20-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз уйғонганда қўлини идишга тиқишдан олдин қўлига уч марта сув қуйсин, чунки қўли қандай тунаганини билмайди», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда уйқудан туриб таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин сув бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан олиб, уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, бу ишни нима ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этилаяпти. Одам уйқусида қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, қўли биринчи сувга уриладиган ва бошқа аъзоларини ювадиган бўлгани учун аввал қўлини ювиб олгани маъқул. Шу мулоҳазага биноан, нафақат уй­қудан турган одамга, балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиши тавсия қилинади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олишган.

20 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِذَا اسْتَيْقَظَ أَحَدُكُمْ فَلْيُفْرِغْ عَلَى يَدِهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ قَبْلَ أَنْ يُدْخِلَ يَدَهُ فِي إِنَائِهِ، فَإِنَّهُ لَا يَدْرِي فِيمَ بَاتَتْ يَدُهُ».

[خ 162، م 278، ت 24، س 1، د 103، جه 393].

Улашиш
|
|
Нусха олиш