Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам новча бўйли ҳам, пакана ҳам эмасдилар. Кафт ва оёқлари кенг, бошлари катта, бош суюклари йирик, баданларидаги туклари кўкрак қафасидан киндикларигача узун чизиқ бўлиб ўсган. Юрганда гўё қияликдан тушаётгандек қоматларини тик қилиб юрар эдилар. У кишига ўхшаганини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам кейин ҳам кўрмаганман».
Шарҳ: Ҳадисда айтилган у зотнинг кафт ва оёқлари кенглигидан оёқ-қўлларининг бармоқлари ҳамда товонлари йириклиги назардан тутилган. Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ Ҳабибимизнинг муборак қўлларини васфлаб шундай деган: «У зотнинг кафтлари сергўшт бўлган. Лекин катта бўлишига қарамай жуда юмшоқ бўлган». Анас розияллоҳу анҳу ҳам: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан юмшоқроқ нимшойини ҳам, ипакни ҳам, бошқа бирор нарсани ҳам ушламаганман», дегани у зотнинг қўллари ниҳоятда мулойимлигини билдиради.
Ҳадисдаги «шасну» сўзини кафт ва оёқлари кенг деб таржима қилинди. Ушбу сўзни яна «дағал» деган маъноси ҳам бор. Шунинг учун олимлар ушбу ва Анас розияллоҳу анҳунинг ривоят қилган ҳадисларини жамлаб: «У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам жангда қатнашганларида, уй юмушларида аҳли оилаларига ёрдам берганларида қўллари дағаллашиб кетар, уйдан йироқда сафарда юрганларида қўллари Анас розияллоҳу анҳу айтганларидек юмшоқ бўларди», дейишган.
Бошларининг катталигига келсак, бош катталиги мия фаолияти жуда кучлилигини билдиради. Бош суякнинг кенглиги эса, ички қувватнинг мукаммалигини билдиради.
Юрганда қоматларини тик қилиб юришлари ҳақида юқоридаги ҳадисларда тўхталиб ўтилди. Ҳадисда «гўё қияликдан тушаётгандек» ибораси қоматларини тик тутиб юришларидаги ҳолатларини янада равшанроқ тушунтириш учун ровий томонидан зикр қилинган. Аслида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча сифатлари ва хилқатларини мукаммал тушунтириш учун саҳобалар мана шундай ўхшатмаларни келтириб, имкон қадар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатларини батафсил тушунтиришга ҳаракат қилишган.
«Қоматларини тик тутиб юрардилар» иборасининг шарҳида Мулло Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ «Бу ибора у зотнинг юришда катта қадам ташлаганларини билдиради. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам мутакаббирлардек майда қадам ташламаганлар», деган.
5 - حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ إِسْمَاعِيلَ قَالَ: حَدَّثَنَا أَبُو نُعَيْمٍ قَالَ: حَدَّثَنَا الْمَسْعُودِيُّ، عَنْ عُثْمَانَ بْنِ مُسْلِمِ بْنِ هُرْمُزَ، عَنْ نَافِعِ بْنِ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ، عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ: لَمْ يَكُنِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالطَّوِيلِ وَلاَ بِالْقَصِيرِ، شَثْنُ الْكَفَّيْنِ وَالْقَدَمَيْنِ، ضَخْمُ الرَّأْسِ، ضَخْمُ الْكَرَادِيسِ، طَوِيلُ الْمَسْرُبَةِ، إِذَا مَشَى تَكَفَّأَ تَكَفُّؤًا كَأَنَّمَا يَنْحَطُّ مِنْ صَبَبٍ، لَمْ أَرَ قَبْلَهُ وَلاَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ، صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.