Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Иймон етмиш неча [ёки олтмиш неча] шуъбадир. Уларнинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйиси эса йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир шуъбасидир».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: «Етмиш нечта ёки олтмиш нечта»даги шак ровийдандир. Ҳадисни эшитаётганда аниқ эшита олмай қолган. Нима етса, шуни ривоят қилиш зарур бўлганидан бошқалардан сўраб аниқлаб олган бўлса ҳам ўзи эшитгандаги ҳолатни аниқ ифода этишни омонат билганидан шу ҳолда ривоят қилган.
«Етмиш нечта» дегани, етмишдан ортиқ, саксондан кам дегани. Бу ҳадиси шарифда Иймоннинг шуъбалари борлиги таъкидланмоқда.
Бу «Муржиъа» мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Шу билан бирга, Иймоннинг юқори ва пастки қисми борлиги таъкидланмоқда. Етмиш нечта шуъбанинг энг юқориси калимаи шаҳодатни айтиш бўлса, энг пасти йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Икковлари орасида яна етмишдан ортиқ шуъбалар бор. Бу ҳам иймон ягона, бир бутун нарсадир, унинг катта-кичиги бўлмайди, деган «Муржиъа» мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Ўша шуъбалар ичида «ҳаё» алоҳида эътиборга сазовор бўлгани учун «ҳаё иймоннинг шуъбасидир», деб алоҳида таъкидланади. Шунингдек, иймон нафақат сўздан, эътиқоддан, балки амалдан ҳам иборат экани тушунилмоқда. Чунки йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашга гапни ҳам ва дилдаги тасдиқни ҳам нисбат бериб бўлмайди. Бу соф амалдан иборат. «Муржиъа» мазҳабидагилар эса, иймон фақат гапдан иборат, дейдилар.
Умуман, ушбу ҳадис уламоларимизни кенг ва чуқур илмий изланишларга чорлаган ҳадисдир. Чунки, унда Исломдан олдин ҳам, Исломда ҳам энг кўп баҳс юритилган масала–иймон ва унинг шуъбалари ҳақида сўз кетмоқда. Иймон ҳамма нарсанинг асли бўлганидан унга алоҳида эътибор бериш зарур. Айни шу масала бўйича алоҳида китоб тасниф қилган уламолар ҳам бор. Имом Абу Абдуллоҳ ал-Ҳалиймийнинг «Фавоидул минҳож», Имом Байҳақийнинг «Шуъбул Иймон», Исҳоқ ибн ал-Қуртубийнинг «Китобун-Насиҳ», Имом Ибн Ҳиббон Бустийнинг «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китоблари шулар жумласидандир.
«Иймон» луғатда «ишонч», «тасдиқ» маъноларини билдиради. Шариатда эса, бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир. Иймоннинг етмиш нечта шуъбаси бор, дейишлик, иймонни етмишдан ортиқ шохи бор дарахтга ўхшатишдир. Дарахтнинг асли иймон бўлса, унинг шохлари иймоннинг шуъбаларидир. Аҳли сунна ва жамоанинг барчалари–муҳаддислар ҳам, фуқаҳолар ҳам, ақийда илми уламолари ҳам иттифоқ қилишиб: «Дўзахда абадий қолмайдиган, аҳли қибла ҳисобланган мўмин–Ислом динига ҳеч қандай шак-шубҳасиз жазм ила эътиқод қилган ва шаҳодат калимасини нутқ қилган одамдир», дейдилар. Тили билан айтиб қўйса, кифоя, деганлар адашган «Муржиъа» мазҳабидагилардир.
Ушбу ҳадисда иймон етмиш ёки олтмишдан ортиқ шуъбага эга экани ва ўша шуъбаларнинг энг юқориси, энг пасти ва яна биттасининг номи айтилмоқда. Бошқа ҳадисларда етмишдан ортиқлиги ва яна баъзи бошқа шуъбалар ҳақида сўз кетган. Лекин бирорта ҳадисда етмиш нечта шуъбани ҳисоблаб чиқилмаган. Бу эса, ўз навбатида уламоларимизни баҳсга, илмий изланишга чорлаган.
