Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли бўлиб, узун ҳам, пакана ҳам эмасдилар. Жисмлари кўркам эди. Сочлари жингалак ҳам силлиқ ҳам эмасди. Ранглари буғдой ранг эди. Юрганда қоматларини тик қилиб юрар эдилар».
Шарҳ: Юқоридаги ҳадисда зикр қилинган Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи сифатлари, бу ҳадисда ҳам айтилиб, яна баъзи қўшимча сифатлари баён қилинмоқда. У зотнинг жисмлари кўркам яъни аъзолари бир-бирга мутаносиб, камчилик ва нуқсонлардан холи бўлган. Ушбу ҳадисда у зотнинг ранглари буғдойранглиги айтилмоқда. Абдуррауф Муновий ва Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳимлар бу дунёдаги энг шарафли рангни баён қилиб: «Шуни билки, бу дунёдаги инсон терисининг энг чиройлиси оққа тортадиган буғдойранг бўлган теридир. Охиратда эса сариққа тортадиган оқ ранг энг чиройли ҳисобланади»[1], дейишган ва инсон организми қабул қиладиган бу дунёдаги озиқани ва жаннатда ато қилинидиган озиқани баён қилиш орқали фикрларини қўллаб қувватлашга урунишган. Аслида Аллоҳ Ўзининг энг суюкли бандасини мана шу рангда бўлишини ирода қилганининг ўзи, инсон терисининг энг гўзал ранги буғдой ранг эканлигига кифоя қилади.
У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам юрганда қоматларини тик тутиб юрганлар. Бундай юриш Аллоҳ таолонинг «Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозеъ ила юрадиганлар...»[2], деган оятига зид эмас. Бу борада ният энг муҳим рол ўйнайди. Кимдир қоматини тик тутиб, ўзини кўз-кўз қилишни, манманликни ва бошқаларни писад қилмасликни ирода қилса, унинг бу қоматини тик тутиб юриши кибрга киради. Аммо, қоматни тик тутиб юришда ўзини кўз-кўз қилиш ва кибрланишни қасд қилмаса, бу оддий юриш турига киради. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай юришлари ўзларини мажбурлаш натижасида эмас, Аллоҳ томонидан хилқатларига солинган сифат эди. У зотнинг бундай юришлари азму қарори қатъий, бошлаган ишини охиригача етказадиган, ақли теран кишининг юриши эди. Ким «Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай юрганлар, суннатга амал қиламан», деб қоматини тик тутиб юрса савобга эга бўлади. Имом Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қоматни тик тутиб юришни иккига бўлиб: «Қоматни тик тутиб юриш икки хил бўлади: мутакаббирнинг юриши ва (кибрдан холий бўлган) яхши юриш», деган[3]. Шунингдек динига амал қиладиган мусулмонинг бундай юриши яхши саналади. Шайх Абдулҳамид ўзининг «Тафсири ибн Бодис» китобида Фурқон сурасининг 63-оятининг тафсирида қуйидагиларни ёзади: «Умар розияллоҳу анҳу қомати букчайтириб юрган кишиларни кўриб: «Эй ўлгурлар, динимизни бошқаларга ўлик қилиб кўрстатаяпсизлар», деб танбеҳ берган. Шунингдек Оиша розияллоҳу анҳо ҳолсиз юрганларни кўриб, улар ҳақида сўраганида: «Булар қорилар», дейишди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Умар ҳам қорилардан эди, лекин юрганида дадил қадам ташлар, гапирганида эшитарли гапирар ва урганида оғритар эди», деган»[4].
Фурқон сурасидаги «тавозеъ ила» деб таржима қилинган сўз оятда «ҳавнан» деб келган. Ҳавнан сўзи мулойим, енгил ва осон маъноларини англатади. Яъни у хулқи мулойим, қўпол ёки дағал бўлмаган киши бўлиб, одамлар у билан муомила қилганда енгил ва осон киришиб кетадиган камтарин инсон, дегани. Агар оятни шу жиҳатдан кўрадиган бўлсак, унда кишининг юриш шакли эмас, умумий хулқи баён қилинган бўлади. Имом Аҳмад ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам оятдаги «ҳавн» сўзи «тавозе» эмас, мулойимлик маъносида келганини қўллаб қувватлайди:
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Юмшоқ, мулойим ва осон (муомила қиладиган) ҳамда одамларга яқин бўлган ҳар бир кишининг дўзахга (кириши) ҳаром қилинди», дедилар».
Хулоса қилиб айтганда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юришлари кибрдан йироқ бўлган, қатъият ва виқорни ўзида мужассам этган кишининг юриши эди.
[1] Иброҳим ибн Муҳаммад Бажурий. Ал-Мавоҳиб ал-ладунийя. Байрут: Дорул минҳаж, 2001. – Б: 22.
[2] Фурқон сураси, 63 оят.
[3] Анвршоҳ Кашмирий. Арфуш шазий. Байрут: Дору иҳё турос арабий, 2004. – Б: 258.
[4] Абдулҳамид ибн Муҳаммад ибн Бодис. Тафсиру ибн Бодис. Байрут: Дорул кутуб илмия, 2003. – Б: 195.
2 - حَدَّثَنَا حُمَيْدُ بْنُ مَسْعَدَةَ الْبَصْرِيُّ قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَهَّابِ الثَّقَفِيُّ، عَنْ حُمَيْدٍ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَبْعَةً، لَيْسَ بِالطَّوِيلِ وَلاَ بِالْقَصِيرِ، حَسَنَ الْجِسْمِ، وَكَانَ شَعْرُهُ لَيْسَ بِجَعْدٍ وَلاَ سَبْطٍ أَسْمَرَ اللَّوْنِ، إِذَا مَشَى يَتَكَفَّأُ.