овқат ейиши ва кам кийинишини кўриб, танбеҳ беришгани ва: «Бирор касалликка чалиниб, мақсадларингга эриша олмайсан», деб айтишганида, у зот: «Фалончи рўза тутиб, ҳатто суяклари кўкариб кетган экан», деб жавоб бердилар. Шундан кейин биз айтган нарсаларга у киши парво қилмаслиги билинди.

Баъзи ҳамроҳлари озуқаланиб олишлари учун бодринг пўстлоғини арчиб, узатишганида, у зот уни ейишдан бош тортдилар ва: «Танам намланиб, уйқуни жалб қилишидан қўрқаман», деб жавоб бердилар.

У зот кун бўйи емасдан фақат хуфтондан кейин озгина нарса еб олардилар. Саҳарда озгина сув ичиб олардилар. Димашқнинг мевасидан емасдилар. Бу ҳақда сўралганида у зот: «Чунки Димашқдаги аксар ерлар вақф ва ҳажр қилинган ерлардир. У ердаги нарсаларни фақат умумманфаат юзасидан тасарруф қилиш жоиз. Бу хусусда уламоларнинг ихтилофи бор. Ким жоиз деган бўлса ҳам етим-есир ва камбағалларнинг манфаати учунгина жоиз деган. Одамлар эса бу фатвонинг мингдан биригагина амал қилишади холос. Буни ейишга нафсим қандай шод бўлсин», дедилар.

У зот ўз қишлоқларидаги ота-оналари ҳузуридан келган нарсанигина ер эдилар. Бирор кишидан бирор нарсани қабул қилмасдилар. Фақат дини ва тақвоси ишончли бўлсагина ундан тановул қилардилар.

 

Иснавий айтдилар.

«Имом Нававий оила қурмаганлар. У зот яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарардилар. Ҳақ у киши учун ҳамма нарсадан устун эди. Подшоҳ ва амирларга ҳам тик боқа олардилар. Подшоҳ Зоҳир: «Мен имом Нававийдан қўрқар эдим», деб айтган».

Подшоҳ Зоҳир Бибрис билан бўлиб ўтган ҳодиса у зотнинг хулқларидаги ана шу қиррани очади. Малик Зоҳир бир фатвога имзо чекиш учун у зотни чақиртирди. Имом ҳазратлари бошларига кичиккина салла ўраб бордилар. Саллаларига қараб менсимасдан: «Эй шайх! Бу фатвога имзо чек», деди. Аммо Имом бош тортдилар. Подшоҳ ғазаб билан: «Нима учун?» деб сўради. Шунда Шайх ҳазратлари: «Бу фатвода оғирлик келтирувчи зулм бор», дедилар. Подшоҳ янада ғазабланиб: «Уни ҳамма вазифаларидан бўшатинглар», деб амр қилди. Аъёнлар эса: «Унда ҳеч қанақа вазифа йўқ», деб жавоб беришди. Сўнг подшоҳ қатл қилишни қасд қилди. Лекин унга Аллоҳ ниятини амалга оширишга журъат бермади. «Нега ўлдирмадингиз, бунақа вазият бошқа бўлмайди?» дейишганида, подшоҳ: «Аллоҳга қасамки, унинг важоҳати мени қўрқитиб юборди», деб жавоб берди.

Бу иш Аллоҳнинг фазлидир. Уни солиҳ бандаларидан хоҳлаганига беради.

Имом Нававий икки марта ҳаж қилганлар. Шайх Шиҳобиддин Абу Шомадан кейин Ашрафийя номли дорул ҳадисга бош мударрис этиб таъйинланганлар. То вафот этгунларига қадар у ердан маош олмаганлар. У зот пахтадан тўқилган кийим ва Сахтиёнийя салласини кияр эдилар. Соқолларида оқ туклар бўлиб, ўзлари фақиҳлар билан бўладиган баҳсларда сокин ва виқорда бўлардилар.

Шайх Валийюддин Абулҳасан Алий айтдилар. Мен оёғимда яллиғланиш сабаб бемор эдим. Имом Нававий мени зиёрат қилиб кўргани келдилар. Ҳузуримда ўтиргач сабр ҳақида гапира бошладилар. Гапирганлари сари оз-оздан оғриқ кета бошлади. У зот гапиришда давом этдилар, охири бориб ҳеч оғримагандек оғриқдан ҳеч бир асорат қолмади. Бундан аввал оғриқ қаттиқлигидан тунда ухлай олмай қолган эдим. Билдимки, оғриқни барҳам топиши у зотнинг баракотлари сабаб эди.

 

Имом Нававий жуда кўп китоб тасниф этганлар. Мисол тариқасида уларнинг баъзисини келтириб ўтамиз.

  1. Шарҳи Саҳиҳи Муслим. 2. Иршод. 3. Тақриб ва Тайсийр фий маърифати сунанил Башийр ан-Назийр. 4. Таҳзийбул асмо вал луғот. 5. Ат-Тибйон фий одоби ҳамлатил Қуръон. 6. Минҳожи ат-Толибийн. 7. Бустонил орифийн лин-Нававий. 8. Хулосатул аҳком фий муҳиммоти сунани ва қавоидил ислом. 9. Равзатут толибийн ва умдатул муфтийн. 10. Шарҳул муҳаззаб. 11. Ал- Азкор мин калами саййидил аброр. 12. Арбаъийн. 13. Ийжоз. 14. Жомиъус-Сунна. 15. Мухтасару Усдул ғоба. 16. Ваттархис фил қиёми лиаҳлил фазл. 17. Ва таҳрийри алфози танбеҳ. 18. Вал-фатово. 19. Ийзоҳ. 20. Риёзус солиҳийн (қўлингиздаги ушбу китоб).

Қуйидаги суннат китобларини шайхларидан эшитганлар: 1. Жомиъ ас-саҳиҳ ал-Бухорий. 2. Саҳиҳи Муслим. 3. Сунани Абу Довуд. 4. Жомиъут Термизий 5. Сунани Ибн Можа. 6. Сунани Насаий. 7. Муватто Молик. 8. Муснади Шофеъий. 9. Муснади Аҳмад. 10. Муснади Дорамий. 11. Муснади Абу Яъло. 12. Саҳиҳи Абу Авона. 13. Сунани Байҳақий. 14. Шарҳи сунна лил Бағавий. 15. Амалул йавм вал лайла ли Ибн Сунний. 16. Ал-жомиъ ли одобир ровий вас сомиъ лилхатиб Бағдодий. 17. Ансоб ли Зубайр ибн Баккор.

Дамашқда истиқомат қилганларида фиқҳ, ҳадис, усул каби ҳар турли илмларни қуйидаги устозлардан таълим олганлар:

  1. Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон ал-Мағрибий.
  2. Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қудома Мақдисий ал-Ҳанбалий.
  3. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Нуҳ Мақдисий Димашқий.
  4. Абу Ҳафс Умар ибн Асъад ибн Абу Fолиб Рубъий ал-Ирбилий.
  5. Абул Ҳасан Саллор ибн Ҳасан Ирбилий Димашқий.
  6. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Умар ал-Воситий («Саҳиҳи Муслим»ни шу кишидан эшитганлар).
  7. Абул Бақо Холид ибн Юсуф ибн Саъд Нобилисий.
  8. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исо ал-Муродий ал-Андалусий.
  9. Имомул муҳаддис Зиё ибн Таммом Ҳанафий.
  10. Шайх Абул Аббос Аҳмад ибн Солим Мисрий Наҳвий ал-Луғавий.
  11. Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Молик Жаййаний.
  12. Қози Абул Фатҳ Умар ибн Бандор ибн Умар ибн Али Тафлисий.
  13. Абул Аббос Аҳмад ибн Абдуддоим Мақдисий.
  14. Абул Фараж Абдураҳмон ибн Шайх.
  15. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Солим Абу Яҳё Анборий.
  16. Абу Муҳаммад Исмоил ибн Иброҳим ат-Тануҳий.
  17. Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Абу Абдуллоҳ Абдул Муҳсин Ансорий.
  18. Аллома Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил Дамашқий.
  19. Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Бодироний Боғдодий.
  20. Қози Имодуддин Абул Фозил Абдулкарим ибн Абдуссамад Хиристоний.
  21. Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Фикрий.
  22. Абу Закариё Яҳё ибн Абулфатҳ Хироний Сайруфий.

 

Энг яқин шогирдлари аллома Алоуддин ибн Аттор зикр қилишларича, баъзи солиҳлар имом Нававийни тушида қутблардан бири эканларини кўрган экан. Ўзларидан бу нарсани очиқлашни сўрашганида, у зот яширган эканлар. Валлоҳу аълам!

