70-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни бошлаётганда, рукуъдан олдин ва рукуъдан кўтарилаётганда икки қўлларини елкалари баробарига етказиб кўтарганларини кўрдим. Аммо икки сажда орасида кўтармасдилар».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Изоҳ: Ушбу ҳадисда такбири таҳримада намозхон қўлларини елка баробарида кўтариши кераклиги айтилмоқда. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари шуни танлашган. Аммо Абу Довуднинг Воил ибн Ҳужрдан, Таҳовийнинг Баро ибн Озибдан қилган ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга такбир (таҳрима) айтсалар, қўлларини қулоқлари рўпарасигача кўтарардилар», дейилади. Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шуни ихтиёр қилишган.

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаби олимлари: «Мана шу ҳадисга биноан намозхон такбири таҳримада, рукуъга борганда ва кўтарилганда икки қўлини кўтаради», дейишади. Аммо ҳанафийлар такбири таҳримадан бошқа ўринларда кўл кўтармасликни ихтиёр қилишган ва бунга Абу Довуд, Ибн Абу Шайба ва Таҳовийларнинг Баро ибн Озибдан ривоят қилган «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кириш учун такбир айтсалар, қўлларини кўтарардилар, ҳатто бош бармоқлари қулоқлари юмшоғига яқин келар эди, кейин бошқа кўтармас эдилар» ҳадисини далил қилиб келтиришади.

70 - عَنْ ابن عمر، قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاةَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ مَنْكِبَيْهِ، وَقَبْلَ أَنْ يَرْكَعَ، وَإِذَا رَفَعَ مِنَ الرُّكُوعِ، وَلَا يَرْفَعُهُمَا بَيْنَ السَّجْدَتَيْنِ.

[خ 735، م 390، ت 255، س 741، د 721، جه 858].

Улашиш
|
|
Нусха олиш