Саҳиҳул Бухорийнинг мухтасари

Саҳиҳул Бухорийнинг мухтасари (300)

 الإمام الحافظ ابن أبي جمرة الأندلسي

Имом Ҳофиз Ибн аби жамра андалусий

 

 مختصر صحيح البخاري

 المسمى

جمع النهاية في بدء الخير والغاية

 Саҳиҳул бухорийнинг мухтасари

 (Яхшилик ва мақсаднинг бошланишидаги ниҳоянинг тўплами деб номланган)

 

Тўплаб, нашрга тайёрловчи:

 Анвар Аҳмад

Абдулазиз Ҳасан

Тошкент: 2020 йил

Ҳадис 3-16 | ИЙМОН КИТОБИ

Written by Thursday, 26 Август 2021 12:23

 كتاب الإيمان

ИЙМОН КИТОБИ

 

 3-16 عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ.. وَجَدَ حَلَاوَةَ الْإِيـمَانِ: أَنْ يَكُونَ اللهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِـمَّا سِوَاهُمَا، وَأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لَا يُـحِبُّهُ إِلَّا للهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِي الْكُفْرِ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ فِي النَّارِ».

 

3-16. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топибди: Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимли бўлиши; бир кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши; куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар».

Ҳадис 2-4

Written by Thursday, 26 Август 2021 12:20

 

2-4- قَالَ ابْنُ شِهَابٍ: وَأَخْبَرَنِي أَبُو سَلَمَةَ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ: أَنَّ جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللهِ الْأَنْصَارِيَّ [رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا] قَالَ - وَهُوَ يُحَدِّثُ عَنْ فَتْرَةِ الْوَحْيِ فَقَالَ - فِي حَدِيثِهِ: «بَيْنَا أَنَا أَمْشِي إِذْ سَمِعْتُ صَوْتًا مِنَ السَّمَاءِ، فَرَفَعْتُ بَصَرِي فَإِذَا الْمَلَكُ الَّذِي جَاءَنِي بِحِرَاءٍ جَالِسٌ عَلَى كُرْسِيٍّ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، فَرُعِبْتُ مِنْهُ، فَرَجَعْتُ فَقُلْتُ: زَمِّلُونِي [زَمِّلُونِي]. فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى: «يَا أَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ (1) قُمْ فَأَنْذِرْ (2) وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ (3) وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ (4) وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْ (المدثر-5)» فَحَمِيَ الْوَحْيُ وَتَتَابَعَ».

 

2-4. Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳумо ваҳий узилиб қолгани ҳақида сўзлар экан, ҳадисида бундай дейди:

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар) «Мен юриб кетаётган эдим. Тўсатдан осмондан бир овоз эшитиб қолдим. Нигоҳимни кўтариб қарасам, Ҳирода олдимга келган фаришта осмон билан ер ўртасида, курси узра ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. Қайтиб бориб: «Мени ўраб қўйинглар», дедим. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла!»ни «Ва қақшатқич азобдан четлан!»[1] деган сўзигача нозил қилди. Сўнг ваҳий тушиши жадаллашиб, кетма-кет кела бошлади».

 [1] Муддассир сураси, 1-5-оятлар.

 

 بسم الله الرحمن الرحيم

كتاب بدء الوحي

ВАҲИЙНИНГ БОШЛАНИШИ КИТОБИ

  

1-3- عَنْ عَائِشَةَ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنهَا أَنَّهَا قَالَتْ: أَوَّلُ مَا بُدِئَ بِهِ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم مِنَ الْوَحْيِ الرُّؤْيَا الصَّالِحَةُ فِي النَّوْمِ، وَكَانَ لَا يَرَى رُؤْيَا إِلَّا جَاءَتْ مِثْلَ فَلَقِ الصُّبْحِ، ثُمَّ حُبِّبَ إِلَيْهِ الْخَلَاءُ، وَكَانَ يَخْلُو بِغَارِ حِرَاءٍ فَيَتَحَنَّثُ فِيهِ - وَهُوَ التَّعَبُّدُ - اللَّيَالِيَ ذَوَاتِ الْعَدَدِ قَبْلَ أَنْ يَنْزِعَ إِلَى أَهْلِهِ، وَيَتَزَوَّدُ لِذَلِكَ، ثُمَّ يَرْجِعُ إِلَى خَدِيجَةَ فَيَتَزَوَّدُ لِمِثْلِهَا، حَتَّى جَاءَهُ الْحَقُّ وَهُوَ فِي غَارِ حِرَاءٍ، فَجَاءَهُ الْمَلَكُ فَقَالَ: اقْرَأْ. قَالَ: «مَا أَنَا بِقَارِئٍ. قَالَ: فَأَخَذَنِي فَغَطَّنِي حَتَّى بَلَغَ مِنِّي الْجَهْدَ، ثُمَّ أَرْسَلَنِي فَقَالَ: اقْرَأْ. فَقُلْتُ: مَا أَنَا بِقَارِئٍ. فَأَخَذَنِي فَغَطَّنِي الثَّانِيَةَ حَتَّى بَلَغَ مِنِّي الْجَهْدَ، ثُمَّ أَرْسَلَنِي فَقَالَ: اقْرَأْ. فَقُلْتُ: مَا أَنَا بِقَارِئٍ. فَأَخَذَنِي فَغَطَّنِي الثَّالِثَةَ، ثُمَّ أَرْسَلَنِي فَقَالَ: «اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ (1) خَلَقَ الإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ (2) اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ (العلق 1-3)».

فَرَجَعَ بِهَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَرْجُفُ فُؤَادُهُ، فَدَخَلَ عَلَى خَدِيجَةَ بِنْتِ خُوَيْلِدٍ فَقَالَ: «زَمِّلُونِي زَمِّلُونِي». فَزَمَّلُوهُ حَتَّى ذَهَبَ عَنْهُ الرَّوْعُ، فَقَالَ لِخَدِيجَةَ وَأَخْبَرَهَا الْخَبَرَ: «لَقَدْ خَشِيتُ عَلَى نَفْسِي». فَقَالَتْ خَدِيجَةُ: كَلَّا وَاللهِ مَا يُخْزِيكَ اللهُ أَبَدًا، إِنَّكَ لَتَصِلُ الرَّحِمَ، وَتَحْمِلُ الْكَلَّ، وَتَكْسِبُ الْمَعْدُومَ، وَتَقْرِي الضَّيْفَ، وَتُعِينُ عَلَى نَوَائِبِ الْحَقِّ.

فَانْطَلَقَتْ بِهِ خَدِيجَةُ حَتَّى أَتَتْ بِهِ وَرَقَةَ بْنَ نَوْفَلِ بْنِ أَسَدِ بْنِ عَبْدِ الْعُزَّى - ابْنَ عَمِّ خَدِيجَةَ - وَكَانَ امْرَأً تَنَصَّرَ فِي الْجَاهِلِيَّةِ، وَكَانَ يَكْتُبُ الْكِتَابَ الْعِبْرَانِيَّ، فَيَكْتُبُ مِنَ الْإِنْجِيلِ بِالْعِبْرَانِيَّةِ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَكْتُبَ، وَكَانَ شَيْخًا كَبِيرًا قَدْ عَمِيَ - فَقَالَتْ لَهُ خَدِيجَةُ: يَا ابْنَ عَمِّ، اسْمَعْ مِنَ ابْنِ أَخِيكَ.

فَقَالَ لَهُ وَرَقَةُ: يَا ابْنَ أَخِي مَاذَا تَرَى؟ فَأَخْبَرَهُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم [مِنْ] خَبَرَ مَا رَأَى. فَقَالَ لَهُ وَرَقَةُ: هَذَا النَّامُوسُ الَّذِي [أَنْزَلَ] نَزَّلَ اللهُ عَلَى مُوسَى، يَا لَيْتَنِي فِيهَا جَذَعًا، لَيْتَنِي أَكُونُ حَيًّا إِذْ يُخْرِجُكَ قَوْمُكَ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «أَوَمُخْرِجِيَّ هُمْ؟!» قَالَ: نَعَمْ، لَمْ يَأْتِ رَجُلٌ قَطُّ بِمِثْلِ مَا جِئْتَ بِهِ إِلَّا عُودِيَ، وَإِنْ يُدْرِكْنِي يَوْمُكَ أَنْصُرْكَ نَصْرًا مُؤَزَّرًا. ثُمَّ لَمْ يَنْشَبْ وَرَقَةُ أَنْ تُوُفِّيَ وَفَتَرَ الْوَحْيُ.

