1-ҳадис

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзга ташланадиган даражада новча ҳам, пакана ҳам эмасдилар. Ўта оқ ҳам, ўта қора ҳам эмасдилар. Жуда жингалаксоч ҳам ва жуда силлиқсоч ҳам эмасдилар. Қирқ ёшга кирганларида Аллоҳ у зотни пайғамбар қилиб юборди. Маккада ўн йил, Мадинада ўн йил яшадилар. Аллоҳ у зотни олтмиш ёшнинг бошларида жонларини қабз қилди. Вафот этганда соч соқолларида йигирмата ҳам оқарган соч йўқ эди».

Шарҳ: Ўз бобида ягона бўлган ушбу асарни ватандошимиз Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим» сўзи билан бошлаган. У киши бу борада Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ҳар қандай сўз ёки аҳамиятга эга бўлган иш Аллоҳнинг зикрисиз бошланса, у (баракаси) кесилгандир»[1], деган ҳадисларига амал қилган. Амалларни «Бисмиллаҳ» билан бошлашнинг суннат ва мустаҳаблигини барча фуқаҳолар таъкидлашган.

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим» нинг фазилати борасида Иброҳим Бажурий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Мавоҳибул ладуния» асарида ажиб қиссани келтирган: «Рум подшоҳи Қайсар бошоғриқ дардига чалиниб, унга даво тополмагач, халифа Умар розияллоҳу анҳуга «Мен бошоғриқ касалига чалиндим. Менга бирор хил дори жўнатинг», деб мактуб ёзди. Умар розияллоҳу анҳу унга бош кийим жўнатади. Қайсар ўша бош кийимни кийса, бошоғриқ ўша заҳоти қолар, ечса дард яна қайтарди. Бундан ажабланган Қайсар аъёнларига бош кийимнинг орасини очиб, ичида нима борлигини текшириб кўришни буюрди. Улар бош кийим орасини очиб «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим», деган ёзуви бор бир кичкина матони топишди. Буни кўриб Қайсар «Бу нақадар азиз ва буюк дин! Аллоҳ биргина ояти билан тузалмас дардимга даво берди», деди ва Исломни қабул қилди».

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари деган ном билан танилган буюк саҳобий Анас розияллоҳу анҳу бу ерда ҳабибимиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишларини васфламоқда. Бу васфдан шу маълум бўладики, у зот ўрта бўйли бўлганлар. Лекин узунга тортадиган ўрта бўйли. Чунки Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда «У зотнинг бўйлари узунга яқин эди», дейилган. Демак, у зотнинг муборак бўйлари баланд эмас, лекин баландга яқин бўлган. Кимдир эътироз билдириб, «У зот баланд бўйли бўлганлар, чунки ҳадисда «У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам қайси инсон билан бирга юрсалар, бўйлари ундан баланд бўларди», дейилган», деса, унинг бу эътирозига шундай жавоб берилади: «Бу ривоятдан у зотнинг ўта баланд бўйли бўлганлари тушунилмайди. Чунки, саҳобалар ўзларини у зотдан маънан паст тутганларидек, у киши билан юрганда бўйинларини эгиб, зоҳиран ҳам паст тутган бўлишлари мумкин». Анваршоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳнинг: «У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам (гарчи баланд бўйли бўлмасаларда) қайси инсон билан бирга юрсалар, бўйлари ундан баланд бўлиши, у зотнинг мўжизалари эди»[2], деган сўзи ҳам бу фикрни қўллаб қувватлайди. У зотнинг муборак кўринишлари салобатли бўлган. Салобатли бўлиш учун эса инсон ўта бўйи паст ҳам, ўта баланд ҳам бўлмаслиги керак.

У зотнинг ранглари борасида баъзи ривоятларда саҳобалар у зотни «жуда оппоқ эдилар»[3], дейишгани, у зотнинг хилқатдаги рангларини эмас, юзларидаги нурнинг барқ уриб туришини назарда тутиб айтишган. Баъзи олимлар: «Ким «Набий алайҳиссалом қора эдилар», деса кофир бўлади. Чунки, у зотда йўқ сифатни, у зотга нисбат бериш, у зотни ёлғончига чиқариш билан баробар», дейишган. Бошқа олимлар эса унинг кофир бўлишига сабаб бўлган иллатни баён қилиб: «Унинг кофир бўлишига сабаб, у Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни ранглари қора эди, дейиш билан у зотни таҳқирлаган бўлади ва шунинг учун кофир бўлади», дейишган.