Мен вафот топишларидан чамаси икки ой олдин ўтирган эдим, бир фақиҳ келиб, ҳузурларига кирдида: «Фалончи шайх сизга салом айтди ва мана бу кўзачани мендан бериб юборди», деди. Имом Нававий уни қабул қилдилар ва уни менга бериб, эҳтиёжлар турадиган жойга қўйишимни буюрдилар. Уни қабул этганларидан таажжубга тушсам, мендаги таажжубни ҳис қилиб: «Менга баъзи камбағаллар баланд пошналик этик ва мана бу кўзани жўнатишибди. Бу сафар қуролларидир», дедилар. Озгина кун ўтгач яна ҳузурларида турсам у зот: «Мен учун сафар қилишга изн берилди», дедилар. Мен: «Қанақасига сизга изн берилди?» десам, у зот: «Бир пайт мен шу ерда, (яъни Равоҳийя мадрасасидаги хонамда) ўтирган эдим, очиқ ҳавода бир шахс ўтиб қолди. Олд тарафида нур таратувчи ёруғлик, қиблага юзланган ҳолда мадрасанинг ғарбидан шарқига ишора қилиб: «Байтул мақдиснинг зиёрати учун ўрнингдан тур, деб айтди», дедилар. Мен имом Нававийнинг ушбу сўзларини ибодат сафарига йўйдим. Қарасам у ҳақиқий сафар экан. Сўнгра имом Нававий менга: «Қани ўрнингдан турчи, яқинларимиз ва ҳамроҳларимиз билан хайрлашамиз», дедилар. Биз у киши билан чиқиб, баъзи устозлари кўмилган қабристонга бориб, уларни зиёрат қилдик. Улар ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиб, йиғладилар. Кейин тирик дўстларини зиёрат қилдилар. Сўнгра ўша куни Наво қишлоғига сафар қилдилар. Қуддусни ва Халил алайҳиссаломни ҳам зиёрат қилдилар. Сўнгра Наво қишлоғига қайтиб, оталари уйини зиёрат қилгач касалликка чалиндилар. Чоршанба куни, туннинг охирги учдан бирида, Ражаб ойининг 24-сида, 676-ҳижрий санада вафот топдилар. Қабрлари машҳур жойда, одамлар у ерни зиёрат қилишади.

Оила қариндошлари қабрлари устига қубба қуришни хоҳлашганида, аммаларининг тушларига кириб, иним ва жамоадагиларга айтинг, бундай қилишмасин, деб айтдилар. Қавми қариндошлар ҳар қачон қабр устига бирор бино қуришмоқчи бўлса ўша қуришган нарса бузилиб кетаверар эди. Охири бино қуришдан тўхташди. Фақат қабр атрофини ҳайвон ва бошқа нарсалар кирмаслиги учун тош билан ўраб қўйишди.

Аллоҳ у зотни раҳматига олиб, Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Ҳадис 832

Written by Saturday, 18 Июнь 2022 00:11

832 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ قَعَدَ مَقْعَداً لَمْ يَذْكُرِ اللهَ تَعَالَى فِيهِ كَانَتْ عَلَيِهِ مِنَ اللهِ تِرَةٌ، وَمَنِ اضْطَجَعَ مَضْجَعاً لَا يَذْكُرُ اللهَ تَعَالَى فِيهِ كَانَتْ عَلَيْهِ مِنَ اللهِ تِرَةٌ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [4856].

«التِّرةُ» بِكَسْرِ التَّاءِ الْمُثَنَّاةِ مِنْ فَوقُ، وَهِيَ النَّقْصُ، وَقِيلَ: التَّبِعَةُ.  

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир жойга ўтириб, Аллоҳни зикр қилмаса, Аллоҳдан унга пушаймонлик келади. Ким бир жойга ётса-ю, Аллоҳни зикр қилмаса, Аллоҳдан унга пушаймонлик келади».

 Абу Довуднинг ҳасан иснод билан қилган ривояти.

Ҳадис 831

Written by Saturday, 18 Июнь 2022 00:10

831 - وَعَنْ يَعِيشَ بْنِ طِخْفَةَ الغِفَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ أَبِي: «بَيْنَمَا أَنَا مُضْطَجِعٌ فِي الْمَسْجِدِ عَلَى  بَطْنِي إذَا رَجُلٌ يُحَرِّكُنِي بِرِجْلِهِ فَقَالَ: «إنَّ هَذِهِ ضِجْعَةٌ  يُبْغِضُهَا اللهُ» قَالَ: فَنَظرْتُ؛ فَإذَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [5040].

 

  1. Яъиш ибн Тихфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Отам менга қуйидагиларни айтиб бердилар.

«Масжидда юзтубан ётсам, биров мени оёғи билан туртиб, «Бу – Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабини келтирадиган ётиш», деди. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тепамда турган эканлар».

 Абу Довуднинг саҳиҳ иснод билан қилган ривоятлари.

