306-ҳадис

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: – Нуъмон икки бармоғини икки қулоғига тутди – «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир. Иккисининг орасида иштибоҳли нарсалар бор, уларни кўпчилик одамлар билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва шаънини пок тутибди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушиб қолади. Худди қўриқхона атрофида қўй боқаётган чўпон каби. (Қўйлари) ундан ўтлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Огоҳ бўлинглар! Ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бўлади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг қўриқхонаси – Унинг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Танада бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади, у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинглар! У – қалбдир».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун бу ҳадисни Исломнинг учдан бири, десак бўлади, де­йишган.

Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис: «Албатта, барча ишлар ниятга боғлиқ», деб бошланувчи ва «Киши Исломининг гўзаллиги, ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир», ҳадисидир, деганлар.

Имом Абу Довуд ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўрмагунича комил мўмин бўлмайди», деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у Зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш, худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала — қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Қуртубий эса:

«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир».

«Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса, ҳаромлик тугуни ечилган, яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди.

Ҳадиси шарифда ҳалол очиқ-ойдиндир, дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол экани очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.

Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. Ҳалол касб деганда, айнан шу маънода, яъни, ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади, дейишларига раддиядир, шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир, деганлар.

Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдилар.

Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу.

Аллоҳ таоло:

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир», дейди (Бақара, 168).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол нарсаларни ейишга даъват қилмоқда. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалолларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улар жуда кўп. Ҳаром ва нопок нарсалар жуда ҳам оз, кези келганида улар санаб ўтилади.

Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.

Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ:

«Нажот уч нарсада: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.

Ояти каримада ҳалол ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш саналмоқда. Яъни, бу шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол емайдилар, деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқаради. Шайтонга алданган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламай улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз: «Нима бўпти есам?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтонга қул эканига бир далилдир.

306 - عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: - وَأَهْوَى النُّعْمَانُ بِإِصْبَعَيْهِ إِلَى أُذُنَيْهِ - «إِنَّ الْحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ، وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى، يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلَا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً، إِذَا صَلَحَتْ، صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ، فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ».

[خ 52، م 1599، ت 1205، س 4453، د 3329، جه 3984].

Улашиш
|
|
Нусха олиш