У зотнинг муборак сочлари жингалаклик билан силлиқлик орасида бўлган. Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ «Одатда араблар жингалаксоч бўлади. Ажамлар эса силлиқсоч бўлади. Аллоҳ таоло у зотнинг сочларида ушбу икки сифатни жамлаш ила у зотнинг кўринишларини янада чиройли қилди», деган[4].

Биз ўрганаётган бу ҳадисда у зотни «Маккада ўн йил яшадилар», дейилмоқда. Бу борада олимлар: «У зот Маккада умумий олганда ўн уч йил яшаган бўлсаларда, аввалги уч йилда ошкора даъват қилмаганлар. Аллоҳнинг «Бас, сенга амр этилган нарсани ошкора қил ва мушриклардан юз ўгир»[5] ояти нозил бўлгач қолган ўн йилда ошкора даъват қилганлар. Бу ҳадисда назарда тутилган ўн йил даъватнинг ўша ошкора даври», дейишган.

У зот вафот этганда олтмиш уч ёшда эдилар. Ушбу ҳадисда эса «Аллоҳ у зотни олтмиш ёшнинг бошларида жонларини қабз қилди», дейилмоқда, олимлар Анас розияллоҳу анҳунинг сўзларини шарҳлаб: «Олтмишдан етмишгача бўлган сонни олганда, олтмиш учун сони олтмиш сонинг бошлари ҳисобланади. Бу ҳадисда мана шу маъно назарда тутилган», дейишган.

У зот вафот етганда оқарган соқол ва соч толалари йигирматага ҳам етмаган. Ибн Саъд ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари ва соқолларида ҳаммаси бўлиб ўн етти ёки ўн саккизта оқ соч толаси бор эди», деган.

Демак, у зотнинг соч ва соқолларини биргаликда олганда оқарган толалар сони ўн етти ёки ўн саккизта бўлган. Аммо «У зотнинг сочларида оқ толалар йўқ эди» деб келган ривоятларга келсак, унда умуман йўқлиги эмас, кўп бўлмаганлиги назарда тутилган.

Шу ўринда сочларининг оқ толалари кўп бўлмаганлигининг ҳикматини айтадиган бўлса: ҳадисларда айтилганидек соч толаларининг оқлиги виқор ва нурдир. Ким Исломда сочлари оқарса, қиёмат кунида ўша соч толалари нур бўлади. Лекин нима учун сочнинг оқлиги фазилат бўлишига қарамай, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг оқ соч толалари саноқли бўлган. Бунинг ҳикматини баён қилиб олимлар шундай деган: «Одатда сочнинг оқлигини аёллар табиати кўтармайди ва аёллар сочи оқарганларни табиатан ёқтирмайди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдаги бирор нарсани ёқтирмаслик эса куфр ҳисобланади[6]. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз набийида одамлар ёқтирмайдиган бирор нарсани шакиллантирмади».

[1] Имом Аҳмад ривояти

[2] Анвршоҳ Кашмирий. Арфуш шазий. Байрут: Дору иҳё турос арабий, 2004. – Б: 258.

[3] Имом Баззор ва Табаонийлар ривоятида шундай келган.

[4] Ал-фоиқ фи ғарибил ҳадис китобига қаралсин

[5] Ҳижр сураси, 94 оят

[6] Бу фикрни Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтган. Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ эса Ибн Ҳажарнинг бу фикрига қўшилмаган.

1- حَدَّثَنَا أَبُو رَجَاءٍ قُتَيْبَةُ بْنُ سَعِيدٍ، عَنْ مَالِكِ بْنِ أَنَسٍ، عَنْ رَبِيعَةَ بْنِ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، أَنَّهُ سَمِعَهُ يَقُولُ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ بِالطَّوِيلِ الْبَائِنِ، وَلاَ بِالْقَصِيرِ، وَلاَ بِالأَبْيَضِ الأَمْهَقِ، وَلاَ بِالآدَمِ، وَلاَ بِالْجَعْدِ الْقَطَطِ، وَلاَ بِالسَّبْطِ، بَعَثَهُ اللَّهُ تَعَالَى عَلَى رَأْسِ أَرْبَعِينَ سَنَةً، فَأَقَامَ بِمَكَّةَ عَشْرَ سِنِينَ، وَبِالْمَدِينَةِ عَشْرَ سِنِينَ، وَتَوَفَّاهُ اللَّهُ تَعَالَى عَلَى رَأْسِ سِتِّينَ سَنَةً، وَلَيْسَ فِي رَأْسِهِ وَلِحْيَتِهِ عِشْرُونَ شَعْرَةً بَيْضَاءَ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш