Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аёлларингиз масжидга чиқишга изн сўрашса, тўсманглар», деганларини эшитганман», деди. Билол ибн Абдуллоҳ: «Аллоҳга қасам, уларни албатта қайтарамиз!» деди. Шунда Абдуллоҳ унга қараб туриб, уни шундай ёмон сўкдики, бундай сўкканини ҳеч эшитмаган эдим. У: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини айтяпман‑у, сен бўлсанг: «Аллоҳга қасамки, уларни албатта қайтарамиз!» дейсан‑а!» деди».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бошқа ривоятда қуйидагича келган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар нимани пайдо қилганларини кўрганларида, уларни худди Бани Исроил аёллари ман қилинганларидек, албатта, масжиддан ман қилган бўлур эдилар», деди.
Мен Амрога: «Улар ман қилинганмидилар?» дедим. «Ҳа!» деди».
Икки шайх ва Абу Довуд ривояти.
Ушбу ҳадиснинг ровийидан бири ўзларига бу ҳадисни айтиб берган Амро розияллоҳу анҳудан:
«Бани Исроилнинг аёллари масжиддан ман қилинганмидилар?» деб ҳадисда келган маънони таъкидлаш учун сўраганида, у киши ҳа, деб жавоб берган эканлар.
Демак, Бани Исроил аёлларига бир вақт ибодатхонага боришга изн берилиб, кейинчалик улардан ношаръий ишлар, жумладан, эркакларга кўринишлари содир бўлганидан кейин ибодатхоналарга боришлари ман қилинган экан.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг муслима аёлларда содир бўлган салбий ўзгаришларни кўриб афсус қилиб, агар мазкур ўзгаришларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсалар, уларни, албатта, масжидга боришдан ман қилган бўлар эдилар, деб таъкидламоқдалар.
Дарҳақиқат, бу фикр ривожлана бориб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида аёллар масжидга боришдан ман қилинадилар.
71 - عَبْدَ اللهِ بْنَ عُمَرَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «لَا تَمْنَعُوا نِسَاءَكُمُ الْمَسَاجِدَ إِذَا اسْتَأْذَنَّكُمْ إِلَيْهَا».
قَالَ: فَقَالَ بِلَالُ بْنِ عَبْدِ اللهِ: وَاللهِ! لَنَمْنَعُهُنَّ، قَالَ: فَأَقْبَلَ عَلَيْهِ عَبْدُ اللهِ، فَسَبَّهُ سَبًّا سَيِّئًا، مَا سَمِعْتُهُ سَبَّهُ مِثْلَهُ قَطُّ، وَقَالَ: أُخْبِرُكَ عَنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَتَقُولُ: وَاللهِ لَنَمْنَعُهُنَّ!
[خ 865، م 442، ت 570، س 706، د 566، جه 16].