Имом Ибн Ҳиббон Бустий «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китобида қуйидагиларни ёзган эканлар: «Ушбу ҳадиснинг маъносини бир қанча муддат ўргандим. Тоатларни санасам, бу ададдан бирмунча кўп чиқди. Суннатга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон, деб номлаган тоатларни ҳисобладим. Қарасам, улар етмиш нечтадан кам. Қуръонга қайтдим. Аллоҳ таоло ўз китобида иймон, деб номланган амалларни ҳисобладим. Қарасам, улар ҳам етмиш нечтадан кам. Сўнгра такрор бўлганларини қолдириб, Қуръон билан Суннатда иймон, деб номланган амалларни қўшиб санасам, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, етмиш нечта чиқди. Ана шундагина, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисдаги ададдан Қуръон ва Суннатда иймон, деб номланган амалларни кўзда тутганларини англадим».
Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний эса, қуйидагиларни ёзадилар:
«Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб қуйидаги шеърни айтамиз:
«Иймоннинг асли қалб ила тасдиқ, тил ила иқрор қилмоқ бўлса ҳам,
Комил ва тугал иймон уч қисмдан: тасдиқ, иқрор ва амалдан иборатдир».
Биринчи қисм, эътиқодиётлардан иборат бўлиб, ўттиз шуъбага бўлинади:
Бунга муҳожир ва ансорий саҳобаларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларига муҳаббат қилиш ҳам киради.
Агар, қалб амалларига фазилат ва разилатларнинг булардан бошқаси топилса, ушбу шуъбалардан бирортасига дохил бўлади. Ўйлаб кўрилса, дарҳол зоҳир бўлади.
Иккинчи қисм–тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади:
Учинчи қисм–бадан амалларидан иборат бўлиб, қирқ шуъбага бўлинади. Бу қисм уч навлидир.
Биринчи нав ҳар бир шахснинг ўзига хос нарсаларда бўлиб, бу ўн олти шуъбадан иборатдир:
Иккинчи нав тобеъларга хос бўлиб, олти шуъбадан иборат:
Учинчи нав оммага тааллуқли бўлиб, ўн саккиз шуъбадан иборат.
Жами бўлиб, етмиш етти шуъбадир.
Бу аллома Маҳмуд ибн Аҳмад Айний раҳматуллоҳи алайҳининг ижтиҳодлари. Бу илмий ижтиҳоддан кўплаб фойда олдик. Аллоҳ таоло у кишига манфаатли илм қолдирганлари учун мукофотларини тўлиқ қилиб берган бўлсин!
Аммо бир мулоҳазамиз борки, Айний раҳматуллоҳи алайҳининг етмиш еттилик рўйхатларига ушбу ҳадисда очиқ-ойдин айтилган «Ҳаё» шуъбаси кирмай қолибди. Албатта, у киши айтганларидек «Ҳаё»ни ҳам бирорта бобга қўшиб юборса бўлади. Аммо ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шуъбалардан кейин «Ҳаё»ни алоҳида таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дейилиши бежиз бўлмаса керак. Чунки ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.
Уламоларимиз Иймон ва унинг шуъбаларини дарахт ва унинг шохларига ўхшатадилар. Агар Имом ал-Айнийнинг ижтиҳоди ила тасаввур қилсак, иймон етмиш етти шохи бор бир гўзал дарахтдир. Ўша кўркам дарахт ҳамма шохлари билан гўзалдир. Аллоҳ кўрсатмасин, бирор шохи, ҳатто бирор баргига футур етса, дарахтнинг гўзаллигига футур етади. Кўрган одам: «Ушбу барги ҳам бут бўлганда ажойиб дарахт бўлар экан», деб афсусланади. Қани, инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик-чи, иймон дарахтимизнинг ҳамма барглари, шохлари, танаси бутми? Нечта шохи кесилган, нечтаси қуриган? Уларни ўрнига келтириш учун нималар қилмоқдамиз?
Дунё бугунги кунда бу ҳадисдан чиқадиган ҳикматларга қанчалик муҳтож? Дунёга етмиш нечта шуъбаси бор иймон жуда керак, дунё ва инсоният иймонга жуда муҳтож.
Бутун дунё, барча инсоният «Лаа илаҳа иллаллоҳ»га муҳтож, иймоннинг муҳим шуъбаларидан бўлган ҳаёга муҳтож.
Улар йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом динига муҳтожлар. Бу эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки дунёда, инсонлар ичида кундан-кунга иймонсизлар, иймони заифлар кўпаймоқда, ҳаёсизлар кўпаймоқда. Инсоният йўлига озор берувчи нарсаларни ташловчилар кўпаймоқда.
6 – عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ، أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيْمَانِ».
[خ 9، م 35، ت 2614، س 5004، د 4676، جه 57].