Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар нарса ҳақида сўрайверишдан қайтарилдик. Бирорта оқил бадавий келиб, у зотга савол берса-ю, биз (жавобини) эшитиб олсак дер эдик. Бир бадавий келиб, «Эй Муҳаммад! Бизга элчингиз келди. Унинг бизга айтишича, сиз «Аллоҳ мени расул қилиб юборди» дер экансиз», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. У: «Осмонни ким яратган?» деди. «Аллоҳ», дедилар. У: «Ерни ким яратган?» деди. «Аллоҳ», дедилар. У: «Мана бу тоғларни ўрнатган, унда нимаики бўлса, яратган ким?» деди. «Аллоҳ», дедилар. У: «Осмонни яратган, ерни яратган, мана бу тоғларни ўрнатиб қўйган Зот ҳаққи сўрайман, сизни Аллоҳ пайғамбар қилиб юбордими?» деди. «Ҳа», дедилар. У: «Элчингизнинг айтишича, зиммамизда бир кеча‑кундузда беш маҳал намоз бор экан», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. У: «Сизни юборган Зот ҳаққи сўрайман, сизга шуни Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа», дедилар. У: «Элчингизнинг айтишича, зиммамизда молларимиздан закот бериш бор экан», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. У: «Сизни юборган Зот ҳаққи сўрайман, сизга шуни Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа», дедилар. У: «Элчингизнинг айтишича, зиммамизда йилда Рамазон ойи рўзасини тутиш бор экан», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. У: «Сизни юборган Зот ҳаққи сўрайман, сизга шуни Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа», дедилар. У: «Элчингизнинг айтишича, зиммамизда йўлга қодир бўлганга Байтни ҳаж қилиш бор экан», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. Кейин у ўгирилиб кетаётиб, «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен бундан зиёда ҳам қилмайман, кам ҳам қилмайман», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида турса, албатта, жаннатга киради», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп нарсани ўрганишга муштоқ бўлиб яшар эдилар. Лекин турли воқеликда бўлмаган нарсаларни сўрайвериш Ислом умматига оғирлик яратиши мумкинлиги эътиборидан Аллоҳ таоло уларни:
«(Турли) нарсаларни сўраманглар, агар (улар) сизларга зоҳир бўлса, ёмонлик келтирур», деб ман қилган эди.
Шунинг учун ҳам унча-бунча нарсани юрак ютиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрай олмас эдилар. Бу, албатта, ҳожат тушмаган нарсалар ҳақида эди. ҳожат бўлса, сўраш вожибдир. Саҳобаи киромлар ҳам ундай вақтда дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берар эдилар.
Ҳожат тушмай турган нарсаларни эса, аҳли бодия–саҳро аҳлидан бирор оқил одам келиб сўраб қолса-ю, унинг саволларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жавобларидан биз ҳам фойдаланиб қолсак, деб интизор бўлиб турар эдилар.
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турли ерларга, жумладан, саҳройи қабилаларга ҳам Исломга даъват қилувчи ўз элчиларини юборар эдилар. Улар кишиларни Исломга даъват қилар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бани Саъд ибн Бакр қабиласига юборган элчилари уларни Исломга даъват қилганларидан сўнг мазкур қабила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўз вакиллари Зимом ибн Саълабани юборибди. У келиб, керакли нарсаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб кетибди.
Энди бу ҳадисдан оладиган фойдаларимизни кўрайлик:
Бу ҳеч кимдан, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам чиққан нарса эмаслиги.
Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган фарзни ҳар бир банда бўйин товламай амалга ошириши лозим. Бу фарзни ҳеч бир зот, ҳеч қандай шароитда инкор эта олмайди.
Зимом ибн Саълаба мазкур ибодатларни камитмай ҳам, оширмай ҳам адо этишга азму қарор қилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, агар у ростгўй–содиқ бўлиб, гапида турса, албатта, жаннатга кириши ҳақида башорат бермоқдалар. Бу мўмин бўлмай туриб ҳам ибодат қилса, жаннатга киради, дегани эмас.
