بسم الله الرّحمن الرّحيم
38 - كتاب: السَّلَم
38.. САЛАМ савдоси* КИТОБИ
* «Салам» сўзи «топшириш», «тақдим этиш» деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса салам деб маълум келишилган молнинг пулини олдиндан бериб, молни кейинроқ, белгиланган вақтда топшириш шарти билан қилинган савдога айтилади. Бошқача қилиб айтганда, салам савдоси насия савдонинг тескарисидир, яъни насияда мол нақд, пул насия бўлса, саламда пул нақд, мол насия бўлиб, кейинроқ топширилади. Ҳанафийларга кўра, саламнинг еттита шарти бўлиб, улар тўлиқ бажарилгандагина салам савдоси дуруст бўлади, акс ҳолда рибога айланиб кетиши мумкин.
Савдо битимининг бу тури молнинг пули келишув вақтида тақдим этилгани учун «салам» деб номланган. Шунингдек, пул олдиндан топширилгани учун «салаф» («олдин бўлиб ўтмоқ», «ўтмиш») деб ҳам юритилади. Таржимада ҳар иккиси ҳам «салам» деб берилди.
814/1- بَاب: السَّلَمِ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ
814.1-БОБ.
САЛАМнинг МАЪЛУМ ЎЛЧОВДА бўлиши ҲАҚИДА
1027/2239 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَدِمَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم الْمَدِينَةَ، وَالنَّاسُ يُسْلِفُونَ فِي الثَّمَرِ الْعَامَ وَالْعَامَيْنِ، فَقَالَ: «مَنْ سَلَّفَ فِي تَمْرٍ، فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ، وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ».
1027.2239. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида одамлар мевада бир йил-икки йилга [Исмоил: «ёки «икки ё уч йилга» деган», деб иккиланган*] – салам савдо қилишарди. Шунда у зот: «Ким хурмода салам савдо қилса, маълум ўлчовда ва маълум вазнда салам қилсин», дедилар».
* Исмоил ибн Улайя, ҳадис ровийларидан бири.
Изоҳ: Яъни ҳажм ё сиғим билан келишиладиган бўлса маълум ўлчовда, оғирлик асосида келишилса, маълум вазнда бўлиши керак. Бу ҳам салам савдосининг шартларидан бири ҳисобланади.