Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар умматимни машаққатга солиб қўймасам эди, уларни ҳар бир намоз олдидан мисвокка буюрган бўлар эдим», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бизда мисвок қилиш, деб ишлатиладиган истилоҳ, тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар намозда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади.
Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал мусулмонларни тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди.
Уламоларимиз таҳорат олган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада, деганлар.
Баъзилар бу ишни мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотлари олдидан ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.
Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинади. Олимлар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келинди.
Ҳофиз ибн Ҳажар розияллоҳу анҳу мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойдаларини келтириб ўтган эканлар.
Бугунги кунимиз табиблари эса, мазкур фойдалар рўйхатига мисвокнинг асабга, кўзга, нафас олиш, ҳазм қилиш аъзоларига ва бошқа муҳим нарсаларга ҳам фойдаси борлигини қўшмоқдалар.
Ҳозир баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.
18 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: «لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ عِنْدَ كُلِّ صَلَاةٍ».
[خ 887، م 252، ت 22، س 7، د 46، جه 287].