Имом Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий Димашқий
شرح
رياض الصالحين
تأليف: الإمام أبي زكريا يحيى بن شرف النووي الدمشقيّ
631 – 676 هـ
Риёзус солиҳийн
(Солиҳлар гулшани)
Таржимон: Анвар Аҳмад
Тошкент: 2021
Муаллиф ва унинг ушбу асари ҳақида
Шайх, имом, муҳаққиқ олим, ҳофизларнинг йўлбошчиси, авлиёларнинг байроқдори, кўплаб илм ва фанлар билимдони, манфаатли таснифотлар соҳиби, ўз жонини Аллоҳнинг дини нусрати учун тиккан, илм ва ибодат орасини жамлаган Аллоҳнинг ориф бандаларидан бири, парҳезкор, зоҳид, суннат ва динни тирилтирувчи Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф (ибн Муррий) ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Жумъа ибн Ҳизом ал-Ҳизомий ан-Нававий, Димашқий, Шофеъийдир.
Кунялари – Абу Закариё, лақаблари Муҳиддин. Аммо Аллоҳга тавозуъ қилиб, Муҳиддин деб лақабланишни кариҳ кўрганлар. Чунки дин доимий ҳаёт ва собит бўлган нарсадир, тирилтирувчи кишига муҳтож эмасдир, деб айтардилар. («Муҳиддин» – динни тирилтирувчи, деган маънони англатади.) Лаҳмий у зот ҳақида: «Мени Муҳиддин деб атайдиганларни дўст тутмайман, деб айтдилар», дейдилар.
Бу зот Димашқнинг қишлоқларидан бири Навода 631-ҳижрий сана, муҳаррам ойининг ўртасидаги ўн кунликда дунёга келдилар. Наво билан Димашқ ораси икки марҳаладан озроқ масофадир. Ҳозирги пайтда 100 км атрофида.
Имом Заҳабий тарих китобларида «Наво» сўзида вов ҳарфидан кейин алиф бўлмайди, аммо уни қўйиш ҳам жоиз, деб айтдилар.
Шайх Тожуддин Субкий имом Нававий «Дорул ҳадис ашрафийя»га бош мударрис этиб таъйинланганларида қуйидаги шеърни битиб, унда Наво сўзига вов ҳарфидан кейин алифни киритганлар.
Дорулҳадисда узоқ қолиб, унинг атрофида кезиб овунаман.
Кошки Навовий қадами теккан жойга юзим лўнжини текказурман.
Имом Нававийнинг оталари қуйидагича ҳикоя қилади.
Ўғлим Яҳё ёнимда ухлар эди. Ўшанда у етти ёшга етган эди. Рамазоннинг 27 кечаси эди. Тахминан туннинг ярми эди. У: «Эй отажон, ҳовлини тўлдириб юборган мана бу ёғду нима?» деб қолди. Мен ва оила аъзоларимиз уйғониб қарасак ҳеч нарса кўринмади. Билсак, ўша кеча қадр кечаси экан.
Марокуший айтади. Шайх Муҳиддинни Наво қишлоғида кўрдим. Ўшанда у 10 ёшда эди. Болалар уни бирга ўйин ўйнаш учун мажбурлашар эди. У эса, йиғлаб, улардан қочар эди. У шу ҳолатида ҳам Қуръон тиловат қилар эди. Ўшанда у менинг қалбимга кириб қолган эди. Отаси уни дўконга олиб борар, у эса, Қуръондан чалғитгани учун олди-сотдига машғул бўлмас эди. Мен унинг Қуръон устози олдига келиб: «Бу боладан келажакда ўз замонасининг забардаст олими ва зоҳиди бўлиши умид қилинади. Одамлар бундан ҳали кўп фойдаланади», деб насиҳат қилдим. У эса: «Сиз мунажжиммисиз?» деди. Мен: «Йўқ мунажжим эмасман, лекин Аллоҳ мени шундай гапиртирди», дедим. Буни отасига айтилган эди, оталари ўғилларини Қуръонни хатм қилишига кўп рағбат қилди. Ўшанда энди балоғатга етгандилар
Шайх Муҳйиддин айтдилар.
«Ёшим 18 га борганида отам мени 649-ҳижрий санада Димашққа олиб бордилар. Равоҳийя мадрасасида истиқомат қилдим. У ерда икки йил қолдим. Ўша давр мобайнида ерга ёнбағримни қўймадим. Озуқам мадрасадаги овқат бўлди. «Танбеҳ» китобини тўрт ярим ойда ёд олдим. «Муҳаззаб» китобидаги чорак ибодат қисмини ёд олдим. Шайхимиз, олим, зоҳид Камолиддин Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий Шофеъий китобларини шарҳлаб, тасҳиҳ қилиб, у кишини лозим тутган эдим. У киши илмга машғул бўлганимни, у кишини лозим тутганимни, одамларга қўшилмаслигимни кўргач мени қаттиқ яхши кўриб қолдилар. У киши ўтган дарсни аксар жамоаларга такрор қилиб беришимга таъйинладилар. 51-ҳижрий сана бўлганида, отам билан бирга ҳаж қилдим. Арафотда туриш жумага тўғри келган эди. Сафаримиз Ражаб ойининг аввалида бўлган эди. Мадинада икки ярим ой турдим».
Имом Нававийнинг дадалари айтадилар.
