Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ерлик кишининг саҳролик кишига сотиб беришидан, бир‑бирингизга нажш* қилишингиздан, биродарининг совчилиги устига совчи қўйишдан ёки биродарининг савдоси устига савдо қилишдан қайтардилар. Аёл дугонасининг идишидагини [ёки «товоғидагини»] ағдариб олиш учун унинг талоғини сўрамасин».
(Ровий) Амр ўз ривоятида: «Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмасин», деб қўшимча қилган.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
* «Нажш» сўзи луғатда «қўзғатиш», «авраш», «бўрттириб кўрсатиш» деган маъноларни англатади. Савдода «нажш» деб бошқаларни қизиқтириш учун молни баланд баҳога савдолашишга айтилади. Бунда харидор бўлиб кўринаётган шахс сотувчи билан келишиб олган бўлади. У молни мақтаб, баланд нархга савдолашади. Уларнинг қизғин савдосини кўрган бошқа кишилар ҳам молни ўша нархга сотиб ола бошлайдилар. Бундай қилиш мутлақо мумкин эмас, бу йўл билан топилган пул ҳаром бўлади.
244 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم نَهَى أَنْ يَبِيعَ حَاضِرٌ لِبَادٍ، أَوْ يَتَنَاجَشُوا، أَوْ يَخْطُبَ الرَّجُلُ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ، أَوْ يَبِيعَ عَلَى بَيْعِ أَخِيهِ، وَلَا تَسْأَلِ الْمَرْأَةُ طَلَاقَ أُخْتِهَا لِتَكْتَفِئَ مَا فِي إِنَائِهَا، أَوْ مَا فِي صَحْفَتِهَا.
[خ 2140، م 1413، ت 1134، س 3239، د 2080، جه 1867].