 

1-3. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек (аниқ ўнгидан) келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳлларининг олдига тушишдан олдин у ерда бир неча кун «таҳаннус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедилар. (У зот) айтдилар: «Шунда мени тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутди ва қисди. Кейин қўйиб юбориб: «Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни «алақа»дан яратди. Ўқи! Роббинг энг карамлидир», деди».

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари ларзага тушган ҳолда қайтиб, Хадижа бинт Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. У зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадижага хабар бериб: «Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Шунда Хадижа: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди. Сўнгра Хадижа у зот билан отланиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг олдига бошлаб борди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган киши эди. Ибронийча ёза олар, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийча ёзарди. У кўзи ожиз бўлиб қолган катта ёшли қария эди. Хадижа унга: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлига қулоқ солинг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўряпсан?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрганларини айтиб бердилар. Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога туширган Номусдир*. Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида тирик бўлсам! Қанийди ўшанда навқирон бўлсам!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар мени ҳайдаб чиқаришадими?» дедилар. «Ҳа, сен олиб келган нарсани келтирган киши борки, унга албатта душманлик қилинган. Ўша кунингга етсам, сенга катта ёрдам бераман», деди.

Кўп ўтмай, Варақа вафот этди. Ваҳий бир муддат узилиб қолди».

* Номус – сир соҳиби, яъни Жаброил алайҳиссалом.

Китобнинг кириш хутбаси

Written by Friday, 30 Июль 2021 01:15

КИТОБНИНГ КИРИШ ХУТБАСИ

 بسم الله الرحمن الرحيم

 

Роббисига муҳтож банда Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Аби Жамра ал-Аздий роҳимаҳуллоҳ айтди:

Аллоҳга ҳақиқий ҳамд бўлсин. Халқининг яхшиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зот суҳбатларига мушарраф бўлган саҳобаларга салавоту дурудлар бўлсин! Аммо баъд:

Ҳадис ва унинг ёд олиш Аллоҳ таолога етишишдаги энг яқин воситалардан бири экани ҳақида қуйидаги асарларда келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни "Ким умматим учун битта ҳадисни етказса, бу билан бир суннатни қоим қилса ёки бир бидъатни рад этса, унинг учун жаннат бўлади", деб айтган сўзларидир.

Абу Нуъаймнинг "Ҳилятул авлиё" китобида Ибн Аббосдан ривоят қилинган.

 

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан: "Умматимдан ким битта ҳадисни ёд олса, унинг учун етмиш битта набий ва сиддиқнинг ажри бўлади".

Абу Тоҳир Силфийнинг "Арбаъийн булдонийя" китобида Ибн Аббосдан қилган ривояти.    

 Бу ҳақдаги асарлар кўпдир.

 

Санадлар сабаб, кўп китобларни ёд олишда ҳиммат озайганини кўрдим. Саҳиҳ китоблардан олиб, эҳтиёжга ярашасига мос ҳадисларни мухтасар тарзда йиғиш зарур эди. Ёд олиш осон бўлиши ва иншааллоҳ фойда кўп бўлишини кўзлаганимда Бухорийнинг китоби маъқул кўринди. Чунки бу китоб энг саҳиҳ китоб бўлиб, унинг соҳиби солиҳлардан, дуоси ижобат эди. Бу китобни ўқиганларга дуо қилганлар.

Маърифат ва сафарда танилган қозиларга учрашганимда, улар ушбу китобнинг фазилатига иқрор бўлиб: "Бухорийнинг китоби қийинчилик пайтида ўқилса, кушойиш бўлади. Бирор сув маркабига минилса, асло чўкмайди", деб айтишди.

Ҳадиснинг баракаси билан ушбу баракани ва қалблардаги зангни кўргач ушбу китобни жамлашга рағбатим ошди. Шояд Аллоҳ Ўз фазли билан кўрликни очиб, ҳавойи нафс шиддатларини аритса, шояд Аллоҳ ушбу улуғ ҳадислар сабаб бидъат ва гуноҳлар денгизида ғарқ бўлишдан омонда сақласа.

Аллоҳ муваффақ қилганича ёзиб, тугатганимда у бир неча кам уч юз ҳадисга етди. Ҳадиснинг аввали "Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қандай бошланган эди...". Охири эса, "Жаннат аҳлининг жаннатга кириши ва бардавом розилиги сабаб уларга Аллоҳнинг инъоми" ҳадиси эди.

Бу китобни жамлаш тақозосига кўра "Яхшилик ва мақсаднинг бошланишидаги ниҳоянинг тўплами деб номланган" деб номладим. Унинг орасини боблаш билан ажратмадим. Бунда ўзим ва ҳар бир ўқиган ёки эшитган кишиларга яхшилик батамом бўлишини умид қилдим. Карим сифатли Зот, буюк аршнинг роббисидан ушбу китобни қалбларимиз учун жило ва динимиздаги дардларга шифо беришини сўраб қоламиз.

Пайғамбарлар хотимаси бўлган саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавоту дурудлар бўлсин. Бутун оламлар робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Ибн Аби Жамранинг "Яхшилик ва мақсаднинг бошланишидаги ниҳоянинг тўплами" деб номланган асари ҳақида

 

"Саҳиҳул Бухорий" китобининг мухтасари бўлмиш ушбу "Мухтасару ибн Аби Жамра" китоби бир неча марта Мисрда чоп қилинган. Ўша нусхада 300 га яқин ҳадис бор. У китоб "Алҳамдулиллаҳи ҳаққо ҳамдиҳи...", деб бошланади.

Муаллиф зикр қилишича, ёдлаш осон бўлиши учун ҳадиснинг битта ровийсидан ташқари санаддаги қолган кишиларнинг исмини ўчириб юборган.

"Муъжам ал-Матбуъот" соҳиби Элиан Саркис (Elian Sarkis) чоп қилишда хатога йўл қўйган. У китобни "Яхшилик ва иноятнинг бошланишидаги ниҳоянинг тўплами", деб номлаган. Яъни "мақсад" сўзи ўрнига "иноят" сўзини ишлатган.

Ушбу мухтасар китоби аниқроғи 296 та ҳадисни ўз ичига олган. Уларнинг ичида марфуъ, мавқуф ва муъаллақа ҳадислар бор.

"Дарул кутубил мисрийя" кутубхонасида ушбу мухтасарнинг беш қўлёзмаси бор.

Уни аллома Шарнубий ва Мавло Муҳаммад Аббос Алийхон шарҳлаган. Ушбу китоб 1314-ҳижрий санада Ҳиндистонда чоп қилинган.

Унга (1233-ҳижрий санада вафот топган) аллома Шанавоний ҳошия ёзган. Аллоҳ барчаларига раҳм қилиб, улардан рози бўлсин!

Ибн Аби Жамранинг тўлиқ исмлари Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Саъид ибн Аби Жамра ал-Аздий, ал-Андалусий, ал-Моликий бўлиб, 675-ҳижрий санада вафот топган.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ: "Абу Муҳаммад ибн Аби Жамра зулқаъда ойида, Миср диёрида вафот топган. У киши ҳақ сўзни айтувчи, яхшиликка буюрувчи ва мункардан қайтарувчи эдилар", деган.

Тугади.

Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоллари ва ижодлари

 «Саҳиҳул Бухорий» китоби машҳур ватандошимиз имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансублиги маълум ва машҳур. Ушбу мўътабар китобни ўрганишга киришишдан олдин унинг муаллифи билан яқиндан танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак.

Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоллари билан танишиш ҳам бир илм. Зотан, буюк уламоларнинг ҳаётлари барчага ибратдир. Қолаверса, китобхон ўзи ўқиётган китобнинг муаллифини яхши таниса, фойдаси яна ҳам кўпроқ бўлади.

Қуйида имом Бухорийнинг исмлари, насаблари, туғилишлари, улғайишлари, жисмоний ва ахлоқий сифатлари, илм йўлидаги саъй-ҳаракатлари, Аллоҳ таолога боғланишлари, заковатлари, ёдлаш қобилиятлари, ишни яхши қилишлари, устозлари, шогирдлари, ёзган китоблари каби бир қанча мавзулар билан танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

 

Имом Бухорийнинг исмлари, насаблари ва туғилишлари

Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Бардизбаҳ (айрим манбаларда Баздизбаҳ ёки Яздабиҳ ҳам дейилган) Жўъфий Бухорий.

