Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан Иброҳим ибн Муҳаммад ривоят қилади:
«Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васфласа шундай дер эди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзга ташланадиган даражада узун ҳам, пакана бўйли ҳам эмасдилар. Қавмнинг ўрта бўйлиси эдилар. Сочлари жингалак ҳам силлиқ ҳам эмасди. Силлиқ билан жингалакнинг ўртаси эди. Бадандаги этлари тўлишмаган эди. Юзлари дум-думалоқ эмас, озгина думалоқ эди. Ранглари буғдойрангга тортадиган оқ, кўзларининг қорачиғи қоп-қора, киприклари узун, бўғим суюклари катта, елкалари кенг, баданларида деярли тук йўқ эди, фақат кўксиларидан киндикларигача узун чизиқ кўринишида туклари бор эди. Қўл-оёқлари йирик, юрсалар қияликдан тушиб келаётгандек шахдам қадам босар эдилар. Қайрилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар. Икки кураклари орасида пайғамбарлик муҳри бор эди. У зот пайғамбарларнинг тугатувчисидирлар. Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар. Одамларнинг энг ростгўйи, энг мулойими, энг одамохуни эдилар. (Илк бор) кўрган одам беихтиёр у зотдан ҳайиқар эди. У зотга аралашиб, танишган одам у зотни яхши кўриб қоларди. У зотни васф қилувчи, «У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди».
Абу Исо деди: «Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳусайндан эшитдим». У деди: «Асмаийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини баён қилаётганда қуйидаги сўзларни айтаётганини эшитдим:
Ҳадисда келган «Муммағит» сўзи «узунасига кетган» маъносини англатади. Бир аъробийнинг: «Фалончи ўқ-найза борасида жўзилди, яъни ўқини жўзди», деётганини эшитдим.
«Мутараддид» сўзи «Паканаликгидан бир бирини ичига кириб кетган» маъносини англатади.
«Қатот» сўзи эса «ўта жингалак» маъносини англатади.
«Рожилу» сўзи «сочида қайрилганлик» маъносини англатади. Яъни озгина жингалаклик, дегани.
«Мутоҳҳам» сўзи «тўлишган» маъносини англатади. Яъни семиз, гўшти кўп, дегани
«Мукалсам» сўзи «ёноғи кенг, думалоқ юз» маъносини англатади.
«Мушраб» сўзи «қизғиш ранг аралашган оқ» маъносини англатади.
«Адъаж» сўзи «ўта қора кўз» маъносини англатади.
«Аҳдаб» сўзи «киприги узун» маъносини англатади.
«Катаду» сўзи «икки кифтнинг бирлашадиган қисми яъни элкаси» деган маънони англатади.
«Масрубату» сўзи «Ингичка тук. Яъни ингичка новдадек кўксидан киндиккача бир чизиқда ўсган ингичка тук» маъносини англатади.
«Шасн» сўзи «Қўл ва оёқнинг бармоқлари йўғон» деган маънони англатади.
«Тақаллуъ» сўзи «Шахтам қадам босиш» маъносини англатади.
«Собаб» сўзи «тик қия» маъносини англатади. Қияликдан тушганда «Инҳадарна фи собубин(ёки собабин)», деганимиздек.
«Жалилул мушаш» деганда елкаларнинг бошлари назарда тутилган.
«Ишрату» сўзи «шерик» маъносини англатади. «Ашир» дегани соҳиб, дўст маъносини англатади.
«Бадиҳату» сўзи «тўсатдан», деган маънони англатади. Арабларда «Бадаҳту биамрин», деса, «Бир ишга тўсатдан йўлиқдим», деган маънони назарда тутади.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг яна бошқа бир неча сифатлари ровий томонидан санаб ўтилмоқда. Келинг ўша сифатлар билан бирма-бир танишиб чиқамиз.
«Бадандаги этлари тўлишмаган эди» Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам семиз ҳам, ўта озғин ҳам эмасдилар. Мўътадил эдилар. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам дангасалик ва кўп овқат ейиш натижасида келиб чиқадиган семизликни қоралаганлар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз – менинг замонимдаги (мўмин)лардир. Сўнг улардан кейин келганлар. Сўнг улардан кейин келганлар. Сўнг улардан кейин келганлар», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замондошларидан кейин икки марта айтдиларми ёки уч марта айтдиларми, билмайман, «Сўнг улардан кейин гувоҳлиги сўралмасдан гувоҳлик берадиган, хиёнат қилиб, омонатсиз бўладиган, назр қилиб, вафо қилмайдиган ва ораларида семизлик зоҳир бўладиган қавм келади», дедилар».