Ҳадис 830

Written by Thursday, 16 Июнь 2022 11:30

830 - وَعَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَخَذَ مَضْجَعَهُ مِنَ اللَّيْلِ وَضَعَ يَدَهُ تَحْتَ خَدِّهِ، ثُمَّ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ؛ بِاسْمِكَ أمُوتُ وَأَحْيَا» وَإِذَا اسْتيْقَظَ قَالَ: «الحَمْدُ للهِ الَّذي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيهِ النُّشُورُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6314].

 

  1. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда ётмоқчи бўлсалар, қўлларини ёноқларининг тагига қўяр, кейин: «Аллоҳумма, бисмика амууту ва аҳйаа», дердилар.

(Маъноси: Аллоҳим, Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан.)

Уйғонганларида эса: «Ал‑ҳамду лиллааҳиллазии аҳйаанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин‑нушуур», дердилар».

(Маъноси: Бизни ўлдиргандан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва қайтиш Унгадир.)

 Имом Бухорий ривояти.

Ҳадис 829

Written by Thursday, 16 Июнь 2022 11:29

829 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَصلِّي مِنَ اللَّيْلِ إحْدَى عَشْرَةَ رَكْعَةً، فَإذَا طَلَعَ الْفَجْرُ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ خَفِيفَتَيْنِ، ثمَّ اضْطَجَعَ عَلَى شِقِّهِ الأَيْمَنِ حَتَّى يَجِيءَ الْمُؤَذِّنُ فَيُوذِنَهُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6310، م 736].

 

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари ўн бир ракаат намоз ўқирдилар. Агар субҳ кирса, икки ракат енгил намоз ўқиб олардилар. Кейин муаззин келиб, (жамоат жам бўлди деб) айтгунича, ўнг томонларига ёнбошлаб турардилар.

 Муттафақун алайҳ.

Ҳадис 828

Written by Thursday, 16 Июнь 2022 11:29

828 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إذَا أَتَيْتَ مَضْجَعَكَ فَتَوَضَّأْ وُضُوءَكَ لِلصَّلَاةِ، ثُمَّ اضْطَجِعْ عَلَى شِقِّكَ الأَيمَنِ، وَقُلْ..» وَذَكَرَ نَحْوَهُ، وَفِيهِ: «وَاجْعَلْهُنَّ آخِرَ مَا تَقُولُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6311، م 2710].

 

  1. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: «Агар ётоғингга борсанг, намозга таҳорат қилганингдек таҳорат ол, сўнг ўнг томонингга ёнбошлаб: «Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжа`ту зоҳрий илайк, роғбатан ва роҳбатан илайк, ла малжа`а ва ла манжа минка илла илайк, аманту бикитабикаллазий анзалта ва набиййикаллазий арсалта», деб айт. «(Ётишдан олдин) охирги айтадиганинг шу бўлсин», дедилар.

(Маъноси: Аллоҳим, нафсимни Сенга таслим этдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг неъматингга рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, Сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиганим ҳам, нажот топадиганим ҳам йўқ. Нозил қилган китобларингга ва юборган пайғамбарларингга иймон келтирдим.)

 Муттафақун алайҳ.

10 - بَابُ اسْتِحْبَابِ الإبْتِدَاءِ بِاليَمِينِ فِي اللِّبَاسِ

10-боб

Кийим кийишни ўнгдан бошлашнинг маҳбублиги

 

هَذَا البَابُ قَدْ تَقَدَّمَ مَقْصُودُهُ، وَذَكَرْنَا الأَحَادِيثَ الصَّحِيحَةَ فِيهِ.

(انظر الباب: في استحباب تقديم اليمين في كل ما هو من باب التكريم)

 

Бу боб мақсад қилган нарса юқорида ўтди. Биз бу ҳақда саҳиҳ ҳадисларни зикр қилдик.

 

4 - كِتَابُ آدَابِ النَّومِ وَالاِضْطِجَاعِ

Ухлаш одоблари китоби

4-УХЛАШ ВА ЁНБОШЛАШ ҲАҚИДАГИ КИТОБ

  

827 - عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَوَى إِلَى فِرَاشِهِ نَامَ عَلَى شِقِّهِ الأَيْمَنِ، ثُمَّ قَالَ: «اللَّهُمَّ؛ أَسْلَمْتُ نَفْسِي إِلَيْكَ، وَوَجَّهْتُ وَجْهِي إلَيْكَ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ، وَأَلجَأْتُ ظَهْرِي إلَيْكَ؛ رَغْبَةً وَرَهْبَةً إلَيْكَ، لَا مَلْجَأَ وَلَا مَنْجَى مِنْكَ إلَّا إلَيْكَ، آمَنْتُ بِكتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ، وَنَبيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ بِهَذَا اللَّفْظِ فِي (كِتَابِ الأَدَبِ) مِنْ صَحِيحِهِ [6315].