Бардизбаҳ (форсча деҳқон дегани) мажусий бўлган. Аммо Муғийра ибн Бардизбаҳ Ямон Жўъфийнинг қўлида мусулмон бўлган. Жўъфий ўз вақтида Бухоро волисйи бўлган. Ўша пайтларда бировнинг Исломга киришига сабаб бўлган одамнинг исми унинг қўлида мусулмон бўлган кишиларнинг исмига қўшиб айтилиши одат бўлган. Шунга кўра, имом Бухорийнинг оиласига Жўъфий нисбати берилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда, бу нисбат Жўъфий сабабидан мусулмон бўлганлар, деганидир.

Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим тақводор уламолардан эди. Унинг ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари «ат-Тарих ал‑Кабийр» китобида: «У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди», деб ёзганлар.

Абул Ҳасан Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган шахсдир.

Исмоил ибн Иброҳим Аҳмад ибн Ҳафс, Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий ва бошқаларга устоз бўлган.

Унинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс шундай дейди: «Ўлим тўшагида ётган Абул Ҳасаннинг ҳузурига кирдим. У: «Мол-дунёим ичида бирор дирҳам шубҳалиси борлигини билмайман», деди. Ўшанда ўзимга ўзим арзимас кўриниб кетдим».

Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кеча ўтганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.

У киши кичиклик пайтларидаёқ отадан етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналарининг тарбиясида ўсдилар.

 

Имом Бухорийнинг болалик йиллари

Имом Бухорийнинг болалик йиллари тўлиқ илм талабида ўтди.

Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: «Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: «Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?» дедим. «Бошланғич мактаб таълимидалигимдаёқ ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинган», деди. «Ўшанда ёшинг нечада эди?» дедим. У шундай деди: «Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин мактабдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. Дохилий бир куни одамларга дарс бера туриб, «Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан», деди. Мен унга: «Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган», дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: «Агар ҳузурингда асл нусха бўлса, қара», дедим. У ичкарига кириб, қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга: «Ҳой бола! Қандай эди?!» деди. «Зубайр ибн Адий Иброҳимдан», дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва: «Рост айтасан!» деди». Бухорийдан баъзи асҳоблари: «Ўша Дохилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?» деб сўрашди.

У: «Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг гапларини билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб, ортга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим», деб айтди».

 Имом Бухорий илм талабида

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ талаби илмни ватанлари Бухорода бошладилар. Бошланғич илмлардан таҳсил олиб бўлганларидан кейин ҳижрий икки юз бешинчи йили ҳадисдан дарс олишга киришдилар.

Имом Заҳабий ва бошқа тарихчилар шундай дейишади: «У кишининг ҳадис тинглашни бошлашлари икки юз бешинчи йилда бўлди. Ўз юртидаги замона улуғларидан кўплаб ҳадисларни эшитиб бўлганидан кейин икки юз ўнинчи йилда онаси ва акаси билан Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун йўлга чиқди. Акаси Бухорога қайтди. Аммо у Маккада қолишни афзал кўрди. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказлардан бири эди».

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ у ерда ўзлари излаб юрган нарсани топдилар. Гоҳида Мадинаи Мунавварага ҳам бориб турар эдилар.

У киши Маккаи Мукаррамада баъзи китобларини таълиф қилдилар. «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ва унинг тарожумларини ёзишни ҳам ўша ерда бошладилар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ўзлари айтадилар: «Ўн саккизга кирганимда «Қазоёс-саҳоба ват-тобеъин» китобини тасниф қилдим. Кейин «Ат-Тарих ал‑кабийр»ни. Бу Мадинаи Мунавварада, Набий алайҳиссаломнинг қабрлари ёнида бўлди. Ойдин тунларда ёзар эдим».

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши замоналарида қарийб барча исломий мамлакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.

«Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим, – деб ёзадилар имом Бухорий. – Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (ҳозирги Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман».

Хатиб ёзадилар: «Бухорий барча диёрлар муҳаддисларининг ҳузурига сафар қилди. У Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда (ҳадис) ёзди. Бағдодга бир неча марта кирди».

Ҳофиз айтадилар: «У Маккадан қайтганидан кейин турли диёрлардаги ҳадис машойихларининг ҳузурига, сафар қилиш имкони бўлган жойларга борди. У киши Балх, Найсобур, Рай, Бағдод, Куфа, Мадина, Восит, Дамашқ, Асқалон, Ҳимсда ва бошқа жойларда бўлди».

Имом Бухорий бутун ҳаётларини ҳадис илмини мукаммал даражада ўрганиш ва жамлашга бахш этдилар. У киши қаерда бўлмасинлар, бу шарафли вазифани тарк қилмадилар. У киши асарларини, бу асарлар учун жамланган барча заҳираларни ўз қўллари билан ёзар, бундай масъулиятли ишларни ҳеч кимга ишонмас эдилар.

Аксарият асарларини тунда қоғозга туширардилар. Жуда ёшлик чоғлариданоқ Аллоҳ таоло битмас-туганмас ғайрат билан баҳраманд этган имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўз тасаввурларида ярқ этган тоза фикрларни оқ қоғозга муҳрлаб қўйишдан мутлақо эринмас эдилар.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай эслайди: «Абу Абдуллоҳ билан сафарга чиқадиган бўлсак, фақат қаттиқ совуқдагина бир уйда ётар эдик. Мен унинг бир кечада ўн беш-йигирма марта туриб, чақмоқ олиб, чироқ ёққанини, сўнгра ҳадисларни тахриж қилиб белгилаб, яна бошини ёстиққа қўйганини кўрар эдим».

Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий айтадилар: «Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйида қолдим. Унинг ўша кеча ўн саккиз марта туриб, ёдига тушган нарсаларни ёзиб қўйганини ҳисобладим».

 

Имом Бухорийнинг шахсий сифатлари

Имом Бухорий озғин ва ўрта бўйли киши бўлганлар. У киши дунёдан зоҳид ҳолда ўтганлар. Оталаридан ўзларига қолган кўп миқдордаги молни садақа қилар эдилар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ жуда оз таом ер эдилар. Баъзи вақтларда кунига икки ёки уч дона бодом еган кунлари ҳам бўлган. Бир сафар бемор бўлганларида пешоблари табибларга кўрсатилган. Шунда улар: «Бу баъзи насоро роҳибларининг пешобига ўхшайди. Улар одатда таом ейишмайди», дейишган. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ: «Тўғри айтишибди», деганлар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ўзлари айтадилар: «Ғийбат ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилганим йўқ».

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўз хоналарида эдилар. Жория келиб, у ерга кирмоқчи бўлди ва қоқилиб, у кишининг олдиларидаги сиёҳдонни тепиб юборди. «Бу қандай юриш?» дедилар. «Йўл бўлмаса, қандай юрай?» деди жория. У киши қўлларини ёйиб: «Кетавер! Сени озод қилдим!» дедилар. «Эй Абу Абдуллоҳ! У сизнинг ғазабингизни чиқардими?» дейилди. «Қилган ишим ила нафсимни рози қилдим», дедилар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг мирзалари шундай ҳикоя қилади: «Бухорийга отасидан жуда катта мол мерос қолган эди. Уни музорабага берар эди. Қарздор унинг йигирма беш мингини бермай қўйди. Унга: «Волийнинг мактубини олсанг, ёрдам бўлади», дейишди. Шунда у киши: «Мен улардан мактуб олсам, улар мендан тамагир бўлиб қолишади. Динимни дунёга сотмайман», дедилар.

Имом Бухорийга Абу Ҳафс берган юкни келтиришди. Кечқурун бир гуруҳ тижоратчилар келиб, унга беш минг дирҳам фойда беришни таклиф қилишди. У: «Бу кеча бориб туринглар», деди. Эрталаб бошқа тожирлар келди ва ўн минг дирҳам фойда беришни таклиф қилишди. У: «Мен кечқурун аввал келганларга беришни ният қилган эдим, ниятимни бузишни истамайман», деди ва молни ўшаларга берди».

