5-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, у зотдан кейин Абу Бакр халифа бўлиб, араблардан бир қанчаси куфрга кетганда Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: «Қандай қилиб одамларга уруш қиласиз? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», демагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деса, мендан молини ва жонини сақлабди. Фақат (Ислом) ҳаққи мустаснодир, унинг ҳисоби эса Аллоҳга ҳавола», деганлар‑ку?!» деди. Шунда Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, ким намоз билан закотнинг орасини ажратса, унга қарши уруш очаман, чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар (закотларидан) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб келишган биргина арқонни менга беришмаса ҳам, ўша берилмагани учун уларга қарши уруш очаман», деди.

Умар ибн Хаттоб айтади: «Аллоҳга қасамки, ўшанда Аллоҳ азза ва жалла Абу Бакрнинг қалбига уруш қилишни солиб қўйганини ва унинг ҳақ эканини англаб етдим».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Баъзи араблар яна буту санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайтган бўлсалар, бир гуруҳ кишилар Мусайламатул Каззоб, Сажоҳ, Тулайҳа ал-Асадий каби сохта пайғамбарларга эргашдилар.

Учинчи бир турлари эса, Исломнинг ҳамма шарт­ларини бажариб туриб, фақат закот беришдан бош тортдилар. Улар «биз закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди у вафот этди, закот оладиган одам қолмади», дейишди.

Баъзи қабилалар закот беришдан бош тортишлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш эълон қилдилар. Халифанинг бу ишига саҳобалардан ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қарши чиқдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ривоятдаги:

«Токи одамлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳасиз, мендан молини ва жонини сақлаган бўлади», деган гапларини далил қилиб келтирдилар.

«Қандоқ қилиб «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб турган одамларга қарши уриш қиласан?!» дедилар Умар халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга. Бунинг устига улар намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб, яна бошқа ибодат ва амалларни адо этар эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва бошқа барча саҳобаларнинг бунчалик қаттиқ туришлари бежиз эмас эди. Уларнинг бу борада жуда ҳам кучли далиллари бор эди:

  1. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ҳаттоки «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиргунларича, намозни қоим қилиб, закотни бергунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Агар ўшани қилсалар, мендан қонларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳақи ила бўлса бундан  мустасно. ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.

  1. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ҳаттоки «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларича ва менга ҳамда мен келтирган нарсага иймон келтиргунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Қачон шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар ҳақи билан бўлса, бундан мустасно. ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.

  1. «Фақат ҳақи билан бўлса бундан мустасно» дейилган жумла ҳазрати Умар далил қилиб келтираётган ҳадисда ҳам бор эди. Закот бермаганларнинг қони тўкилиши ҳақ эканлиги шунга кирар эди.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар дарҳол ўз фикр­ларидан қайтдилар ва кўпчиликнинг фикрига қўшилдилар.

  1. Саҳобаларнинг ижмоси – ҳаммалари бир фикр­га келиб қарор қилишлари кучли ҳужжат бўлади.

Шундай қилиб, Ислом тарихида «Ридда урушлари» номи билан машҳур урушлар бошланди. Бу урушларда кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилди. Ўша қони тўкилганларнинг баъзилари закотини бермаганлари учун шу ҳолга тушдилар. Чунки улар Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига исён ҳамда, бева-бечора, фақир ва мискинларнинг ҳақларига хиёнат қилган эдилар. Улар Аллоҳ таоло берган неъматнинг шукрини қилмай, омонатга хиёнат қилдилар, шунинг учун ҳам уларнинг қонини тўкиш жоиз кўрилди.

Иккинчи томондан, саҳоба ва тобеинларнинг қонлари тўкилди. Аммо ҳақ йўлида, бева-бечора, фақирлар ҳақини ҳимоя қилиш йўлида тўкилган қон бекор кетмайди. ҳақиқатан ҳам, Аллоҳнинг йўлида, ер юзида илоҳий адолатни ўрнатиш йўлида берилган жон ўлган саналмайди.

Демак, Исломда закотни беришдан бош тортган гуруҳларга қарши уруш қилиб бўлса ҳам, уни олишга ҳаракат қилинади.

5 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: لَمَّا تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَاسْتُخْلِفَ أَبُو بَكْرٍ بَعْدَهُ، وَكَفَرَ مَنْ كَفَرَ مِنَ الْعَرَبِ، قَالَ عُمَرُ بْنِ الْخَطَّابِ لِأَبِي بَكْرٍ: كَيْفَ تُقَاتِلُ النَّاسَ، وَقَدْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، فَمَنْ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، فَقَدْ عَصَمَ مِنِّي مَالَهُ وَنَفْسَهُ إِلَّا بِحَقِّهِ، وَحِسَابُهُ عَلَى اللهِ»، فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَاللهِ، لَأُقَاتِلَنَّ مَنْ فَرَّقَ بَيْنَ الصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ، فَإِنَّ الزَّكَاةَ حَقُّ الْمَالِ، وَاللهِ لَوْ مَنَعُونِي عِقَالًا، كَانُوا يُؤَدُّونَهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، لَقَاتَلْتُهُمْ عَلَى مَنْعِهِ، فَقَالَ عُمَرُ بْنِ الْخَطَّابِ: فَوَاللهِ، مَا هُوَ إِلَّا أَنْ رَأَيْتُ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَدْ شَرَحَ صَدْرَ أَبِي بَكْرٍ لِلْقِتَالِ، فَعَرَفْتُ أَنَّهُ الْحَقُّ.

[خ 1400، م 20، ت 2606، س 2443، د 1556، جه 3927].

Улашиш
|
|
Нусха олиш