Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга хурсанд, юзлари яшнаган ҳолда кириб келдилар‑да, шундай дедилар: «Биласанми, Мужаззиз ҳозиргина Зайд ибн Ҳориса билан Усома ибн Зайдга қараб туриб, «Бу оёқларнинг бири биридандир», деди».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Изоҳ: Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари, тутинган ўғилларидир. Усома розияллоҳу анҳу эса Зайднинг ўғли. Зайднинг ўзи оқ танли, ўғли Усома эса қора танли эди, чунки Усоманинг онаси Барака Ҳабашия қора танли эди. Баъзи фитначилар «Оқ танли одамнинг боласи ҳам қора бўладими, бу ерда бир гап бор», деб фисқу фасод гаплар қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ранжиб юрардилар. Бир куни кишиларнинг шахсини аниқлайдиган машҳур қиёфачи Мужаззиз Мудлижий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб келди. Усома билан Зайд бошларини бир матога ўраб ётишган эди. Мудлижий уларнинг оёқларини кўриб: «Бу оёқлар бир-биридан, яъни ота-боланинг оёқлари», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапдан жуда хурсанд бўлиб кетдилар, чунки араблар қиёфачиларнинг гапини тан олишар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома Зайднинг ўғли эканини фитначилар тан оладиган киши томонидан айтилганидан хурсанд бўлган эдилар.
256 - عَنْ عَائِشَةَ، أَنَّهَا قَالَتْ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم دَخَلَ عَلَيَّ مَسْرُورًا، تَبْرُقُ أَسَارِيرُ وَجْهِهِ، فَقَالَ: «أَلَمْ تَرَيْ أَنَّ مُجَزِّزًا نَظَرَ آنِفًا إِلَى زَيْدِ بْنِ حَارِثَةَ وَأُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ، فَقَالَ: إِنَّ بَعْضَ هَذِهِ الْأَقْدَامِ لَمِنْ بَعْضٍ».
[خ 3555، م 1459، ت 2129، س 3493، د 2267، جه 2349].