10-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики умматим кўнглига келган гапларни тилига чиқармас ёки уни амалга оширмас экан, Аллоҳ таоло уларни кечиб юборади», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Аллоҳ таоло томонидан ўз умматларига қилинган катта фазлу карам ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу мусулмон одамнинг гуноҳ иш қилиш ҳақида ичида ўз-ўзига сўзлаб туриб, ташида гапирмай, ўша ишни амалга оширмай қўйса, Аллоҳ таоло кечиб юборишидир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, юқоридаги нарса учун ҳам жазолаши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига марҳамат кўрсатиб, улардан бу нарсани кечиб юборди. Бу ҳам Ислом динининг афзалликларидандир.

Ислом дини ёмонликнинг умуман юзага чиқмаслиги тарафдори эканини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳадиси шариф ҳар бир кишига улкан руҳий-маънавий таъсир ўтказиши турган гап. Инсончилик–гоҳида баъзи бир ёмон ишларни қилишни одам ичидан ўтказиши ёки ўзича гапириши мумкин. Кейин эса, уни ташида ҳам айтиши мумкин. Ташида айтиши эса, ёмонлик томон қўйилган қадамдир. Ундан кейин яна бир қадам босилса, ёмонлик амалга ошади. Шунинг учун ёмонликни умуман юзага чиқармай туриб, йўқ қилиш керак. Гарчи банда ёмонлик ҳақида ўз-ўзига сўзлаган бўлса ҳам Аллоҳ уни кечириб юборади, ёмонлик унинг «номаи аъмоли»га ёзилмайди. Бу билан инсонни ёмонликдан унинг бошланғич давридаёқ қайтариш чораси кўрилмоқда.

Демак, баъзи вақтларда ёмонлик ҳақида ўз-ўзига сўзлаш ҳоллари юзага келса, дарҳол ушбу ҳадиси шарифни эслаб, ичдаги сўзни гапирмаслик ва унга амал қилмасликка уринишимиз керак.

 Дунёнинг деярли ҳамма юртларида жиноятнинг олдини олиш бўйича илми нафс (психолог) мутахассислари тайёрлашга катта куч ва маблағ сарфланиб, қанчадан-қанча оворагарчиликлар бўлмоқда. Исломда эса, бу муаммо аллақачон ҳал этиб бўлинган.

10- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ تَجَاوَزَ لِأُمَّتِي عَمَّا حَدَّثَتْ بِهِ أَنْفُسَهَا مَا لَمْ تَعْمَلْ أَوْ تَكَلَّمْ بِهِ».

[خ 2528، م 127، ت 1183، س 3433، د 2209، جه 2040].

Улашиш
|
|
Нусха олиш