285-ҳадис

Товусдан ривоят қилинади:

«Товус мухобара қиларди».

Амр айтади: «Мен унга: «Эй Абу Абдурраҳмон, шу мухобарани ташласанг бўларди, чунки айтишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мухобарадан қайтарган эканлар», дедим. У шундай деди: «Менга буни уларнинг энг билимдони – яъни Ибн Аббос – айтган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан қайтармаганлар. У зот: «Бирингизнинг ўз биродарига (ерни) бериб туриши унинг учун ўшанинг устидан маълум тўлов олишидан яхшироқдир», деганлар» деди».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Изоҳ: Бу ерда деҳқончилик ва боғдорчиликда қўлланадиган савдо турларидан бири ҳақида сўз кетмоқда.

Мухобара – ерни ҳосилнинг маълум қисми эвазига ижарага бериш. Буни «мазораъа» ҳам дейилади. Айрим уламолар уларни фарқлаб, «Агар уруғ ернинг эгаси тарафидан берилса музораъа, деҳқондан бўлса мухобара бўлади», дейишган. Ернинг ижара ҳаққини олинадиган ҳосилнинг маълум миқдори, масалан қанчадир тоннасига келишиш жоиз эмас, чунки ўшанча ҳосил олиниши ҳали номаълум. Аммо чиқадиган ҳосилнинг маълум фоизини, масалан, учдан бири ёки чорак қисмини ижара ҳаққи сифатида белгилаш жоиз, чунки бунда агар ҳосил бўлмаса, ижара ҳаққи ҳам тўланмайди.

Бундан ташқари қуйидаги тури ҳам бор.

Муҳоқала – бошоқда турган дон-дунни ўз жинсдошига чамалаб сотиш. Буғдой ва шу каби шариатда навларидан қатъи назар тенг айирбошлаш лозим бўлган рибавий молларда бир тур мевани бир­бирига айирбошланганда тахмин билан ўлчаш мумкин эмас. Шунинг учун бундай савдо ҳаромдир. Ҳали етилмаган, яъни салоҳияти кўринмаган полиз экинини савдолашиш ҳам муҳоқала бўлади.

Муъовама – бир ёки бир неча йиллик ҳосилни олдиндан сотиш. Бу савдо ҳаромдир, чунки бу йўқ нарсани, қўлга кирмаган нарсани сотишдир.

285 - عَنْ طَاوُسٍ، أَنَّهُ كَانَ يُخَابِرُ، قَالَ عَمْرٌو: فَقُلْتُ لَهُ: يَا أَبَا عَبْدِ الرَّحْمَنِ، لَوْ تَرَكْتَ هَذِهِ الْمُخَابَرَةَ، فَإِنَّهُمْ يَزْعُمُونَ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم نَهَى عَنِ الْمُخَابَرَةِ، فَقَالَ: أَيْ عَمْرُو، أَخْبَرَنِي أَعْلَمُهُمْ بِذَلِكَ - يَعْنِي ابْنَ عَبَّاسٍ -: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم لَمْ يَنْهَ عَنْهَا، إِنَّمَا قَالَ: «يَمْنَحُ أَحَدُكُمْ أَخَاهُ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَأْخُذَ عَلَيْهَا خَرْجًا مَعْلُومًا».

[خ 2330، م 1550، ت 1385، س 3873، د 3389، جه 2456].

Улашиш
|
|
Нусха олиш