237-ҳадис

Абдулазиз ибн Суҳайб Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарга ғазот қилдилар. Ғира-ширада унинг яқинида бомдод намозини ўқидик. Кейин Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга миндилар. Абу Талҳа ҳам уловга минди, мен эса Абу Талҳага мингашиб олдим. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловни) Хайбарнинг тор кўчасига ҳайдадилар. Тиззам Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турар эди. Бир пайт изор кўтарилиб, Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонлари очилиб қолди, мен Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонлари оқлигини кўриб турардим. Қишлоққа кирганларида: «Аллоҳу акбар! Хароб бўлсин Хайбар! Биз бирор қавмнинг ерига тушсак, огоҳлантирилганларнинг тонги нақадар ёмон бўлур!» деб уч марта айтдилар. Қавм ўз ишларига чиқиб бўлган экан, (бизни кўриб) «Аллоҳга қасам, Муҳаммад (келибди)!» дейишди. – (Ровий) Абдулазиз айтади: «Баъзи шерикларимизнинг айтишича, «Муҳаммад ва бешлик!»* дейишган. – Биз у ерни куч билан қўлга киритдик. Кейин асирлар жамланди. Диҳя келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, асирлардан менга бир чўри беринг», деди. У зот: «Бориб, бир чўрини олавер», дедилар. У Сафийя бинт Ҳуяйни олди.

Шунда бир киши Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Набийси, Диҳяга Қурайза ва Назир қабиласининг саййиди Ҳуяйнинг қизи Сафийяни берибсиз. Аммо у фақат сизга муносиб», деди. «Чақиринглар, уни олиб келсин», дедилар. У (Сафийяни) олиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солиб, (Диҳяга) «Асирлардан бошқа чўри олақол», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилдилар ва унга уйландилар».

Шунда Собит унга: «Эй Абу Ҳамза*, у зот унга нимани маҳр қилиб бердилар?» деди. У шундай деди: «Унинг ўзини. Уни озод қилдилар ва унга уйландилар. У зот йўлдаликларида Умму Сулайм унинг сеп-сидирғаларини тайёрлаб, кечки пайт у зотнинг ҳузурларига кузатди. Шундай қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлиб тонг оттирдилар.

Кейин у зот: «Кимда бирон (егулик) нарса бўлса, олиб келсин!» дедилар ва тери дастурхон тўшадилар. Кимдир ақит, кимдир хурмо, яна кимдир сариёғ олиб кела бошлади. Кейин уларни аралаштириб, ҳайс* тайёрлашди. Мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг валиймалари* бўлди».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Изоҳ: Хайбар воқеаси милодий 629 йилга тўғри келади. Хайбар аҳли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга қарши катта қўшин тўпланиб, уларга қарши уруш очишга тайёргарлик кўрила бошланган эди. Улар орасида Мадинадан хиёнаткорлиги сабабли қувғин қилинган Бану Назир каби қабилалар ҳам бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда хабар топиб, бу фитнанинг олдини олишга қарор қилдилар ва қўшин билан улар устига юриш қилдилар. Ҳадисда таъкидланишича, улар аввалда ҳам бундай хиёнат ва босқинчилик қилмасликлари ҳақида огоҳлантирилган эдилар.

Сафийя розияллоҳу анҳо Хайбар бошлиқларидан бири Ҳуяйнинг қизи бўлиб, Хайбар урушида тушган асиралар ичида эди. У Диҳя Калбийга ўлжа сифатида берилди. Шунда айрим кишиларда Сафийянинг аслзодалиги ва бошқа жиҳатларини эътиборга олиб, унинг Диҳя Калбийга берилишига эътироз пайдо бўлди. Чунки аскарлар ичида бундай мартабали аёлга эга бўлишга Диҳя Калбийдан кўра ҳақли кишилар бор эди. Шунда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийянинг мавқеини, шаънини сақлаш ва фитнанинг олдини олиш мақсадида уни ўзларига олиб, озод қилдилар, сўнг унга уйландилар ва шарафига тўй ҳам қилиб бердилар. Ибн Саъд ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳони озод қилиб, ҳузурига кирганларида унга қавмига қайтиш ёки Исломга кирса, никоҳларига олишлари хусусида ихтиёр берганлар. Шунда унинг ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни танлаган.

* Ўша даврда қўшин беш қисмдан таркиб топган: олд қисм, орқа қисм, ўрта қисм, ўнг ва чап қанотлар. Шунинг учун араблар қўшинни «бешлик» деб аташган.