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг мирзалари шундай дейди: «У кўпинча улов миниб, ўқ отгани чиқиб турар эди. У кишига ҳамроҳ бўлганим давомида ўқлари мўлжалга тегмай қолганини фақат икки марта кўрганман. Бошқа барчаси теккан.

Фирабрда турганимизда бир куни ўқ отгани чиқдик. Бандаргоҳга олиб борадиган йўлга чиқиб, ўқ ота бошладик. Абу Абдуллоҳнинг ўқларидан бири анҳор устидаги кўприкнинг арқонига тегди. Арқон ёрилди. У буни кўриб, уловидан тушди. Ўқни арқондан чиқариб олди. Ўқ отишдан тўхтади ва: «Қайтинглар!» деди. Биз қайтдик. Шунда у менга: «Эй Абу Жаъфар! Сенга ҳожатим бор», деди оғир нафас ола туриб. «Хўп!» дедим. «Кўприк эгасининг олдига борасан. «Биз арқонга зарар етказдик. Бизга унинг ўрнига бошқасини тортишга ёки қийматини тўлашга ижозат беришингни ва бизни қилган нарсамиз учун кечиришингни сўраймиз», дейсан», деди.

Кўприк эгаси Ҳумайд ибн Ахзар исмли одам эди. У менга: «Абу Абдуллоҳга салом айт ва «Сенинг қилган ишингни кечирдим. Барча мулким сенга фидо бўлсин», деганимни унга айтиб қўй», деди.

Мен унга бор гапни айтдим. Унинг юзи ёришиб кетди. Кўп хурсанд бўлди. Ўша куни ғарибларга беш юзта ҳадис ўқиб берди ва уч юз дирҳам садақа қилди».

Имом Бухорий Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаларидан бўлиб, ихлос, садоқат ва ибодатда мисли йўқ кишилардан эдилар. Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳақида «Тарихи Бағдод» ва бошқа китобларда қуйидаги маълумотлар келтирилган: «Рамазон ойининг биринчи кечасида имом Бухорий ҳузурларига асҳоблари жамланар ва у киши ҳар ракъатга йигирма оятдан қўшиб ўқиб, хатм қилар эди. Саҳар пайтида эса Қуръоннинг учдан биридан ярмигача ўқиб, учинчи кечанинг саҳарида хатм қилар эди. Бир куни у киши намоз ўқиётганида, ари чақди. Намозни ўқиб бўлиб: «Қаранглар-чи, намозимда менга озор берган нарса нима экан?» деди. Қарасалар, бир ари ўн етти марта чақиб, танасини шишириб юборган экан. Намозни бузмабди».

Бошқа бир ривоятда айтилишича, асҳобларидан бири у кишини ўз боғига чақирибди. Пешин намози бўлган экан, одамларга имом бўлиб, нафл намоз бошлабдилар. Қиёмда узоқ турибдилар. Намозни тамом қилганидан кейин кўйлагининг этагини кўтариб, ўзи билан бирга бўлган шахслардан бирига: «Қара-чи, кўйлагимнинг остида бир нарса борга ўхшайди», дебдилар. Қараса, ари ўн олти-ўн етти жойидан чақиб, баданини шишириб юборган экан. Ари чаққан излар жисмида очиқ кўриниб турган экан. Одамлар у кишига: «Биринчи чаққандаёқ намоздан чиқсангиз бўлмасмиди?!» дейишибди. «Бир сурани ўқиётган эдим, тугатиб қўяй деган эдим», дебдилар.

Имом Бухорийнинг сафарларида кўпинча бирга бўлган Муҳаммад ибн Абу Ҳотим эслайди: «У киши саҳар чоғи ўн уч ракъат намоз ўқир эдилар. Витрни бир ракъат қилардилар. Ўзлари турганда мени уйғотмас эдилар. «Ўзингиз шунча оғирликни кўтариб, мени нимага уйғотмайсиз?» десам: «Сен ёшсан, уйқунгни бузмай дедим», дер эдилар».

Имом Бухорий Басрада беш йил яшаганлар. Ўша йиллари китоб ёзиш билан машғул бўлишларига қарамай, ҳар йили ҳаж мавсуми келганда, Маккага бориб ҳаж қилар ва қайтиб келиб, яна илмий ишларини давом эттирар эдилар. Имом Бухорий илмий ишларни афзал ибодатлардан деб билар эдилар. У киши бош асарлари «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоблари ҳақида: «Уни ўзим билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида ҳужжат қилдим», деганлар.

Бошқа илмий асарлари ҳақида эса: «Аллоҳ таолодан бу таснифотларни мусулмонлар учун баракали этишини умид қиламан», деганлар.

Имом Бухорий тоат-ибодатга тарғиб қилиш борасида: «Мусулмон киши дуо қилса, ушбу дуо қабул бўлмайдиган ҳолатда юриш унга ярашмайди», деганлар.

Имом Бухорий яхши амалларни иложи борича кўп қилиш пайидан бўлар эдилар. У киши Бухоро яқинида бир работ қурганлар. Жуда кўп одам бу ишда у кишига ёрдамга келган. Шундай бўлса ҳам, имом Бухорий ўзлари ғишт ташиб, ишлаганлар. Одамлар: «Эй Абу Абдуллоҳ! Сиз овора бўлманг», дейишди. «Мана шу менга манфаат беради», дедилар у киши.

Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳам, амаллари ҳам илм асосида бўлар эди. У киши Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроққа: «Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман», деганлар.

 

Имом Бухорийнинг заковати, ҳифзи ва етуклиги

Аллоҳ таоло имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ҳофиза ва ҳар бир ишни пухта бажариш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у зотнинг гўдаклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўлатуриб, устозлари Дохилийнинг хатосини тузатганлари ҳам бунга далилдир.

Имом Бухорий отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг «Жомеъ» китобини тинглар эди. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилган эди, у қайтарди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. Учинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. У бир муддат сукут сақлаб турди-да: «Бу ким?» деди. «Ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардизбаҳ», дейишди. «Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Бир кун келиб, у буюк инсон бўлади», деди Абу Ҳафс.

«Табақотуш-Шофеъийя» ва бошқа китобларда қуйидаги матн келтирилади: «Салим ибн Мужоҳид айтади: «Муҳаммад ибн Салом Пойкандий ҳузурида эдим. У менга: «Сал аввалроқ келганингда етмиш минг ҳадисни ёд биладиган болакайни кўрардинг», деди. Мен ортидан излаб бориб, уни топдим ва: «Етмиш минг ҳадисни ёддан биламан, деган сенмисан?» дедим. «Ҳа, ундан ҳам кўп. Мен сенга саҳоба ва тобеъинлардан ҳадис келтирадиган бўлсам, аксарининг туғилган жойлари, вафотлари ва масканларини ҳам биламан. Саҳоба ва тобеъинлардан бирор ҳадисни ривоят қиладиган бўлсам, албатта, Аллоҳнинг Китобидаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги унинг аслини ҳам ёдлаган бўламан», деди у».

Имом Бухорий ўн олти ёшида Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёдлаган, аҳли раъйнинг каломларини пухта эгаллаб бўлган эдилар. Ўн саккиз ёшдан китоб тасниф қилишни бошладилар.

Имом Бухорий ёшлигида тенгдошлари билан Басра машойихларининг дарсларига қатнашар, аммо дарсларни ёзиб олмас эди. Бир қанча кун шу тарзда ўтгач, шериклари унга: «Сен биз билан бирга дарсга қатнашасан, аммо ёзиб олмайсан, бу ишингнинг маъноси нима?» дейишди.

Орадан ўн олти кун ўтди. Имом Бухорий уларга: «Жуда гапни кўпайтириб юбордингиз ва маҳкам туриб олдингиз. Ёзганларингизни менга ўқиб беринглар-чи!» деди. Улар ёзганларини чиқаришган эди, ўн беш мингдан зиёд ҳадис чиқди. У ўшаларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди. Улар эса у ёддан айтган нарсадан ёзганларидаги хатоларини тўғрилаб олишди. Сўнгра уларга қарата: «Хўш, мен дарсга беҳуда қатнашаётган, кунларимни зое қилаётган эканманми?!» деди. Шунда унинг олдига биров туша олмаслигини ҳамма билди.

«Таҳзийбул-камол» ва бошқа китобларда ёзилишича, машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Бухорий тасниф қилган «Тарих» китобини Хуросон амири ҳамда катта олим Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига олиб кирган ва: «Эй амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?!» деган. Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобни кўриб чиқиб: «Унинг қандай ёзилганига фаҳмим етмади», деган.

