1207-ҳадис

1207. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳи мағфират қилинади», дедилар».

 

Муттафақун алайҳ.

 

Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни (одамларни) Рамазонда қоим бўлишга қатъий буюрмай тарғиб қилардилар ва «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дер эдилар.

 

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Рамазон ойи кечалари ибодат қилиш жуда ҳам фазилатли иш. Гуноҳларнинг мағфират бўлиши ҳам шу иш туфайли бўлади.

Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга тарғиб қилиш билан бирга, маълум бир ибодатга қатъиян амр қилмаганлар. Балки умумий тарғиб қилиш билан кифояланганлар.

Худди шу ҳолат ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик даврларида ҳам давом этган. Кишиларга Рамазон кечаларида маълум ибодатни тайин қилмаслик ҳазрати Умари одил халифаликларининг дастлабки даврида ҳам давом этган. Кейин нима бўлганини сўнгра келадиган ривоятлардан билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқиб масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у кишига иқтидо қилдилар. Тонг отгандан сўнг одамлар бу ҳақда гапирдилар. Кейин улардан ҳам кўп тўпланишди ва у зот билан намоз ўқишди. Одамлар бу ҳақда ҳам гапирдилар. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб намоз ўқидилар. Улар у зотга иқтидо қилдилар. Тўртинчи кеча бўлганида масжид одамларни сиғдиришга ожизлик қилиб қолди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва:

«Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин мен (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Бу ҳодиса ҳақида келган бошқа ривоятларда таъкидланишича, Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда нафл намоз ўқиётганларини кў­риб, баъзи саҳобалар у зотнинг намозларига қўшилиб иқтидо қилганлар. Эртасига бу гап одамлар орасига тарқагач, эшитганлар кечаси келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги нафл намозларига қўшилганлар. Эртасига яна одам кўпайган. Тўртинчи кечаси масжидга одам сиғмай кетган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги нафл намози ўқигани масжидга чиқмаганлар. Бир йўла бомдод намозига чиққанлар ва нима учун тунги намозни одамлар билан ўқиш учун чиқмаганларини тушунтириб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ислом ҳукмлари жорий бўлиб турар эди. Ҳали ҳаммаси жорий бўлиб битмаган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам агар одамлар билан тунда жамоат бўлиб намоз ўқишни давом эттираверсалар, ушбу намоз сизларга фарз бўлди, деб амри илоҳий тушиб қолишидан, кейин эса одамлар Рамазон кечалари бу намозни ўқий олмай гуноҳкор бўлишларидан қўрққанлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига нисбатан ўта меҳрибон эдилар. Уларнинг тоқатларидан ташқари таклифлар ила қийналишларини асло хоҳламас эдилар. Доимо енгиллик томонини кўзлар эдилар. У зоти бобаракотга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тар­қоқ ҳолларида, кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқимоқда. Кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар:

«Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди.

Умар:

«Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди. (Кечанинг охирида, демоқчи.) Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди». (Бухорий ривоят қилган).

Ислом давлати раҳбари ўлароқ, кишилар ичида юриб уларнинг ҳолидан хабар олиш, хатоларини тузатиш, манфаатлари ҳақида қайғуриш ҳазрати Умардек бир зот учун оддий бир ҳол эди.

Мана, у киши хазинадори Абдурраҳмон ибн Абдин розияллоҳу анҳу билан Рамазони шариф кечаларидан бирида Мадинаи мунаввара кўчаларида кетмоқдалар. Бу вақт муборак вақт. Мусулмонлар кундузни соим, кечасини қоим ўтказишлари керак бўлган муборак Рамазон ойи. Аммо халифа Умари одил кўзларига мусулмонларни кечасидаги ҳоллари ана ўша талаб даражасида бўлиб кўринмади. Кимдир ўзича намоз ўқимоқда. Нарироқда уч-тўрт киши бир одамга иқтидо қилиб, ўзларича ибодат қилмоқдалар. Бошқалар эса...