* Абу Ҳамза – Анас розияллоҳу анҳунинг куняси.

* Ҳайс – қуриган хурмо, ёғ ва толқон аралашмасидан тайёрланадиган таом.

* Валийма – никоҳ муносабати билан уюштирилган зиёфат, тўй.

237 - عَنْ أَنَسٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم غَزَا خَيْبَرَ، قَالَ: فَصَلَّيْنَا عِنْدَهَا صَلَاةَ الْغَدَاةِ بِغَلَسٍ، فَرَكِبَ نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَرَكِبَ أَبُو طَلْحَةَ، وَأَنَا رَدِيفُ أَبِي طَلْحَةَ، فَأَجْرَى نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي زُقَاقِ خَيْبَرَ، وَإِنَّ رُكْبَتِي لَتَمَسُّ فَخِذَ نَبِيِّ اللهِ r، وَانْحَسَرَ الْإِزَارُ عَنْ فَخِذِ نَبِيِّ اللهِ r، فَإِنِّي لَأَرَى بَيَاضَ فَخِذِ نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه وسلم، فَلَمَّا دَخَلَ الْقَرْيَةَ، قَالَ: «اللهُ أَكْبَرُ، خَرِبَتْ خَيْبَرُ، إِنَّا إِذَا نَزَلْنَا بِسَاحَةِ قَوْمٍ فَسَاءَ صَبَاحُ الْمُنْذَرِينَ»، قَالَهَا ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، قَالَ: وَقَدْ خَرَجَ الْقَوْمُ إِلَى أَعْمَالِهِمْ، فَقَالُوا: مُحَمَّدٌ، وَاللهِ - قَالَ عَبْدُ الْعَزِيزِ: وَقَالَ بَعْضُ أَصْحَابِنَا: مُحَمَّدٌ، وَالْخَمِيسُ - قَالَ: وَأَصَبْنَاهَا عَنْوَةً، وَجُمِعَ السَّبْيُ، فَجَاءَهُ دِحْيَةُ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَعْطِنِي جَارِيَةً مِنَ السَّبْيِ، فَقَالَ: «اذْهَبْ، فَخُذْ جَارِيَةً»، فَأَخَذَ صَفِيَّةَ بِنْتَ حُيَيٍّ، فَجَاءَ رَجُلٌ إِلَى نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه وسلم، فَقَالَ: يَا نَبِيَّ اللهِ، أَعْطَيْتَ دِحْيَةَ صَفِيَّةَ بِنْتَ حُيَيٍّ سَيِّدِ قُرَيْظَةَ وَالنَّضِيرِ؟ مَا تَصْلُحُ إِلَّا لَكَ، قَالَ: «ادْعُوهُ بِهَا»، قَالَ: فَجَاءَ بِهَا، فَلَمَّا نَظَرَ إِلَيْهَا النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: «خُذْ جَارِيَةً مِنَ السَّبْيِ غَيْرَهَا»، قَالَ: وَأَعْتَقَهَا وَتَزَوَّجَهَا، فَقَالَ لَهُ ثَابِتٌ: يَا أَبَا حَمْزَةَ، مَا أَصْدَقَهَا؟ قَالَ: نَفْسَهَا أَعْتَقَهَا، وَتَزَوَّجَهَا، حَتَّى إِذَا كَانَ بِالطَّرِيقِ، جَهَّزَتْهَا لَهُ أُمُّ سُلَيْمٍ، فَأَهْدَتْهَا لَهُ مِنَ اللَّيْلِ، فَأَصْبَحَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم عَرُوسًا، فَقَالَ: «مَنْ كَانَ عِنْدَهُ شَيْءٌ، فَلْيَجِئْ بِهِ»، قَالَ: وَبَسَطَ نِطَعًا، قَالَ: فَجَعَلَ الرَّجُلُ يَجِيءُ بِالْأَقِطِ، وَجَعَلَ الرَّجُلُ يَجِيءُ بِالتَّمْرِ، وَجَعَلَ الرَّجُلُ يَجِيءُ بِالسَّمْنِ، فَحَاسُوا حَيْسًا، فَكَانَتْ وَلِيمَةَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم.

[خ 3071، م 1365، ت 1095، س 547، د 2054، جه 1908].

Улашиш
|
|
Нусха олиш