 

Имом Бухорийни синаш учун Самарқандда уюштирилган имтиҳон

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим ўз санади ила Абул Азҳардан ривоят қилади: «Самарқандда ҳадис эшитадиганлардан тўрт юзтаси етти кун жам бўлиб, Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилди. Шом санадини Ироқ санадига киритдилар. Ироқ санадини Шом санадига киритдилар. Ҳарам санадини Яман санадига киритдилар. Яман санадини Ҳарам санадига киритдилар. Аммо у кишини санадда ҳам, матнда ҳам бирор оғиз сўзга адаштира олишмади».

Имом Бухорийни синаш учун Бағдодда уюштирилган имтиҳон

 «Вафаётул-аъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган:

«Бағдоддаги ҳадис аҳллари Бухорийнинг келганини эшитгач, жамланишди. Юзта ҳадисни олиб, матнлари ва санадларини алмаштиришди. Бир санаднинг матнини бошқа санадга, бир матннинг санадини бошқа матнга қўйишди. Сўнг ўн кишига ўнтадан бўлиб беришди ва имом Бухорий ҳозир бўлганда унга айтиб беришни уларга буюришди. Мажлисга вақт тайин қилинди. Мазкур мажлисда Хуросон ва бошқа тарафлардан келган муҳаддислар ҳам ҳозир бўлишди. Мажлис бошланиши билан ҳалиги ўн кишидан бири мазкур ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий: «Буни билмайман», деди. Кейин бошқа ҳадис ҳақида сўради. Бухорий: «Буни билмайман», деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий: «Буни билмайман», дейишда давом этаверди.

Мажлисда ҳозир бўлганлардан гапга фаҳми етадиганлар: «Бу одам билиб турибди», дейишарди. Бошқалари эса имом Бухорийга ожизлик, нуқсон ва калтафаҳмлик нисбатини беришар эди.

Сўнгра ҳалиги ўн кишидан яна бири туриб, алмаштириб қўйилган ҳадислардан бошқа бири ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», деди. У бошқаси ҳақида сўради. Бухорий: «Буни билмайман», деди. Яна бошқаси ҳақида сўради. Бухорий: «Буни билмайман», деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий: «Буни билмайман», дейишда давом этди. Кейин учинчи, тўртинчи бўлиб, ўн кишининг ҳаммаси ўзларининг алмаштирилган ҳадислари ҳақида сўрашди. Бухорий: «Буни билмайман», дейишдан бошқа гап айтмади.

Бухорий уларнинг саволи тамом бўлганини билганидан кейин биринчи одамга қараб: «Сенинг биринчи ҳадисинг бундай, иккинчи ҳадисинг бундай, учинчиси, тўртинчиси...» деб, аввал бузилган матннинг, сўнг асл матннинг барчасини тўғри айтиб берди. Ҳар бир матнни санадига, санадни матнига тўғри ҳолда қўйиб чиқди. Бошқаларини ҳам шундай қилди. Барча матнларни ўз санадига, санадларни ўз матнига қўйиб чиқди. Шунда одамлар унинг ҳифзига тан бердилар ва фазлини эътироф қилдилар».

Алий ибн Ҳусайн ибн Осим Пойкандий айтади: «Ҳузуримизга Муҳаммад ибн Исмоил келди, атрофида жамландик. Унинг суҳбатидан машойихлардан ҳеч ким четда қолмас эди. Биз унинг олдида баъзи нарсаларни эсладик. Суҳбатдошларимиздан бири: «Мен Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг «Мен ўз китобимда етмиш минг ҳадисни кўряпман», деганини эшитганман», деди. Шунда Муҳаммад ибн Исмоил: «Шунга ҳам ажабланасанми?! Эҳтимол, бу замонда ўз китобида икки юз минг ҳадисни кўрадиганлар ҳам бордир», деди ўзига шама қилиб».

Имом Бухорий бир сафар: «Мен юз мингта саҳиҳ ва икки юз мингта саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан биламан», деган эди.

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий: «Мен Ҳарамайн, Ҳижоз, Шом ва Ироқда кўп уламоларни кўрганман. Улар ичида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдек жамловчисини кўрганим йўқ», дейди.

Имом Бухорий ҳадисларни қуруқ ёд олиш билангина эмас, балки уларни яхши билиши билан ҳам шуҳрат қозонган эдилар. Абу Алий Солиҳ ибн Муҳаммад Асадийдан Бухорий, Абу Зуръа ва Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ҳақида сўрашганида: «Уларнинг ичида ҳадисни энг яхши биладигани Муҳаммад ибн Исмоилдир. Мен ундан кўра фаҳми зўрроқ хуросонликни кўрмадим», деб жавоб берган.

Икки юз қирқ еттинчи йил эди. Муҳаммад ибн Идрис Розий ўз шерикларига: «Ҳузурингизга Хуросондан бир киши келади. У ердан ундан кўра ҳофизаси кучлироқ одам чиқмаган ва Ироққа ундан кўра илмлироқ одам ҳам келмаган», деди. Ўшандан бир неча ой ўтиб, Муҳаммад ибн Исмоил келди.

Иброҳим Хаввос айтади: «Абу Зуръанинг Муҳаммад ибн Исмоилнинг олдида худди ёш болага ўхшаб ўтириб, ҳадиснинг иллати ҳақида сўраётганини кўрганман».

Имом Бухорий айтадилар: «Муҳаммад ибн Салом менга: «Китобларимни кўриб чиқиб, хатоларини белгилаб бер, токи кейин уларни ривоят қилмай», деди. Айтганини қилиб бердим».

Муҳаммад ибн Салом Муҳаммад ибн Исмоил «яхши» деган ҳадисни «Йигит рози бўлди» деб, заиф ҳадисларни «Йигит рози бўлмади» деб белгилаб қўйган эди. Баъзи шериклари: «Бу йигит ким?» деб сўраганда, «Мисли йўқ киши, Муҳаммад ибн Исмоил», деб жавоб берар эди.

Абу Ҳомид Аъмаший айтади: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни Абу Усмон Саъид ибн Марвоннинг жанозасида кўрдим. Муҳаммад ибн Яҳё ундан исмлар, кунялар ва ҳадиснинг иллатлари ҳақида сўрар эди. Муҳаммад ибн Исмоил у саволларга ўқдек тез, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқигандек жавоб берар эди».

«Тарихи Бағдод» китобида қуйидагилар келтирилади: «Ражо ибн Муражжо Марвазий Бухорийни зиёрат қилганда ундан Айюбнинг ҳадисларидан сўради. Абу Абдуллоҳ жавоб берди. Ниҳоят, Ражо савол сўрашдан тўхтади ва Абу Абдуллоҳга: «Зикр қилмаган нарсамиз қолдими?» деди. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис айта бошлади. Ражо: «Буни ким ривоят қилган?» дер эди. Абу Абдуллоҳ унинг санадини келтирарди. Ўнтадан кўп ҳадисни айтганидан кейин Ражода қаттиқ ўзгариш пайдо бўлди. Абу Абдуллоҳ унинг юзига қараб, ўзгаришни сезди ва гапни тўхтатди. Ражо чиқиб кетганидан кейин Абу Абдуллоҳ: «Мен унга айтганимдан бир неча марта кўпини айтмоқчи эдим. Аммо унга бир нарса бўлиб қолмасин деб, гапдан тўхтадим», деди».

«Тарихи Бағдод» китобида келтирилади: «Бир киши Бухорийдан: «Ёдлаш қобилиятига дори борми?» деб сўради. «Билмайман, – деди у сўровчига қараб. – Ёдлаш учун кишига илмга чанқоқлик ва доимий изланишдан кўра манфаатлироқ нарсани билмайман», деди».

Имом Бухорий: «Менда ўзим санадини билмайдиган ҳадис йўқ. Менда тарихдаги ҳар бир исмнинг қиссаси бор», дер эдилар.

Бир куни Бухорий Найсобурда Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг мажлисида ҳозир бўлди. Исҳоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирини зикр қилди. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан кейин Ато Кайхароний зикр қилинган эди. Исҳоқ: «Эй Абу Абдуллоҳ! Кайхарон нима?» деди. «Ямандаги бир қишлоқ. Муовия ибн Абу Суфён Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан шу кишини Яманга юборган ва Ато ундан иккита ҳадис эшитган эди», деди Бухорий. «Эй Абу Абдуллоҳ! Худди ўша одамларнинг орасида бўлгандексан-а!» деди Исҳоқ.

