Ҳорисдан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирортангиз бавл қилганда закарини ҳаргиз ўнг қўли билан ушламасин, нажосатни ўнг қўли билан артмасин. Шунингдек, (сув ичганда) идишнинг ичига нафас чиқармасин».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз мусулмонларга учта одобни ўргатмоқдалар. Улардан иккитаси хало одобларига тегишли. Биттаси овқатланиш одобларига тегишли.
Чунки ўнг қўл ҳалол-пок нарсалар, таом учун ажратилган. Нопок нарсаларни ушлашга эса, чап қўл ажратилган. Шунинг учун ҳам сийган пайтда закарни ўнг қўл билан ушламаслик керак.
Яъни, қазои ҳожат қилгандан кейин орқа-олдини ўнг қўли билан тозаламасин. Чап қўли билан тозаласин.
Яъни, бирор идишдан ичимлик ичганда унинг ичига нафас олмасин, идиш ташқарисига қараб нафас олсин.
Бу одобларга доимо амал қилиш керак. Агар айтиш жоиз бўлса, бу нарсалар мусулмонча маданиятнинг белгиларидир. Мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган хусусиятлардандир.
16 - عَن الحارث، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَا يُمْسِكَنَّ أَحَدُكُمْ ذَكَرَهُ بِيَمِينِهِ وَهُوَ يَبُولُ، وَلَا يَتَمَسَّحْ مِنَ الْخَلَاءِ بِيَمِينِهِ، وَلَا يَتَنَفَّسْ فِي الْإِنَاءِ».
[خ 153، م 267، ت 15، س 24، د 31، جه 310].