8-ҳадис

8-53. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Абдулқайс вакиллари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда, у зот: «Бу одамлар ким [ёки бу вакиллар ким] дедилар. «Рабийъа», дейишди.

У зот: «Эй вакиллар [ёки эй одамлар], бехижолат ва бенадомат хуш келдингиз!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Биз олдингизга ҳаром ойлардагина кела оламиз, ўртамизда Музар кофирларининг манави қабиласи бор. Шу боис бизни қатъий бир ишга буюрингки, уни ортимиздагиларга етказайлик ва шу сабабли жаннатга кирайлик!» дейишди ва у зотдан ичимликлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот уларни тўрт нарсага буюриб, тўрт нарсадан қайтардилар. Уларни ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга буюра туриб: «Ёлғиз Аллоҳга иймон келтириш нима эканини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. У зот: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни барпо тўкис адо қилиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва ўлжанинг бешдан бирини беришингиздир», дедилар. Тўрт нарсадан – ҳантам*, дуббо*, нақийр* ва музаффатдан* – (Ибн Аббос) баъзида «муқайяр»* деган – қайтардилар. У зот: «Буларни эслаб қолинг ва ортингиздагиларга бунинг хабарини беринг», дедилар».

* Хумус – ўлжанинг бешдан бири.

* Ҳантам – лой, жун ва қон аралашмасидан ясаладиган хум.

* Дуббо – қуритиб, ичи ўйилган қовоқ.

* Нақийр – қуритиб, ичини ўйиб, идиш ясалган хурмо илдизи тўнкаси.

* Музаффат – зифт билан бўялган идиш. Меш ва саноч каби идишларни сув ўтмайдиган қилиб мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган елимсимон қора модда зифт деб аталган.

* Муқайяр – қийрланган идиш. Қийр бир ўсимлик бўлиб, қуритиб куйдирилган ва ундан олинган модда билан идишлар мустаҳкамлаш мақсадида бўялган. Аслида «муқайяр» билан «музаффат» битта нарса, яъни бир хил идиш. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳу гоҳида «музаффат» сўзи ўрнига «муқайяр» сўзини ишлатар эди.

Изоҳ: Бу ҳадисда мазкур идишлардан қайтаришнинг маъноси уларда набиз тайёрлаб ичишдан ман қилишдир. Чунки уларда тайёрланган набиз маст қилиш хусусиятига эга бўлган. «Набиз» деб хурмо, майиз каби қуруқ меваларни сувга ивитиб, хамрга айланмай туриб истеъмол қилинадиган ивитмага айтилади. Агар унинг вақти ўтиб кетса, хамрга, яъни маст қилувчи ичимликка айланиб қолади.

 8 -53 – عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَ: إِنَّ وَفْدَ عَبْدِ الْقَيْسِ لَمَّا أَتَوُا النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم.. قَالَ: «مَنِ الْقَوْمُ؟ أَوْ مَنِ الْوَفْدُ؟» قَالُوا: رَبِيعَةُ، قَالَ: «مَرْحَبًا بِالْقَوْمِ - أَوْ بِالْوَفْدِ - غَيْرَ خَزَايَا وَلَا نَدَامَى».

فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنَّا لَا نَسْتَطِيعُ أَنْ نَأْتِيَكَ إِلَّا فِي الشَّهْرِ الْحَرَامِ، وَبَيْنَنَا وَبَيْنَكَ هَذَا الْحَيُّ مِنْ كُفَّارِ مُضَرَ، فَمُرْنَا بِأَمْرٍ فَصْلٍ نُـخْبِرْ بِهِ مَنْ وَرَاءَنَا، وَنَدْخُلْ بِهِ الْجَنَّةَ، وَسَأَلُوهُ عَنِ الْأَشْرِبَةِ، فَأَمَرَهُمْ بِأَرْبَعٍ، وَنَهَاهُمْ عَنْ أَرْبَعٍ:

أَمَرَهُمْ بِالْإِيـمَانِ بِاللهِ وَحْدَهُ، قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَا الْإِيـمَانُ بِاللهِ [وَحْدَهُ]؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «شَهَادَةُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامُ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءُ الزَّكَاةِ، وَصِيَامُ رَمَضَانَ، وَأَنْ تُعْطُوا مِنَ الْمَغْنَمِ الْخُمُسَ».

وَنَهَاهُمْ عَنْ أَرْبَعٍ: عَنِ الْحَنْتَمِ، وَالدُّبَّاءِ، وَالنَّقِيرِ، وَالْمُزَفَّتِ – وَرُبّـَمَا قَالَ: الْمُقَيَّرِ -.

وَقَالَ: «احْفَظُوهُنَّ، وَأَخْبِرُوا بِهِنَّ مَنْ وَرَاءَكُمْ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш