Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтдилар ва: «Буларнинг иккиси ҳам азобланмоқда. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Улардан бири чақимчилик қилиб юрар эди, бошқаси эса пешобидан эҳтиётланмас эди», дедилар. Сўнгра бир ҳўл хурмо новдасини опкелтирдилар-да, иккига бўлиб, бирини бунисига, бирини унисига суқиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, булар қуригунча икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда икки кишининг қабрларида азобланаётганлари айтилган. Бундан қабр азоби собит нарса экани билинади. Энди ўша икки кишини нима сабабдан қабр азобига дучор бўлганларини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.
Чақимчилик учун қабр азобига дучор бўлинса, ёлғон, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, зулм, сўкиш ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун қабр азоби қанчалик бўлар экан? Аллоҳ, Пайғамбар, ақида, дину диёнат бобида айтилган номаъқул гаплар учун бўладиган қабр азоби қанчалик бўлар экан?
Сийганда сийдиги кийимларига томиб, сачраб кетишидан эҳтиёт бўлмагани учун қабр азобига гирифтор бўлибди. Умр бўйи мустаҳаб қилмай таҳоратхонага киргандан кейин олди-орқасини тозаламай юрганнинг ҳоли нима бўлар экан?!
Мазкур икки кичик нарсага шунчалик қабр азоби бўлса, катта гуноҳларга қанчалик қабр азоби бўлар экан?!
23 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: مَرَّ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَلَى قَبْرَيْنِ، فَقَالَ: «أَمَا إِنَّهُمَا لَيُعَذَّبَانِ، وَمَا يُعَذَّبَانِ فِي كَبِيرٍ، أَمَّا أَحَدُهُمَا فَكَانَ يَمْشِي بِالنَّمِيمَةِ، وَأَمَّا الْآخَرُ فَكَانَ لَا يَسْتَتِرُ مِنْ بَوْلِهِ»، قَالَ: فَدَعَا بِعَسِيبٍ رَطْبٍ فَشَقَّهُ بِاثْنَيْنِ، ثُمَّ غَرَسَ عَلَى هَذَا وَاحِدًا، وَعَلَى هَذَا وَاحِدًا، ثُمَّ قَالَ: «لَعَلَّهُ أَنْ يُخَفَّفُ عَنْهُمَا، مَا لَمْ يَيْبَسَا».
[خ 216، م 292، ت 70، س 31، د 20، جه 347].