Зийрак ва ташаббускор инсон, қобилиятли ва уддабуррон давлат бошлиғи, қўрқмас ва шижоаткор мужтаҳид ҳазрати Умарнинг кўнглидан кишиларни бу ҳолда ташлаб қўйиш яхши эмаслиги ўтди. Агар иш шу ҳолда давом этаверса, кейин нима бўлиши мумкин? ҳозирнинг ўзида шунчалик бўлиб тургач, кейин бундан яхши бўлиши мумкин эмас. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вақт­ларида одамлар катта ғайрат билан ибодат қилар эдилар. ҳар ким ўз ҳолича бўлса ҳам Рамазон кечасини қоим бўлиб ўтказар эдилар. Энди бўлса, аввалги ғайрат қолмабди. Кишилар тарқоқ, нафл намоз ўқигани ўқимоқда, бўлмаса йўқ. Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари бош бўлиб, кечаларни бедор ўтказар эдилар. Кишиларга Рамазон кечасидаги ибодат фарз бўлиб қолиб, оғирлик келмасин дебгина жамоат ила кечаси намоз ўқишни доимий ташкил қилмаган эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шариат ҳукмлари давомли равишда тўлдириб борилар эди. Бугун бир ҳукм ташкил этилса, эртага бошқаси ва ҳокозо. ҳукмларнинг жорий бўлишига баъзи одамларнинг саволлари, гоҳида қилган ишлари, гоҳида яна бошқа нарсалар сабаб бўлиб қолар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзича тўпланиб, кечаси жамоат намоз ўқиш туфайли шу намоз фарз бўлиб қолишидан истиҳола қилган эдилар. Агар Рамазон кечаларида ана шундай намоз фарз бўлиб қолса, баъзи кишиларга оғир келиб, қийналиб қолишлари мумкин эди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирдан-бир мулоҳазалари шу эди. Бўлмаса, бошқа ҳеч бир нарса у зотни Рамазон кечаларида мусулмонлар билан жамоат бўлиб, нафл намоз ўқишдан тўсмас эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимо бу намозни ўқир, саҳобаларни ҳам унга тинимсиз тарғиб қилар эдилар.

Энди бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога риҳлат қилдилар. Шариат аҳкомлари мукаммал бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Аллоҳ таоло ҳеч кимга ваҳий туширмайди. Бирор ибодатни фарз ёки вожиб бўлиши мумкин эмас. Жумладан, энди мусулмонлар кечаси жамоат бўлиб, нафл намоз ўқисалар ҳам фарз ёки вожиб бўлиб қолиши асло мумкин эмас. Уларнинг ҳозиргига ўхшаб тарқоқ юрганларидан, Рамазон кечаларини турлича ўтказишларидан кўра жамоат бўлиб намоз ўқишлари яхши эмасми?

«Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади», деди ҳазрати Умар. Ўша қори намозга ўтади. Қолганлари эса унга иқтидо қилади. Қориларнинг ичида энг афзали Убай ибн Каъб. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам буни тасдиқлаганлар.

Шундай қилиб, ҳазрати Умар Рамазон кечалари жамоат бўлиб таровеҳ намоз ўқишни жорий қилдилар. Бу иш ҳаммага маъқул келди. Саҳобалардан бирор киши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарса нима учун қилинмоқда, демади. Бу ҳам мазкур иш ҳаммага ўта маъқул бўлганидан дарак берарди. ҳа, ҳамма бу ишдан хурсанд бўлди.

Ровий Абдурраҳмон ибн Абдин розияллоҳу анҳунинг айтишларича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам хурсанд бўлганлар ва:

«Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деганлар. Шу ерда бидъат икки хил, яхши ва ёмон бўлиши мумкинлиги, буни ҳазрати Умардек улуғ зот таъкид қилганларини алоҳида эслаб ўтишимиз лозим.

1207 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيْمَاناً وَاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 37، م 759].

وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يُرَغِّبُ فِي قِيَامِ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَأْمُرَهُمْ فِيهِ بِعَزِيمَةٍ، فَيَقُولُ: «مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيْمَاناً وَاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [759/174].


Улашиш
|
|
Нусха олиш