339-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилсизларнинг жароҳати учун товон йўқ, қудуққа товон йўқ, маъданга товон йўқ, рикозда эса хумус бор», дедилар.

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Изоҳ: «Тилсизлар» деганда ҳайвон ва қушлар назарда тутилган. Улар етказган зарар туфайли эваз, товон тўлаш йўқдир. Аммо бу зарарга уларнинг эгаси сабабчи бўлса, товон тўлаш лозим бўлади.

«Қудуққа товон йўқ» дегани бир ишчи қудуқ қазиётиб ҳалок бўлса, қаздирган одам унинг товонини тўламайди, деганидир. Шунингдек, кимдир қудуққа тушиб кетса ёки унга бирор нарса тушиб кетиб, синса, қудуқ қаздирган киши бунга масъул бўлмайди. Бунда қудуқнинг эгаси уни ўзига қарашли ердан қаздирган бўлиши шарт.

«Маъданга товон йўқ» деган жумлани уламолар икки хил изоҳлашган. Жумҳур уламо маъдан топиб олган киши ундан бешдан бирини топширмайди, деган. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Бу ерда ҳам қудуқдаги ҳолат назарда тутилган. Масалан, бир ишчи маъдан қазиётиб ҳалок бўлса, қаздирган одам унинг товонини тўламайди», деб бошқачароқ изоҳлайдилар.

Юқоридаги икки ҳолатга оид ҳукм қазиш иши рухсат этилган жойга тааллуқли, аммо рухсат этилмаган жойда бўлса, хун тўланади.

«Рикоз» деб жумҳурнинг наздида жоҳилият аҳли яширган дафиналарга айтилади. Ҳанафий уламолар эса «Маъданлар ҳам рикозга киради», дейишган. Айрим мутахассисларнинг айтишича, ушбу фарқ «рикоз» сўзининг маъносидан келиб чиққан, чунки Ҳижоз аҳли «рикоз» деганда фақат жоҳилият дафиналарини назарда тутган, ироқликлар эса дафинани ҳам, маъданни ҳам рикоз дейишган. Бу ўринда жумҳурнинг сўзи қувватли, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳижоз тилида сўзлаганлар. «Хумус» бешдан бир дегани бўлиб, топилманинг бешдан бири давлатга топширилади.

339 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، أَنَّهُ قَالَ: «الْعَجْمَاءُ جَرْحُهَا جُبَارٌ، وَالْبِئْرُ جُبَارٌ، وَالْمَعْدِنُ جُبَارٌ، وَفِي الرِّكَازِ الْخُمْسُ».

[خ 2315، م 1698، ت 1433، س 5410، د 4445، جه 2549].

Улашиш
|
|
Нусха олиш