104-ҳадис

104/1. Ҳузайфа ибн Йамон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини бошладилар. Юз оятда рукуъ қилсалар керак, деб ўйладим. Аммо намозда давом этдилар. Ҳаммасини ўқиб бўлиб, рукуъ қилсалар керак, деб ўйладим. Аммо намозда давом этдилар. Сўнг Оли Имрон сурасини бошладилар. Кейин Нисо сурасини шу тахлит ўқидилар. Оҳиста ва шошилмай қироат қилдилар. Бирор оятни ўқиётганларида тасбиҳ келса, тасбиҳ айтдилар, сўраладиган нарса келса, сўрадилар, паноҳ тилайдиган оят келса, паноҳ тиладилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Соҳибларимиз айтишади: «Имомга, эргашувчига, ёлғиз ўқиётган кишига намозда ёки бошқа нарсада тасбиҳ айтиш, сўраш, паноҳ тилаш оятлари келганида, ана шуларни қилиш мустаҳабдир. Шунингдек, Ват-тийн сурасининг

(أَلَيسَ اللهُ بِأَحْكَمِ الحَاكِمِينَ)

«Ахир Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг адолатлиси эмасми?!» ояти ўқилганини эшитса,

بَلَى وَأَنَا عَلَى ذَلِكَ مِنَ الشَّاهِدِينَ

«Ҳа, Аллоҳ таоло қиёмат кунида энг одил ҳукм қилгувчи эканига иқрорман», деб айтиш, Қиёмат сурасининг 40-оятидаги

(أَلَيسَ ذَلِكَ بِقَادِرٍ عَلَى أَنْ يُحْيِيَ الْمَوتَى)

«Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!» оятини эшитганида,

بَلَى أَشْهَدُ

«Албатта, Аллоҳ бунга қодирдир! Мен гувоҳлик бераман», деб жавоб қилиш ёки Аъроф сурасидаги

(فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَهُ يُؤْمِنُونَ)

 "Бундан кейин, яна қайси гапга ишонарлар?!" оятини эшитганда,

 آمَنْتُ بِاللهِ

"Аллоҳга иймон келтирдим", деб жавоб қилиш ёки Аъло сурасидаги

(سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الأَعْلَى)

 «Энг олий зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айбу нуқсондан) покланг!» ояти ўқилганида,

سُبْحَانَ رَبِّيَ الأَعْلَى

«Олий раббим Аллоҳ айб-нуқсонлардан покдир», дейиш мустаҳабдир.

* روينا عن حذيفة بن اليمان رضي الله عنه قال: "صليت مع النبي صلى الله عليه وسلم ذات ليلة، فافتتح البقرة، فقلت: يركع عند المائة، ثم مضى، فقلت: يصلي بها في ركعة، فمضى [فقلت: يركع بها]، ثم افتتح النساء فقرأها، ثم افتتح آل عمران، فقرأها يقرأ، مترسلا، إذا مر بآية فيها تسبيح سبح، وإذا مر بسؤال سأل، وإذا مر بتعوذ تعوذ. رواه مسلم في "صحيحه".

Улашиш
|
|
Нусха олиш