Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «(Молини бозорга етиб келмасидан) сотиб олиш учун карвондагиларнинг олди тўсиб чиқилмайди!* Бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин! Бирбирингизга нажш қилманглар. Ерлик одам четдан келганга (молини) сотиб бермасин. Туя ва қўйларнинг елинини димламанглар. Кейин ким уни сотиб олган бўлса, уни соғиб олгач, икки фикрнинг яхшисини олади: рози бўлса, уни олиб қолади, норози бўлса, уни бир соъ хурмо билан қайтаради».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
* «Тўсиб чиқиш» деганда молни ҳали бозорга етиб келмасидан олдин йўлда тўхтатиб, арзон нархга сотиб олиш назарда тутилган. Сотувчи зарар кўриб қолиши мумкин бўлгани учун бу иш ҳаром қилинган.
* «Нажш» сўзи луғатда «қўзғатиш», «авраш», «бўрттириб кўрсатиш» деган маъноларни англатади. Савдода «нажш» деб бошқаларни қизиқтириш учун молни баланд баҳога савдолашишга айтилади. Бунда харидор бўлиб кўринаётган шахс сотувчи билан келишиб олган бўлади. У молни мақтаб, баланд нархга савдолашади. Уларнинг қизғин савдосини кўрган бошқа кишилар ҳам молни ўша нархга сотиб ола бошлайдилар. Бундай қилиш мутлақо мумкин эмас, бу йўл билан топилган пул ҳаром бўлади.
281 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يُتَلَقَّى الرُّكْبَانُ لِبَيْعٍ، وَلَا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَلَا تَنَاجَشُوا، وَلَا يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ، وَلَا تُصَرُّوا الْإِبِلَ وَالْغَنَمَ، فَمَنِ ابْتَاعَهَا بَعْدَ ذَلِكَ فَهُوَ بِخَيْرِ النَّظَرَيْنِ بَعْدَ أَنْ يَحْلُبَهَا، فَإِنْ رَضِيَهَا أَمْسَكَهَا، وَإِنْ سَخِطَهَا رَدَّهَا وَصَاعًا مِنْ تَمْرٍ».
[خ 2140، م 1515، ت 1134، س 3239، د 3438، جه 2172].