Чунки иймон бирламчи нарсадир. Иймони йўқ одам Зимом ибн Саълаба сингари аҳд қилмайди. Сўнгра Зимом ибн Саълабанинг иймон келтиргани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволлардан олдин маълум эди. Шунинг учун бу ҳадисни ўқиб ўрганган киши калимаи шаҳодатни айтиб, иймонга келмаган одам ибодат қилиб, жаннатга кириши мумкин экан, деган хаёлга бормаслиги, уни бошқаларга айтиб юрмаслиги керак. Бу оддий ҳақиқат. Бу ҳақиқатни ёш болалар ҳам билади.
Яхшилаб ўйлаб кўрсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зимом ибн Саълаба розияллоҳу анҳунинг намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатларини ҳеч камитмай адо этишга қилган аҳди эътиборидан, агар ростгўй бўлса, албатта, жаннатга киради, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Зимом калимаи шаҳодатни айтган эди, бу ибодатларни адо этмаса ҳам жаннатга кираверади, деганлари йўқ. Ушбу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатни ҳар бир инсон унутмаслиги ва шунга яраша амал қилиши керак.
1 - حَدَّثَنِي عَمْرُو بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ بُكَيْرٍ النَّاقِدُ، حَدَّثَنَا هَاشِمُ بْنِ الْقَاسِمِ أَبُو النَّضْرِ، حَدَّثَنَا سُلَيْمَانُ بْنِ الْمُغِيرَةِ، عَنْ ثَابِتٍ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ: نُهِينَا أَنْ نَسْأَلَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ شَيْءٍ، فَكَانَ يُعْجِبُنَا أَنْ يَجِيءَ الرَّجُلُ مِنْ أَهْلِ الْبَادِيَةِ، الْعَاقِلُ، فَيَسْأَلَهُ وَنَحْنُ نَسْمَعُ. فَجَاءَ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْبَادِيَةِ، فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، أَتَانَا رَسُولُكَ، فَزَعَمَ لَنَا أَنَّكَ تَزْعُمُ أَنَّ اللهَ أَرْسَلَكَ، قَالَ: «صَدَقَ»، قَالَ: فَمَنْ خَلَقَ السَّمَاءَ؟ قَالَ: «اللهُ»، قَالَ: فَمَنْ خَلَقَ الْأَرْضَ؟ قَالَ: «اللهُ»، قَالَ: فَمَنْ نَصَبَ هَذِهِ الْجِبَالَ، وَجَعَلَ فِيهَا مَا جَعَلَ؟ قَالَ: «اللهُ»، قَالَ: فَبِالَّذِي خَلَقَ السَّمَاءَ، وَخَلَقَ الْأَرْضَ، وَنَصَبَ هَذِهِ الْجِبَالَ، آللهُ أَرْسَلَكَ؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قَالَ: وَزَعَمَ رَسُولُكَ أَنَّ عَلَيْنَا خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِي يَوْمِنَا وَلَيْلَتِنَا، قَالَ: «صَدَقَ»، قَالَ: فَبِالَّذِي أَرْسَلَكَ، آللهُ أَمَرَكَ بِهَذَا؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قَالَ: وَزَعَمَ رَسُولُكَ أَنَّ عَلَيْنَا زَكَاةً فِي أَمْوَالِنَا، قَالَ: «صَدَقَ»، قَالَ: فَبِالَّذِي أَرْسَلَكَ، آللهُ أَمَرَكَ بِهَذَا؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قَالَ: وَزَعَمَ رَسُولُكَ أَنَّ عَلَيْنَا صَوْمَ شَهْرِ رَمَضَانَ فِي سَنَتِنَا، قَالَ: «صَدَقَ»، قَالَ: فَبِالَّذِي أَرْسَلَكَ، آللهُ أَمَرَكَ بِهَذَا؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قَالَ: وَزَعَمَ رَسُولُكَ أَنَّ عَلَيْنَا حَجَّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا، قَالَ: «صَدَقَ». قَالَ: ثُمَّ وَلَّى، قَالَ: وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ، لَا أَزِيدُ عَلَيْهِنَّ وَلَا أَنْقُصُ مِنْهُنَّ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «لَئِنْ صَدَقَ لَيَدْخُلَنَّ الْجَنَّةَ».
[خ 63، م 12، ت 619، س 2091، د 486، جه 1402].