Абу Ийсо Термизий айтадилар: «Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам иллатлар маъносини, тарих ва санадларни билишда Муҳаммад ибн Исмоилдек бирор кишини кўрмадим».

 

Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаблари ҳақида

Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаблари ҳақида аҳли илмлар турли фикрлар айтишган.

Имом Бухорий ёшлик чоғларида ҳанафий фиқҳини ҳам ўрганган ва бу ҳақда «Аҳли раъйнинг фикрини ҳам ўргандим», деган.

Тожуддин Субкий «Табақотуш-Шофеъийя» китобида, Сиддиқ Ҳасанхон «Абжадул улум»ида ва Ибн Ҳажар ўзининг «Фатҳул Борий» асарида имом Бухорийнинг фиқҳда шофеъий мазҳабида бўлганларини айтишган.

Ибн Қайюм Жавзия ўзининг «Иъломул-муваққиъийн» китобида ва Ибн Абу Яъло ўзининг «Табақотул Ҳанабила» китобида имом Бухорийни ҳанбалийлардан, дейишган.

Шайх Тоҳир Жазоирий, шайх Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ва бошқалар эса: «Имом Бухорий ўзлари мужтаҳид фақиҳ бўлганлар», дейишади. Ушбу гапни кўпчилик уламолар қўллаб-қувватлашади.

 

Имом Бухорийнинг устозлари

Имом Бухорий илм ва ҳадис талабида умрларининг кўп қисмини сафарда ўтказганлари аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Шунинг учун у кишининг устозлари жуда кўп бўлган. Муҳаддис бир кишидан биттагина ҳадис ривоят қилган бўлса ҳам ўша шахс унга устоз, муҳаддислар истилоҳида «шайх» ҳисобланади.

«Тарихи Бағдод» китобида зикр қилинишича, имом Бухорийнинг ўзлари: «Мен мингдан ортиқ шайхдан ҳадис ёзиб олганман», деганлар.

Мутахассис уламолар имом Бухорийнинг устозларини икки қисмга тақсимлашади.

 

Биринчи қисм: иқлимлар ва шаҳарлар бўйича

Макка: 

  1. Абул Валид Аҳмад ибн Муҳаммад Азрақий.
  2. Абдуллоҳ ибн Язийд Муқрий.
  3. Исмоил ибн Солим Соиғ.
  4. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдий ва бошқалар. 

Мадина:

  1. Иброҳим ибн Мунзир Ҳизомий.
  2. Мутарриф ибн Абдуллоҳ.
  3. Иброҳим ибн Ҳамза.
  4. Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ.
  5. Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий.
  6. Яҳё ибн Қазаъа ва бошқалар. 

Шом:

  1. Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий.
  2. Абу Наср Исҳоқ ибн Иброҳим.
  3. Одам ибн Абу Иёс.
  4. Абул Ямон Ҳакам ибн Нофеъ.
  5. Ҳаёт ибн Шурайҳ ва бошқалар. 

Бухоро:

  1. Муҳаммад ибн Салом Пойкандий.
  2. Муҳаммад ибн Юсуф Бухорий.
  3. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муснадий.
  4. Ҳорун ибн Ашъас ва бошқалар. 

Марв:

  1. Алий ибн Ҳасан ибн Шақийқ.
  2. Абдон ибн Усмон.
  3. Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалар. 

Балх:

  1. Маккий ибн Иброҳим.
  2. Яҳё ибн Бишр.
  3. Муҳаммад ибн Абон.
  4. Ҳасан ибн Шужоъ ва бошқалар. 

Ҳирот:

Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ҳанафий. 

Найсобур:

  1. Яҳё ибн Яҳё Тамиймий.
  2. Бишр ибн Ҳакам.
  3. Аҳмад ибн Ҳафс.
  4. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий ва бошқалар. 

Рай:

Иброҳим ибн Мусо. 

Бағдод:

  1. Муҳаммад ибн Ийсо Таббоъ.
  2. Муҳаммад ибн Собиқ.
  3. Сурайж ибн Нуъмон.
  4. Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар. 

Басра:

  1. Абу Осим Набил.
  2. Сафвон ибн Ийсо.
  3. Бадал ибн Муҳаббир.
  4. Ҳарам ибн Ҳафс ва бошқалар. 

Восит:

  1. Ҳассон ибн Ҳассон.
  2. Ҳассон ибн Абдуллоҳ.
  3. Саъийд ибн Сулаймон ва бошқалар. 

Куфа:

  1. Убайдуллоҳ ибн Мусо.
  2. Абу Нуъайм.
  3. Аҳмад ибн Яъқуб.
  4. Исмоил ибн Абон ва бошқалар. 

Миср:

  1. Усмон ибн Солиҳ.
  2. Саъийд ибн Абу Марям.
  3. Асбағ ибн Фараж ва бошқалар.

Жазийра (Дажла ва Фурот орасидаги ерлар)

  1. Аҳмад ибн Абдулмалик Ҳарроний.
  2. Аҳмад ибн Язийд Ҳарроний ва бошқалар.

 

Иккинчи қисм: Табақотлар бўйича

Абулфазл Мақдисий ва бошқа уламоларнинг таъкидлашларича, имом Бухорийнинг машҳур «Саҳиҳ» китобларида келтирилган ҳадисларни олган шайхлари беш табақадан иборатдир.

Биринчи табақа:

Имом Бухорий билан ҳадисни ривоят қилувчи тобеъин орасида фақат битта ровий бор, холос.

Улардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдир. Имом Бухорий у орқали Ҳумайддан, у Анасдан ривоят қилган.

Маккий ибн Иброҳим ва Абу Осим Набил ҳам биринчи табақага кирадилар. Имом Бухорий улар орқали Язийд ибн Абу Убайддан, у Салама ибн Акваъдан ривоят қилган.

Улардан яна бири Убайдуллоҳ ибн Мусодир. Имом Бухорий у орқали Маъруфдан, у эса Абу Туфайл ва Алидан ривоят қилган.

Юқорида зикри келганларга ўхшаганлар биринчи табақадан ҳисобланади.

 

Иккинчи табақа:

Тобеъинлардан ҳадис олган имомлардан ривоят қиладиган одамлардир. Жумладан қуйидагиларни зикр қилиш мумкин:

Ҳижозликлардан: Ибн Журайж, Молик, Ибн Абу Зеъб, Ибн Уяйна.

Шомликлардан: Шуъайб, Авзоъий ва иккисининг табақасидагилар.

Ироқликлардан: Саврий, Шуъба, Ҳаммод, Абу Авона, Ҳаммам.

Мисрликлардан: Лайс, Яъқуб ибн Абдурраҳмон.

Бу табақадагилар ҳам жуда кўп. Биз улардан баъзиларини зикр қилдик.

Учинчи табақа:

Имом Бухорий кўрган, аммо улардан ҳадис эшитмаган кишилар.

Бу табақага Язийд ибн Ҳорун ва Абдурраззоқ мисол бўлади.

 

Тўртинчи табақа:

Имом Бухорийнинг табақаларидаги кишилар бўлиб, улар орқали ўз шайхларининг ривоятларини олган. Буларга Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис мисол бўлади.

 

Бешинчи табақа:

Санад, ёш, вафот ва маърифатда имом Бухорийдан кейин турадиган одамлар бўлсалар ҳам, у киши улардан ривоят қилган. Уларга Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омулий ва Ҳусайн Қаббоний мисол бўлади.

Мақдисийнинг айтишича, имом Бухорийнинг ўзлари: «Муҳаддис токи ўзидан юқори, ўзи тенги ва ўзидан кичиклардан ривоят қилмагунча, комил бўла олмайди», деганлар.

 

Имом Бухорийнинг шогирдлари

Имом Бухорийнинг шогирдлари ниҳоятда кўп бўлган. Мўътабар манбаларнинг гувоҳлик беришича, улуғ олим ҳаётининг бош китоби бўлмиш «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»дан у кишининг бевосита раҳбарликларида тўқсон минг киши таълим олган. Уларнинг сафида машҳур муҳаддислар Муслим ибн Ҳажжож, имом Термизий, имом Насоий, Ибн Хузайма, Ибн Абу Довуд, Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Мансур ибн Муҳаммад Баздавий ва яна кўплаб улуғ олимлар бор.

