3-ҳадис

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, икки елкаларининг ораси кенг бўлиб, сочлари кўп ва икки қулоқларининг юмшоғигача тушиб турар эди. У зотнинг қизил ҳуллалари бор эди. У зотдан чиройлисини асло кўрмаганман».

Шарҳ: Икки елканинг ораси кенг бўлиши улуғлик аломати. У зотнинг сочлари кўп бўлиб, қулоқларининг юмшоғигача тушиб турган. Гоҳида эса Анас розияллоҳу анҳу айтганларидек елкаларигача тушиб турган. Бундан шу маълум бўладики, у зот сочларини вақти-вақти билан қисқартириб турганлар. Қисқартиш ораси яқин бўлганда, муборак сочлари қулоқларининг юмшоғигача тушиб турган, қисқартириш ораси чўзилиб кетганда эса муборак сочлари елкаларигача тушиб турган. Демак, бир киши суннат ниятида сочини ўстириши гарчи урфда кенг тарқалмаган одат бўлсада, шариатга зидмас экан. Лекин, мустаҳаб саналган соч ўстиришни деб, шариатда ҳаром саналган дилозорлик каби қабиҳ амални қилаётган бўлса, олимлар: «Унда урфига амал қилиб, соч ўстирмагани афзал», дейишган.

Ҳабибимиз сочларини тўлалигича олдиришларига келсак, Имом Нававий бу ҳақида шундай деганлар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат йилларида фақатгина уч марта сочларини қирдирганлар. Улар: Ҳудайбия йилида, умра қазоси йилида ва ҳажжатул вадоъда».

Шариатимизда тўрт ҳолда сочни таги билан олиш кўрсатмаси бор. Улар қуйидагилар: туғулган чақалоқнинг сочини олиш, ҳаж қилганда сочни олиш, умра қилганда сочни олиш ва кофир одам мусулмон бўлганида[1] сочини олдириши. Инсон бу турдаги соч олдиришга ажр ва савобга эга бўлади. Шунингдек, оддий соч олдириш, яъни: бошидаги бир азият сабабли ёки енгил бўлиш мақсадида сочини олдиришдан шариатимиз асло қайтармайди. Аммо, юқорида саналган тўрт ўриндан бошқа пайтда, соч олдириш инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, деган эътиқод билан сочини тагидан олдириши динимиз кўрсатмасига зиддир. Аслида хаворижлар[2] сочни тагидан қириб олиб юриш солиҳлик белгиси ва Аллоҳга бандани яқинлаштирадиган амал, деган эътиқодда сочини қириб юрган. Шунинг учун Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам хаворижларнинг сифатларини санаб туриб: «Уларнинг белгилари соч қирдириш [ёки тақирбошлик», деганлар[3].

Ҳадисда айтилган ҳулла – ридо ва изордан яъни устки ва пастки либосдан иборат кийимдир.

Қизил либос кийиш масаласига келсак, мазҳабимиз олимлари ушбу ҳадисни далил қилиб, «Қизил либос кийишда монелик йўқ», дейишган. Баъзи олимлар эса қизил кийим кийишдан қайтарилган ҳадисни далил қилиб, «Одамларни ўзига жалб қиладиган даражада қипқизил кийимни кийиш жоиз эмас. Чунки бундай турдаги қизил кийимлар фосиқларнинг кийими ва шиори ҳисобланади», дейишган. Мазҳабимиз муҳаққиқи ҳисобланган Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ «Умдатул қори» китобида қизил кийим кийиш борасида шундай деган: «Мазҳабимизни билмайдиган баъзи кишилар «Бу ҳадис қизил кийим кийшнинг жоизлигига ишора қилади. Бу борада хилоф ҳанафийлар билан бўлган. Яъни улар қизил кийим кийишни жоиз эмас, дейишган», деган. Агар бу ҳанафий мазҳабини яхши билганида, бундай демаган бўларди. Қизил кийиш ва қизил кийимда намоз ўқиш жоиздир. Уламоларимиз қипқизил кийим кийишни макруҳ дейишган. Барча турдаги қизил кийимни эмас».

Ҳадисни сўзма сўз таржима қилганда: «У зотдан чиройлисини асло кўрмаганман» жумласидан аслида «У зотдан кўра чиройлироқ бирор нарсани кўрмаганман», деган сўз келиб чиқади. Бунинг маъноси: «Чиройлиликда одамзотдан ҳам, қуёшу ойга ўхшаган жисмлар орасидан ҳам у зотдан чиройлироғини учратмадим, кўрмадим», дегани. Шунинг учун нарса маъносини ифодаловчи «шайъ» сўзи ишлатилган.

[1] Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда бир киши исломни қабул қилгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга: «Куфр сочини олиб ташлаб, хатна қилдир», деганлар.

[2] «Хавориж» – қарши чиққанлар, тўғри йўлдан, диндан чиққанлар деган маънони билдиради. Бу атама саҳобаи киромлар даврида бош кўтарган, мусулмонлар оммасидан ажраб, Али розияллоҳу анҳуга қарши чиққан тоифага нисбатан ишлатилади. Улар бир қатор масалаларда мусулмонларга хилоф йўл тутишган, динда ғулув кетиш, мўътадилликдан оғиш билан ажралиб туришган. Мусулмонларнинг кўпчилигини кофир деб, уларнинг жони ва молини ҳалол санашган ва кўплаб бошқа бузғунчиликлар ҳам содир этишган. Али розияллоҳу анҳу бошчилигида бир қанча саҳобалар улар билан баҳс олиб бориб, кўпларини нотўғри фикрларидан қайтарган. Аммо айримлари ўз қарашида қатъий туриб олган. Натижада улар билан Али розияллоҳу анҳу ўртасида жанг бўлиб, унда хаворижлар мағлуб бўлган.

[3] Муҳаммад ибн Исмоил. Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2018. – Б: 5293

3 - حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ قَالَ: حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ جَعْفَرٍ قَالَ: حَدَّثَنَا شُعْبَةُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ قَالَ: سَمِعْتُ الْبَرَاءَ بْنَ عَازِبٍ يَقُولُ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلاً مَرْبُوعًا بَعِيدَ مَا بَيْنَ الْمَنْكِبَيْنِ، عَظِيمَ الْجُمَّةِ إِلَى شَحْمَةِ أُذُنَيْهِ الْيُسْرَى، عَلَيْهِ حُلَّةٌ حَمْرَاءُ، مَا رَأَيْتُ شَيْئًا قَطُّ أَحْسَنَ مِنْهُ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш