* «Тафсир» сўзи изоҳлаш, шарҳлаш маъноларини билдиради. Истеъмолда тафсир деганда Қуръони Каримнинг мазмунини тушунтириш англанади. Имом Бухорий бошқа муҳаддислар каби бу китобда Қуръони Каримнинг бир қатор оятлари ва калималарининг тафсири ҳақида келган ривоятларни жамлаган. Шу эътибордан, Қуръони Каримнинг тафсири ҳақида илк бор қалам тебратганлар муҳаддис уламолар ҳисобланади.
Муҳаддисларнинг тафсир услублари ўзига хос бўлиб, улар фақат нақлга таянадилар. Шунинг учун уларнинг тафсирларини бирдан тушуниб олиш қийин бўлиб, шарҳ ва изоҳга эҳтиёж сезилади. Биз таржимада зарур ўринлардагина қисқача изоҳ бериб, маънони ўқувчининг зеҳнига яқинлаштиришга ҳаракат қилдик, қолганини мустақил изланишларга ҳавола қилдик. Шу боис, муҳтарам ўқувчиларимиздан тушунишга қийналган ўринларида тафсир китобларига мурожаат қилишларини сўраймиз.
200- 4937. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни ёддан ўқийдиган кишининг сифати шуки, у мукаррам элчилар (фаришталар) билан биргадир. Қуръон оғир келиб, уни қайта‑қайта ўқийдиган кишининг сифати шуки, унга икки ажр бор», дедилар».
200- 4937- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَثَلُ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَهُوَ حَافِظٌ لَهُ.. مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ، وَمَثَلُ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَهُوَ يَتَعَاهَدُهُ وَهُوَ عَلَيْهِ شَدِيدٌ.. فَلَهُ أَجْرَانِ.