Ҳали болалик чоғларидаёқ имом Бухорийнинг шогирдлари сон-саноқсиз бўлиб кетган эди. Ёшлик пайтларида Басра аҳлининг маърифат толиблари у кишининг ортларидан югуришар эди. Ҳаттоки йўл устига ўтирғизиб олиб, мажбур қилиб ҳадис сўрашарди.

Ўша мажлисларда минглаб одам жамланар эди. Уларнинг кўпчилиги одамлар ҳадисларини ёзиб оладиган шайхлар бўларди. Имом Бухорий эса ҳали мўйлаби чиқмаган ёш бола эди.

«Тарихи Бағдод» китобида бу ҳақда шундай дейилган: «Абу Бакр ал‑Аъйян айтади: «Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг эшиги олдида Муҳаммад ибн Исмоилдан ҳадис ёзиб олдик. Ўшанда унинг юзида бирорта ҳам тук йўқ эди. Бир марта Бухорий Басрага келганида жарчи: «Эй аҳли илмлар! Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди!» деб жар солди.

Уни излаб борганлар Басра жомеъ масжидида, устун ортида намоз ўқиётган қоп-қора соқолли ёш йигитни кўрдилар. У намозини ўқиб бўлиши билан ўраб олиб, улар учун имло мажлиси қуришини илтимос қилишди. У киши рози бўлдилар.

Шунда жарчи Басра жомеъ масжидида туриб, иккинчи марта: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди! Биз ундан имло мажлиси қуришини сўрадик! У эртага фалон жойда мажлис қуришга рози бўлди!» деб жар солди. Эртасига фақиҳлар, муҳаддислар, ҳофизлар ва нозирлардан бир неча минг одам жамланди.

Бағдодда ҳам у кишининг минглаб шогирдлари бор эди. Абу Алий Солиҳ ибн Муҳаммад Бағдодий айтади: «Муҳаммад ибн Исмоил Бағдодда мажлис қурар эди. Мен унинг имлосини одамларга етказиб турар эдим. Унинг мажлисига йигирма мингдан зиёд одам жамланар эди».

Қисқа қилиб айтганда, имом Бухорий шогирдларининг саноғига етиш қийин. Ўша вақтдаги кўзга кўринган барча олимлар у кишига шогирд бўлган, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

 

Имом Бухорийнинг вафотлари

Имом Бухорий бутун Ислом оламига танилиб, шуҳратлари етти иқлимни олганидан кейин она ватанлари Бухорода қарор топишни ихтиёр қилдилар. Бухоро аҳли ўз фахри бўлган улуғ олимини шодлик билан қарши олди.

Одатдагидек, буюк имом халққа дарс айтишни бошладилар. Дарсларга сон-саноқсиз одам ҳозир бўлар эди. Кучли ва ёқимли овоз соҳиби бўлган мубаллиғлар – дарсни одамларга етказиб турувчилар имом Бухорийнинг ҳар бир гапларини дарсда иштирок этаётган халойиққа етказиб туришар эди.

Бутун эл ғоятда масрур, Бухоро аҳли имом Бухорийдан дарс олиш бахтидан мамнун эди. Кун сайин дарс иштирокчилари кўпайиб борар ва атроф жавониблардан ҳам кишилар келиб, уларга қўшилар эди. Бу билан имом Бухорийнинг обрў-эътиборлари ҳам ортиб борарди.

Шундай бир пайтда ўша даврдаги Бухоронинг волийи Холид ибн Аҳмад Зуҳлий имом Бухорийга одам юбориб, у кишидан уйига келиб, болаларига «Жомеъ» ва «Тарих»дан дарс беришларини талаб қилди. Имом Бухорий унинг ҳузурига боришдан бош тортдилар. Келган элчига: «Унга айтиб қўй, мен илмни хорлаб, султонларнинг остонасига кўтариб бормайман. Агар унинг бирор илмга ҳожати бўлса, масжидимга ёки ҳовлимга келсин. Агар бу унга ёқмаса, у султон, мени мажлисдан мутлақо ман қилиб қўйиши мумкин, токи менинг учун Аллоҳнинг ҳузурида илмни яширмаганим ҳақида узр бўлсин», дедилар.

Волий яна одам юбориб, имомдан ўз болалари учун алоҳида, бошқаларни аралаштирмасдан мажлис қуришни талаб қилди. Имом Бухорий бу гапни ҳам қабул қилмадилар ва: «Бир қавмни қўйиб, хоссатан бошқасига дарс ўтиш менга тўғри келмайди», дедилар.

Волий Холид ибн Аҳмад Зуҳлий имом Бухорийга қарши Бухоронинг Ҳурайс ибн Абул Варқо каби илмлиларидан ёрдам сўради. Улар дарҳол имом Бухорийга қарши бўҳтон тўқишди. У кишининг бузуқ мазҳабда эканини даъво қилишди. Волий имом Бухорийни Бухородан чиқаришга амр қилди.

Имом Бухорий дуоси мустажоб – тўхтовсиз қабул бўладиган зотлардан эдилар. Зулм жонларидан ўтиб кетганидан мазкур душманлар ҳақида: «Эй Аллоҳ! Менга қасд қилган нарсаларини ўзларига, авлодларига ва аҳли аёлларига кўрсатгин!» дея дуо қилдилар.

Бир ой ўтмасдан, Тоҳирийларнинг буйруғи келиб, волий Холид ибн Аҳмад Зуҳлий урғочи эшакка тескари миндирилиб, сазойи қилинди. Кейин мазкур волий ҳажга бориш мақсадида йўлга чиққан эди, Бағдодга етганида, халифа Муътамаднинг укаси Муваффақ ибн Мутаваккил уни тутиб, қамади ва у қамоқда вафот этди.

Ҳурайс ибн Абул Варқо аҳли аёлида балога учраб, васфига тил ожиз ҳолатлар бошига тушди. Бошқа бири болаларида балога учраб, Аллоҳ таоло унинг бошига кўп кулфатларни солди.

Имом Бухорий Бухородан чиқиб, Самарқанд томон юзландилар. Самарқанддан икки фарсах масофадаги Хартанг қишлоғида у кишининг қариндошлари бор эди. У киши мазкур қариндошлариникига келиб тушдилар. Имом Бухорий кечалари намоз ўқиб, ибодат қилар эдилар. Бир кеча тунги намоздан кейин шундай дуо қилдилар: «Аллоҳим! Дарҳақиқат, ер юзи кенг бўлишига қарамай, менга тор бўлиб қолди. Мени Ўзингга олгин!» Ана шундан кейин бир ой ўтмай, имом Бухорий вафот топдилар.

«Табақотуш-Шофеъийя» китобида Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ғолиб ибн Жаброилдан (уйида имом Бухорий яшаган киши) ривоят қилинади:

«Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турди. Кейин бемор бўлиб қолди. Дард кучайган бир пайтда Самарқанд волийининг элчиси келиб, у кишининг чиқишларини сўради (Самарқандликлар имом Бухорийдан ўз шаҳарларига келишларини илтимос қилишган эди).

Бухорий бизни кўргач, уловга минишга тайёрлана бошлади. Маҳсиларини кийди. Салла ўради. Мен у кишининг билагидан суяб борардим, бошқа бир киши минишга уловни етаклаб келаётган эди. Йигирма қадамча юрганидан кейин у киши: «Мени қўйинглар, заифлашиб қолдим», дедилар.

Бир қанча дуолар қилдилар, кейин ёнбошлаб туриб, жон таслим қилдилар. Баданларидан тер оқди, сифатлаб бўлмайдиган даражада қуйилди. Либосларига ўрагунимизча тер тўхтамади. У киши бизга қилган васиятлари орасида: «Мени учта оқ кийим (латта) билан кафанланглар. Уларнинг ичида кўйлак ва салла бўлмасин», деган эди. Биз шундай қилдик».

Абдулвоҳид ибн Одам Тавовусий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрдим. У зот билан бир гуруҳ саҳобалари ҳам бор. У зот бир ерда турибдилар. Салом берган эдим, алик олдилар. «Эй Расулуллоҳ! Бу туришингизнинг боиси не!» дедим. «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутиб турибман», дедилар. Бир неча кундан кейин унинг вафоти ҳақида хабар келди. Кейин билсак, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган соатда вафот этган экан».

Имом Бухорий жума куни Рамазон байрамидан бир кун аввал хуфтон намози пайтида вафот этдилар. Рамазон байрами куни, пешин намозидан кейин, ҳижрий икки юз эллик олтинчи сананинг биринчи шаввол куни Хартангда дафн қилиндилар.

«Ал-Бидоя ван-ниҳоя» китобида имом Бухорийнинг дафн маросимига бош-қош бўлган Иброҳим ибн Муҳаммаддан қуйидаги ривоят келтирилади: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг дафнига мен мутасадди бўлганман. У Хартангда вафот этгач, Самарқанд шаҳрига олиб бориб дафн қилмоқчи бўлдим. Аммо бир биродаримиз бунга йўл бермади ва Хартангга дафн қилдик».

«Ал-Бидоя ван-ниҳоя» ва бошқа китобларда Имом Бухорийнинг қабрлари тупроғидан мушкнинг ҳиди чиқиб тургани, сўнгра қабр устидан оппоқ устунлар осмонга қараб бўй чўзгани, буни кўрган одамлар турли гапларни гапира бошлашгани зикр қилинади.

Имом Бухорий бу дунёда ўн уч куни кам олтмиш икки йил ҳаёт кечирганлар.

 

Имом Бухорий ҳақларида айтилган мақтов ва таърифлар

Аллоҳ таоло имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато қилди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси сифатида у кишининг шуҳратларини бутун дунёга таратди. Имом Бухорий асрлар оша мўмин-мусулмонлар қалбининг тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига мушарраф бўлиб келмоқдалар. У кишининг мақтовида айтилган ва ёзилган гапларни тўлиқ келтиришнинг иложи йўқ бўлса керак. Биз улардан баъзиларини тақдим этиш ила кифояланамиз.

Аҳмад ибн Сайёр Марвазий: «Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Жўъфий Абу Абдуллоҳ илм талаб қилди. Одамлар ила мажлис қурди. Ҳадис излаб, сафар қилди ва унда моҳир бўлди. У гўзал маърифатли, яхши ҳофизали эди ва фақиҳлик ҳам қиларди», деган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилдек киши чиқмаган», деган.

Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол: «Менимча, Ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди», деган.

«Тарихи Бағдод» китобида имом Бухорийнинг ўзларидан қуйидаги ривоят нақл қилинади: «Басрага кирганимда Муҳаммад ибн Башшорнинг мажлисига бордим. У ичкаридан чиққанида, кўзи менга тушди ва: «Йигит қаердан?» деди. «Бухоро аҳлидан», дедим. «Абу Абдуллоҳни қандай ҳолда тарк қилдинг?» деди. Мен жим қолдим. Асҳоблари унга: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бу Абу Абдуллоҳнинг ўзи», дейишди. У ўрнидан турди, қўлимдан ушлаб, бўйнимдан қучоқлади ва: «Хуш келибсан, кўп йиллардан буён фахрланиб юрганим!» деди».

Алий ибн Мадийнийга Бухорийнинг «Ўзимни ҳеч кимнинг олдида Алий ибн Мадийний ҳузуридагичалик кичик ҳис қилмаганман» дегани айтилганида, у: «Унинг гапини қўйинглар. У ўзи кабини учратмаган», деган экан. Бухорий Алий ибн Мадийнийнинг ўнг тарафида ўтирар эди. Ибн Мадийний ҳадис айта туриб, худди қўрққандек, Бухорийга қараб-қараб қўяр эди.

Амр ибн Алининг асҳоблари Бухорий билан бир ҳадисни музокара қилишди. У: «Бу ҳадисни билмайман», деди. Улар бундан масрур бўлиб, Амр ибн Алйининг олдига югуришди ва унга: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга бир ҳадис айтган эдик, билмайман, деди», дейишди. Шунда Амр ибн Алий: «Муҳаммад ибн Исмоил билмайдиган ҳадис ҳадис эмас», деди.

Абу Маъшар Ҳамдавайҳ ибн Хаттоб айтади: «Муҳаммад ибн Исмоил Ироқдан охирги марта келганида уни жуда кўп одам кутиб олди ва издиҳом катта бўлиб кетди ҳамда унга яхшилик кўрсатишда муболаға қилишди. Унинг ўзига одамларнинг икром ва яхшилик кўрсатиши ҳақида айтилганида: «Басрага кирган кунимизни кўрганингизда эди», деди».

Салим ибн Мужоҳид: «Олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ, парҳезкорроқ ва дунёда зоҳидроқ одамни кўрмадим», деган.

Абу Ийсо Термизий айтади: «Муҳаммад ибн Исмоил Абдуллоҳ ибн Мунирнинг ҳузуридан тураётганида, у: «Эй Абу Абдуллоҳ! Аллоҳ сени ушбу умматнинг зийнати қилсин!» деди. Аллоҳ унинг дуосини қабул қилди».

Бухорий имом Аҳмад билан видолашиб, Хуросонга кетаётганида у: «Эй Абу Абдуллоҳ! Илмни ва одамларни тарк қилиб, Хуросонга кетмоқдамисан?!» деди.

Яҳё ибн Жаъфар айтади: «Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир».

Ҳофиз Ражо ибн Муражжо: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг уламолардан афзаллиги эркакларнинг аёллардан афзаллиги кабидир», деди. «Эй Абу Муҳаммад! Шунчаликми?» деди бир киши. «У Аллоҳнинг ер юзида юрган мўъжизаларидан биридир!» деди у.

Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф: «Ким Муҳаммад ибн Исмоил ҳақида бирор номаъқул нарса айтса, мендан унга минг лаънат бўлсин!» деган.

Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омулий айтади: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг кўксидаги бир тук бўлишни орзу қиламан».

Имом Муслим ибн Ҳажжож: «Фақат ҳасадгўйгина сени ёқтирмайди. Гувоҳлик бераманки, дунёда сенга ўхшаш йўқ», деган. Одамлар имом Муслимнинг Бухорий олдида худди шогирд боладек бўлиб савол сўраётганини кўришган.

Ҳусойн ибн Муҳаммад айтади: «Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаганини кўрмаганман. Муслим ҳам ҳофиз Муҳаммад ибн Исмоилга ета олмаган. Абу Зуръа ва Абу Ҳотимларнинг Муҳаммад ибн Исмоил нима деса эшитиб, ёнбошида ўтирганларини кўрганман».

Унга Муҳаммад ибн Яҳёнинг қиссаси айтилганда: «У киму, Муҳаммад ибн Исмоил ким? Муҳаммад ибн Исмоил умматлардан бири бўлган. У бу ишда Муҳаммад ибн Яҳёдан илмли бўлган. Муҳаммад ибн Исмоил ўта диндор ва фозил бўлган. Барча ишларни яхшилаб қилган», деди.

Имом Муслим ибн Ҳажжож Имом Бухорийнинг олдига келиб, икки кўзи орасидан ўпганини ва «Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди ва ҳадис иллатларининг табиби! Ижозат беринг! Икки оёғингиздан ўпай!» деганини одамлар кўришган.

Имом Нававий айтадилар: «Билки, Бухорийнинг олий мақоми, бу илмда ўз тенгдошлари ва ўхшашларидан пешқадам эканига ўтгану қолган замондаги барча иттифоқ қилади. Унинг фазли учун уни мақтаган ва яхшиликларини тарқатганларнинг кўпчилиги унинг кўзга кўринган шайхлари ва машҳур шерикларидир.

Унинг фазилатларини санашнинг имкони йўқ. Чунки улар санаш чегарасидан ташқарида ва бир неча турларга тақсимлангандир: ҳифз, англаш, таҳсил, ривоятдаги ижтиҳод, ибодат, зоҳидлик, парҳезкорлик, тадқиқот, пухталик, маърифат, ҳолатлар, кароматлар ва бошқалар».

Имом Бухорий ҳақида имом Заҳабий айтадилар: «У заковат, илм, парҳезкорлик ва ибодатда бош эди».

Имом Бухорий ҳақида имом Субкий шундай дейди: «У мусулмонларнинг имоми, тавҳид аҳлининг ўрнаги, мўминларнинг шайхи, Набийлар саййиди ҳадисларининг суянчиғи, дин низомининг муҳофазачиси ва «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»нинг соҳибидир».

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.