Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар куфрдан янги чиқмаганида, ёнимда буни қуришга қодир қиладиган маблағ йўқ бўлмаганида эди, унга Ҳижрдан беш зироъ киритардим, одамлар кирадиган бир эшик ва чиқадиган бир эшик қилар эдим», деганлар».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича эди:
«Язид ибн Муовиянинг замонида Шом аҳли ғазот қилган пайтда Байт ёниб, унинг аҳволи нима бўлса бўлди. Шунда Ибн Зубайр одамларни Шом аҳлига қарши шижоатлантириш [урушга чиқариш] мақсадида одамлар мавсимга келгунча уни ташлаб қўйди. Одамлар келгач: «Эй одамлар! Менга Каъба борасида маслаҳат беринглар: уни бузиб, кейин ўзидек қилиб қурайми ёки тўкилганини тузатайми?» деди.
Ибн Аббос: «Менда бу ҳақда бир фикр ялт этди. Менимча, тўкилганини тузатиб, одамлар мусулмон бўлган пайтдаги Байтни, одамлар мусулмон бўлган, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилган пайтдаги тошларни қолдираверганинг яхши», деди. Ибн Зубайр: «Бирортангизнинг уйи ёниб кетса, уни янгиламагунча рози бўлмайди‑ку! Роббингизнинг уйи‑чи? Мен Роббимдан уч марта истихора қилиб, кейин бу ишга азм қиламан», деди. Шу учтасидан кейин уни бузишга қарор қилди.
Одамлар унинг устига биринчи чиққанларга осмондан бирор нарса тушмасмикан деб чўчиб туришди. Ниҳоят, бир киши чиқиб, ундан бир тошни (пастга) ташлади. Одамлар унга ҳеч нарса бўлмаганини кўриб, кетма‑кет келиб, уни ерга етказгунча бузишди. Ибн Зубайр унинг биноси кўтарилгунча (атрофга) устунлар қўйиб, пардалар билан тўсиб қўйди.
Ибн Зубайр айтади: «Оишанинг шундай деганини эшитганман: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар куфрдан янги чиқмаганида, ёнимда буни қуришга қодир қиладиган маблағ йўқ бўлмаганида эди, унга Ҳижрдан беш зироъ киритардим, одамлар кирадиган бир эшик ва чиқадиган бир эшик қилар эдим», деганлар». Бугун эса менда маблағ бор, одамлардан қўрқмайман ҳам». Унга Ҳижрдан беш зироъ қўшди. Ниҳоят, (Иброҳим алайҳиссалом қўйган) тагзамингача етди, одамлар уни кўришди. Сўнг бинони ўшанинг устига қурди. Каъбанинг узунлиги ўн саккиз зироъ эди. Унга (беш газ) қўшгач, (бўйи) калта туюлиб қолди, сўнг бўйига ўн зироъ қўшди. Унга унга биридан кириб, бошқасидан чиқиладиган иккита эшик қилди.
Ибн Зубайр қатл қилингач, Ҳажжож буни Абдулмалик ибн Марвонга мактуб ёзиб, унга Ибн Зубайр бинони Макка аҳлининг одиллари* кўриб берган тагзамин устига қурганини хабар қилди. Абдулмалик унга: «Ибн Зубайрнинг булғашига бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Бўйига қўшганини жойида қолдир. Ҳижрдан қўшганини эса аслига қайтар, у очган эшикни тўсиб ташла», деб мактуб ёзди. У уни бузиб, асл ҳолига қайтарди».
235 - عَنْ عَائِشَةَ تَقُولُ: إِنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَوْلَا أَنَّ النَّاسَ حَدِيثٌ عَهْدُهُمْ بِكُفْرٍ، وَلَيْسَ عِنْدِي مِنَ النَّفَقَةِ مَا يُقَوِّي عَلَى بِنَائِهِ، لَكُنْتُ أَدْخَلْتُ فِيهِ مِنَ الْحِجْرِ خَمْسَ أَذْرُعٍ، وَلَجَعَلْتُ لَهَا بَابًا يَدْخُلُ النَّاسُ مِنْهُ، وَبَابًا يَخْرُجُونَ مِنْهُ».
[خ 126، م 1333، ت 875، س 2900، د 2028، جه 2955].