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деган: «Семизлик борасида, ким еб-ичишга ҳаддан ташқари ружу қўйиб, одатдаги ейишдан кўп овқатланса ва шунинг натижасида семирса, ана ўша ушбу ҳадисда қораланган тоифага киради. Лекин кимнинг хилқатида семизлик бўлса, у мазаммат қилинган тоифага кирмайди».
Хулоса қилиб айтганда, қарилик ёки ўз хилқатидаги семизлик айб ҳисобланмайди. Лекин айшу ишратга берилиб, еб-ичиш борасида ҳаддан ошса ва бунинг натижасида семирса, мана шу иши шариатимизда қораланади.
«Юзлари дум-думалоқ эмас, озгина думалоқ эди». Арабларда юзи ўта думолоқ одам хуш кўрилмаган. Одатда ундай кишилар маҳзун юзли ҳисобланган. Юзида озгина думалоқлик бор кишилар эса очиқ чеҳрали, маҳбуб кишилар бўлган.
«Кўзларининг қорачиғи қоп-қора», кўз қорачиғи қоп-қора бўлган инсонлар дунёдаги энг кўзи чиройли шахслар ҳисобланди. Аллоҳ Ўзининг ҳабибини барча соҳа борасида мукаммал яратган.
«Киприклари узун» киприкларнинг узун бўлиши хоҳ у эркак кишида бўлсин, хоҳ аёл кишида ҳамиша кўрк ва зийнат ҳисобланган.
«Бўғим суюклари катта, елкалари кенг» бу сифатлар ҳам моддий ҳам маънавий юкларни ўз зиммасига масъулият билан олишга қодирликни билдиради.
«Қайрилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар» бундай қилиш камтаринлик белгиси бўлиб, қарамоқчи бўлган шахсга нисбатан беэътибор эмасликлари, у қадр-қиммат эга инсонлигини билдирганлар. Шунингдек, унга тўлалигича юзланишлари билан унинг қалбига хурсанчилик киритганлар. Чунки инсон пайғамбардек улуғ зотнинг илтифотини кўргач, қалби қувончга тўлади. Бу туйғуни Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам яхши билганлари учун уларга мана шундай юзланганлар. Лекин шу ўринда Аллома Далжий раҳматуллоҳи алайҳнинг эслатмаларини айтиш лозим. Далжий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Бу қайрилишни ортга қарагандаги қайрилиш деб тушуниш керак. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам ўнг ва сўлга қараганда муборак бўйинларини ўша томонга буриш билан кифояланганлар».
«Икки кураклари орасида пайғамбарлик муҳри бор эди» бу каптарнинг тухуми ҳажмича бўлган елкалари ўртасидаги бир парча гўшт бўлган. Таврот ва Инжилда охирзамон пайғамбарнинг аломати баён қилинганда, айнан мана шу аломат ҳам айтилган. Шунинг учун аҳли китобларнинг баъзилари у зотдаги мана шу муҳрни кўргач мусулмон бўлган.
«У зот пайғамбарларнинг тугатувчисидирлар» ҳар бир мусулмон «Пайғабаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин бирорта пайғамбар келмайди. Ким у зотдан кейин пайғамбарликни даъво қилса, у каззоб ва ёлғончи», деб эътиқ қилиши лозим. Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом билан пайғабарликни якунлади. Дунё тугаб қиёмат бўлгунга қадар бирорта пайғамбар келмайди.
«Одамларнинг энг қўли очиғи» Одамзот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдек сахий инсонни кўрмаган. У зотнинг саховатларига душманлари яъни кофирларнинг ўзи ҳам тан берган ва эътироф қилган. Кўплаб мушриклар у зотнинг саховатлари сабабли мусулмон бўлган. Ҳатто баъзилари: «Мен камбағал бўлиб қолишдан қўрқмай саховат қиладиган зотни кўрдим», деган.
«Энг кўнгли очиғи эдилар» Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам кўнгли очиқ зот эдилар. У зот бировлар ҳақида ҳамиша яхши гумонда бўлганлар. Ҳатто кўнгли очиқликка салбий таъсир қилувчи иллатлардан йироқ бўлиш учун: «Саҳобаларим ҳақида менга ҳеч ким (ёмон) гап айтмасин. Зеро, мен сизларнинг олдингизга чиқганда қалбим салим ҳолда бўлишини хоҳлайман», деганлар[1].
«Одамларнинг энг ростгўйи» у отнинг гапиришлари, юришлари, ўтиришлари, нафас олишлари барча ҳаракат ва саканолари ростлик устига қурилган эди. умр бўйи бир марта бўлса ҳам ёлғон гапирмаган. У зотнинг ростгўйликларини мушриклар ҳам эътироф қилган эди.
Макка фатҳ қилингач, мусулмонларни ўлдирган ва уларга тинимсиз азият берган бир мушрик Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга байъат қилмоқчи бўлди. У зот уч марта унинг байъатини рад қилгандай бўлиб унга қарадилар ва тўртинчисида унга байъат қилишга имокон бердилар. Байъат қилиб бўлгач, саҳобаларига юзланиб: «Баъйат қилишидан қўлимни тийганимни кўриб, ўрнидан туриб уни ўлдирадиган ақилли киши орангизда йўқ эдими?», дедилар. Шунда саҳобалар: «Сиз бизга кўзингиз билан ишора қилишингизни кутган эдик», дейишди. У зот: «Пайғамбарда хиёнаткор кўз бўлмайди», дедилар. Ҳа у зот ҳатто ишора қилиш орқали ҳам ёлғон ишлатмаганлар.
«Одамларнинг Энг мулойими» у зотчалик ҳалим ва мулойим инсон бўлмаган. Бу ҳалимлик қўрқоқ одамнинг ҳалимлиги эмасди. Аксинча, қодир ва кучли бўла туриб ҳалимлик қилардилар. У кишига қанча қўполлик қилинса, у зот шунча ҳалим бўлаверардилар. Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтарардилар. Ҳалимликларини кўриб Исломни қабул қилганлар сон-саноқсиз.
«Одамларнинг энг одамохуни эдилар» Одамгарчиликни биладиган, одамнинг иззат-ҳурматини бажо келтирадиган, ўзи муҳтож бўлсада ўзгаларни устун қўядиган олижаноб инсон эдилар.
«(Илк бор) кўрган одам беихтиёр у зотдан ҳайиқар эди. У зотга аралашиб, танишган одам у зотни яхши кўриб қоларди» Биринчи марта кўрган одамнинг ҳайиқиши табиий. Чунки у зотда Аллоҳ томонидан ато қилинган ҳайбат бор эди, лекин у зот билан маълум муддат бирга бўлган одам, мулойимликлари, ҳалимликлари, меҳрибонликлари ва гўзал хулқларига гувоҳ бўлгач, у зотни яхши кўриб қоларди.
[1] Абу Довуд ривояти.
7 - حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ عَبْدَةَ الضَّبِّيُّ الْبَصْرِيُّ، وَعَلِيُّ بْنُ حُجْرٍ، وَأَبُو جَعْفَرٍ مُحَمَّدُ بْنُ الْحُسَيْنِ وَهُوَ ابْنُ أَبِي حَلِيمَةَ، وَالْمَعْنَى وَاحِدٌ، قَالُوا: حَدَّثَنَا عِيسَى بْنُ يُونُسَ، عَنْ عُمَرَ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ مَوْلَى غُفْرَةَ قَالَ: حَدَّثَنِي إِبْرَاهِيمُ بْنُ مُحَمَّدٍ مِنْ وَلَدِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ: كَانَ عَلِيٌّ إِذَا وَصَفَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللَّهِ بِالطَّوِيلِ الْمُمَّغِطِ، وَلاَ بِالْقَصِيرِ الْمُتَرَدِّدِ، وَكَانَ رَبْعَةً مِنَ الْقَوْمِ، لَمْ يَكُنْ بِالْجَعْدِ الْقَطَطِ، وَلاَ بِالسَّبْطِ، كَانَ جَعْدًا رَجِلاً، وَلَمْ يَكُنْ بِالْمُطَهَّمِ وَلاَ بِالْمُكَلْثَمِ، وَكَانَ فِي وَجْهِهِ تَدْوِيرٌ أَبْيَضُ مُشْرَبٌ، أَدْعَجُ الْعَيْنَيْنِ، أَهْدَبُ الأَشْفَارِ، جَلِيلُ الْمُشَاشِ وَالْكَتَدِ، أَجْرَدُ ذُو مَسْرُبَةٍ، شَثْنُ الْكَفَّيْنِ وَالْقَدَمَيْنِ، إِذَا مَشَى تَقَلَّعَ كَأَنَّمَا يَنْحَطُّ فِي صَبَبٍ، وَإِذَا الْتَفَتَ الْتَفَتَ مَعًا، بَيْنَ كَتِفَيْهِ خَاتَمُ النُّبُوَّةِ، وَهُوَ خَاتَمُ النَّبِيِّينَ، أَجْوَدُ النَّاسِ صَدْرًا، وَأَصْدَقُ النَّاسِ لَهْجَةً، وَأَلْيَنُهُمْ عَرِيكَةً، وَأَكْرَمُهُمْ عِشْرَةً، مَنْ رَآهُ بَدِيهَةً هَابَهُ، وَمَنْ خَالَطَهُ مَعْرِفَةً أَحَبَّهُ، يَقُولُ نَاعِتُهُ: لَمْ أَرَ قَبْلَهُ وَلاَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.
قَالَ أَبُو عِيسَى: سَمِعْتُ أَبَا جَعْفَرٍ مُحَمَّدَ بْنَ الْحُسَيْنِ يَقُولُ: سَمِعْتُ الأَصْمَعِيَّ يَقُولُ فِي تَفْسِيرِ صِفَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمُمَّغِطُ: الذَّاهِبُ طُولاً. وَقَالَ: سَمِعْتُ أَعْرَابِيًّا يَقُولُ فِي كَلاَمِهِ: تَمَغَّطَ فِي نَشَّابَتِهِ أَيْ مَدَّهَا مَدًّا شَدِيدًا. وَالْمُتَرَدِّدُ: الدَّاخِلُ بَعْضُهُ فِي بَعْضٍ قِصَرًا. وَأَمَّا الْقَطَطُ: فَالشَّدِيدُ الْجُعُودَةِ. وَالرَّجُلُ الَّذِي فِي شَعْرِهِ حُجُونَةٌ: أَيْ تَثَنٍّ قَلِيلٌ. وَأَمَّا الْمُطَهَّمُ فَالْبَادِنُ الْكَثِيرُ اللَّحْمِ. وَالْمُكَلْثَمُ: الْمُدَوَّرُ الْوَجْهِ. وَالْمُشَرَبُ: الَّذِي فِي بَيَاضِهِ حُمْرَةٌ. وَالأَدْعَجُ: الشَّدِيدُ سَوَادِ الْعَيْنِ. وَالأَهْدَبُ: الطَّوِيلُ الأَشْفَارِ. وَالْكَتَدُ: مُجْتَمِعُ الْكَتِفَيْنِ وَهُوَ الْكَاهِلُ. وَالْمَسْرُبَةُ: هُوَ الشَّعْرُ الدَّقِيقُ الَّذِي كَأَنَّهُ قَضِيبٌ مِنَ الصَّدْرِ إِلَى السُّرَّةِ. وَالشَّثْنُ: الْغَلِيظُ الأَصَابِعِ مِنَ الْكَفَّيْنِ وَالْقَدَمَيْنِ. وَالتَّقَلُّعُ: أَنْ يَمْشِيَ بِقُوَّةٍ. وَالصَّبَبُ الْحُدُورُ، نَقُولُ: انْحَدَرْنَا فِي صَبُوبٍ وَصَبَبٍ. وَقَوْلُهُ: جَلِيلُ الْمُشَاشِ يُرِيدُ رُءُوسَ الْمَنَاكِبِ. وَالْعِشْرَةُ: الصُّحْبَةُ، وَالْعَشِيرُ: الصَّاحِبُ. وَالْبَدِيهَةُ: الْمُفَاجَأَةُ، يُقَالُ: بَدَهْتُهُ بِأَمْرٍ أَيْ فَجَأْتُهُ.