Ал-Азкор
hadis.islom.uz

Мутаржим муқаддимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

Қўлингиздаги ушбу китоб Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Қуръони карим ва Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, имонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур. Бу мўътабар асарни машҳур юртдошимиз Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир ат-Тарозий ал-Маданий (Олтинхон тўра) ўтган аср бошларида ўзбек тилига моҳирона таржима қилиб, араб имлосида нашр эттирган эдилар. Шўролар тузуми барҳам топганидан кейин китоб ана шу таржима асосида жорий имлога табдил қилиниб, Наманган ва Марғилон нашриётларида кўп нусхада чоп этилди. Аммо Олтинхон тўра таржималаридаги айрим сўзлар ҳозирги китобхонларга тушунарсиз ёки изоҳталаб бўлгани, бунинг устига араб имлосидан крилл имлосига табдил қилиш чоғида кўплаб имловий хатоларга йўл қўйилгани, қолаверса, у тугал таржима қилинмагани боис мусулмонлар ўртасида унча оммалашмади.

Ана шу бўшлиқни тўлдириш, бу машҳур асарни талабчан ўқувчига тушунарли ҳолда етказиш умидида Имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби бевосита араб тилидан ўзбекчага таржима қилинди ва нашрга тайёрланди. Бунда Олтинхон тўра ҳазратларининг таржималаридан ҳам бир қадар фойдаланилдики, бунинг учун бу зотнинг ҳақларига дуода бўлишга бурчлимиз. Шунингдек, ҳозирги китобхонга тушунарли бўлиши учун таржима чоғида айрим ибора ва истилоҳларга шарҳлар берилди, ҳадислар рақамлар билан тартиблаб чиқилди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

1 Ал-Азкор 1 - 269
2 Қуръон тиловат қилиш китоби 270 - 287
3 Аллоҳ таолога ҳамд айтиш китоби 288 - 290
4 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш китоби 291 - 302
5 Фавқулодда ҳолатларда қилинадиган дуо ва зикрлар китоби كتاب الأذكار والدعوات للأمور العارضات 303 - 306