Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фитрат беш нарсададир [ёки беш нарса фитратдандир]: хатна қилиш, қириниш, тирноқларни олиш, қўлтиқ тукларини юлиш, мўйлабни қисқартириш».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон учун ўта муҳим бўлган шахсий озодалик ишларига тарғиб қилмоқдалар.
Энди мана шу ҳадис аввалида зикр қилинган «фитрат» сўзининг асл маъносига эътибор қилайлик.
«Фитрат» бизнинг тилимизда «соф табиат» маъносини англатади. Уламоларимиз таърифида эса:
«Анбиё ва Расуллар, мўминлар қадимдан амал қилиб келаётган, худди яратилишларига қўшиб қўйилганга ўхшаб кетган амалларга «фитрат» деб айтилади».
Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича айтганлар:
«Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Аллоҳга ададсиз шукрлар бўлсинким, шариатимизда соғлигимиз, гўзаллигимиз, саришталигимиз учун зарур бўлган ишларни савоб ҳам оладиган ишимизга айлантириб қўйибди.
19 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الْفِطْرَةُ خَمْسٌ أَوْ خَمْسٌ مِنَ الْفِطْرَةِ: الْخِتَانُ، وَالْاِسْتِحْدَادُ، وَتَقْلِيمُ الْأَظْفَارِ، وَنَتْفُ الْإِبِطِ، وَقَصُّ الشَّارِبِ».
[خ 5889، م 257، ت 2756، س 9، د 4198، جه 292].