 

  1. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларига кирсалар, ўнг тарафларини босиб ётардилар. Кейин: «Аллоҳумма, асламту нафсии илайка ва важжаҳту важҳии илайка ва фаввадту амрии илайка ва алжа’ту зоҳрии илайка, роғбатан ва роҳбатан илайка, лаа малжа’а ва лаа манжа минка иллаа илайка. Ааманту бикитаабикаллазии анзалта ва бинабиййикаллазии арсалта», дердилар.

(Маъноси: Аллоҳим, нафсимни Сенга таслим этдим. Ва юзимни сенга қаратдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг неъматингга рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, Сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиганим ҳам, нажот топадиганим ҳам йўқ. Нозил қилган китобларингга ва юборган пайғамбарларингга иймон келтирдим.)

 Имом Бухорий мана шу лафз ила саҳиҳларининг одоб китобида ривоят қилдилар.

9 - بَابُ مَا يَقُولُ إِذَا لَبِسَ ثَوباً جَدِيداً أَوْ نَعْلًا أَوْ نَحْوَهُ

9-боб

Янги кийим ёки пойафзал ёки шунга ўхшаш нарсалар кийганда айтиладиган нарсалар ҳақида

 

826 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا اسْتَجَدَّ ثَوْباً سَمَّاهُ باسْمِهِ - عِمَامَةً، أَوْ قَمِيصاً، أَوْ رِدَاءً - يَقُولُ: «اللَّهُمَّ؛ لَكَ الحَمْدُ أَنْتَ كَسَوْتَنِيهِ، أَسْأَلُكَ خَيْرَهُ وَخَيْرَ مَا صُنِعَ لَهُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهِ وَشَرِّ مَا صُنِعَ لَهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 4020، ت 1767].

 

  1. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим кийсалар, саллами ёки кўйлакми ёки ридоми, номини айтиб, «Аллоҳумма, лакал ҳамд. Анта касавтанийҳи, ас’алука хойраҳу ва хойра маа суниъа лаҳу, ва аъуузу бика мин шарриҳи ва шарри маа суниъа лаҳ», дер эдилар».

 * Маъноси: «Аллоҳим, Сенга ҳамдлар бўлсин. Буни менга Сен кийдирдинг. Сендан унинг яхшилигини ва ундаги яхшиликни сўрайман, унинг ёмонлигидан ва ундаги ёмонликдан паноҳ тилайман».

 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишди. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Ҳадис 825

Written by Thursday, 16 Июнь 2022 11:25

825 - وَعَنْ أَبِي الْمَلِيحِ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ جُلُودِ السِّبَاعِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ، وَالنَّسَائِيُّ بِأَسَانِيدَ صِحَاحٍ [د 4133، ت 1771، س 7/176].

وَفِي رِوَايَةِ التِّرْمِذِيِّ: نَهَى عَنْ جُلُودِ السِّبَاعِ أَنْ تُفْتَرَشَ.

 

  1. Абу Малиҳ оталари розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиртқичларнинг терисини кийиш қайтардилар.

 Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар саҳиҳ санадлар билан ривоят қилишди.

 

Термизийнинг ривоятида, «Йиртқичларнинг териларини тўшак қилишдан маън қилдилар», бўлиб келган.

 

8 - بَابُ النَّهْيِ عَنِ افْتِرَاشِ جُلُودِ النُّمُورِ وَالرُّكُوبِ عَلَيهَا

8-боб

Йўлбарслар терисидан кўрпача қилишнинг ва эгар устига тўшамоқнинг маън этилгани ҳақида

 

824 - عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَرْكَبُوا الخَزَّ وَلَا النِّمَارَ». حَدِيثٌ حَسَنٌ، رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَغَيرُهُ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [4129].

 

  1.  Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ипакда ва йўлбарс терисида ўтирманглар», дедилар».

 

Ҳасан ҳадис бўлиб, уни Абу Довуд ва бошқалар ҳасан иснод билан ривоят қилишди.

7 - بَابُ جَوَازِ لُبْسِ الحَرِيرِ لِمَنْ بِهِ حِكَّةٌ

7-боб

Қичима касали бор кишиларга ипак кийишнинг жоизлиги ҳақида

 

823 - عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: رَخَّصَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ للزُّبَيرِ وَعَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ فِي لُبْسِ الْحَرِيرِ؛ لحِكَّةٍ بِهِمَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2922، م 2076].

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр билан Абдурраҳмон ибн Авфларда қичима сабабли ипак кийишга рухсат берганлар».

 Муттафақун алайҳ.

 

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.