115-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарда тезлаб юрилганда шом намозини кечиктириб, хуфтон намози билан жамлаганларини кўрганман», деган экан».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, сафарда шошилиб тургандагина намоз жам қилиб ўқилган.

Шунингдек, пешинни охирги вақтида ўқиб бўлиш билан вақти кирган аср ҳам ўқиб олинган. Шунга ўхшаб шом ҳам охирги вақтига бориб ўқилиб, ундан кейин хуфтон аввалги вақтида ўқилган. Намозларни шундоқ тарзда ўқишни ҳанафий мазҳаби уламолари «Жами суврий», яъни, «Сувратдаги жам», дейдилар.

Шунга биноан, пешин ва шом намозлари охирги, аср ва хуфтон намозлари олдинги вақтида ўқилган бўлади. Чунки пешиннинг вақти чиқиши билан аср, шомнинг вақти чиқиши билан хуфтон вақти киради.

115 - عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم، إِذَا أَعْجَلَهُ السَّيْرُ فِي السَّفَرِ، يُؤَخِّرُ صَلَاةَ الْمَغْرِبِ حَتَّى يَجْمَعَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ صَلَاةِ الْعِشَاءِ.

[خ 1092، م 703، ت 555، س 588، د 1207، جه 3021].

Улашиш
|
|
Нусха олиш