«Биз Наво қишлоғидан сафар қилгани чиққанимизда, Яҳёни шамоллаш тутди. То арафотга келгунича у касаллик аримади. Яҳё бесабрлик қилмади. Ҳаж амалларини бажариб, Наво қишлоғига ғам етиб келдик. Димашққа тушганида Аллоҳ унга илм ато қилган эди».
Имом Нававий айтдилар.
«Мен ҳар куни, ҳар турлик устозлардан 12 хил дарс ўрганар эдим. «Васит» китобидан иккита дарс, «Муҳаззаб» китобидан битта дарс, «ал-Жамъу байнас саҳиҳайн» китобидан битта дарс, «Саҳиҳул муслим»дан битта дарс, Ибн Жиннийнинг наҳв фанидаги «Лумаъ» китобидан битта дарс, Ибн Сиккитнинг луғатга оид «Ислаҳул мантиқ» китобидан битта дарс, сарфдан битта дарс, усулул фиқҳдан битта дарс, гоҳида Абу Исҳоқнинг «Лумаъ» китобидан, гоҳида Фахриддин Розийнинг «Мунтахаб» китобидан ва «Асмаур рижол»дан битта дарс, усулуд диндан битта дарс ўтардим. Бунга тааллуқли барча нарсаларга таълиқ ёзардим, мушкил жойларини шарҳлардим, ибораларни ёритар эдим, луғатларни зобт қилар эдим. Ундан ташқари «ар-Рофеъий»дан ҳам дарс ўқирдим. Аллоҳ таоло вақтим ва машғулотимга барака бериб, бунда менга ёрдам ато қилган эди. Бир гал тиб илмига қизиқишим ортиб қолиб «Қонун» китобини сотиб олдим. Шундан кейин қалбим қоронғулашиб қолди. Бир неча кун ҳеч қандай иш қила олмай қолдим. Ўша заҳоти у китобни сотиб юборган эдим, яна асл ҳолатимга қайтдим».
Имом Нававий машғулоти кўп, илм, ибодат ва тасниф сабаб тунда бедор бўлувчи киши эдилар. Йўлда ҳам вақтларини зое қилмасдилар. Баъзи уламолар бу кишини ҳаммомга кам кириши, кам овқат ейиши ва кам кийинишини кўриб, танбеҳ беришгани ва: «Бирор касалликка чалиниб, мақсадларингга эриша олмайсан», деб айтишганида, у зот: «Фалончи рўза тутиб, ҳатто суяклари кўкариб кетган экан», деб жавоб бердилар. Шундан кейин биз айтган нарсаларга у киши парво қилмаслиги билинди.
Баъзи ҳамроҳлари озуқаланиб олишлари учун бодринг пўстлоғини арчиб, узатишганида, у зот уни ейишдан бош тортдилар ва: «Танам намланиб, уйқуни жалб қилишидан қўрқаман», деб жавоб бердилар.
У зот кун бўйи емасдан фақат хуфтондан кейин озгина нарса еб олардилар. Саҳарда озгина сув ичиб олардилар. Димашқнинг мевасидан емасдилар. Бу ҳақда сўралганида у зот: «Чунки Димашқдаги аксар ерлар вақф ва ҳажр қилинган ерлардир. У ердаги нарсаларни фақат умумманфаат юзасидан тасарруф қилиш жоиз. Бу хусусда уламоларнинг ихтилофи бор. Ким жоиз деган бўлса ҳам етим-есир ва камбағалларнинг манфаати учунгина жоиз деган. Одамлар эса бу фатвонинг мингдан биригагина амал қилишади холос. Буни ейишга нафсим қандай шод бўлсин», дедилар.
У зот ўз қишлоқларидаги ота-оналари ҳузуридан келган нарсанигина ер эдилар. Бирор кишидан бирор нарсани қабул қилмасдилар. Фақат дини ва тақвоси ишончли бўлсагина ундан тановул қилардилар.
Иснавий айтдилар.
«Имом Нававий оила қурмаганлар. У зот яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарардилар. Ҳақ у киши учун ҳамма нарсадан устун эди. Подшоҳ ва амирларга ҳам тик боқа олардилар. Подшоҳ Зоҳир: «Мен имом Нававийдан қўрқар эдим», деб айтган».
Подшоҳ Зоҳир Бибрис билан бўлиб ўтган ҳодиса у зотнинг хулқларидаги ана шу қиррани очади. Малик Зоҳир бир фатвога имзо чекиш учун у зотни чақиртирди. Имом ҳазратлари бошларига кичиккина салла ўраб бордилар. Саллаларига қараб менсимасдан: «Эй шайх! Бу фатвога имзо чек», деди. Аммо Имом бош тортдилар. Подшоҳ ғазаб билан: «Нима учун?» деб сўради. Шунда Шайх ҳазратлари: «Бу фатвода оғирлик келтирувчи зулм бор», дедилар. Подшоҳ янада ғазабланиб: «Уни ҳамма вазифаларидан бўшатинглар», деб амр қилди. Аъёнлар эса: «Унда ҳеч қанақа вазифа йўқ», деб жавоб беришди. Сўнг подшоҳ қатл қилишни қасд қилди. Лекин унга Аллоҳ ниятини амалга оширишга журъат бермади. «Нега ўлдирмадингиз, бунақа вазият бошқа бўлмайди?» дейишганида, подшоҳ: «Аллоҳга қасамки, унинг важоҳати мени қўрқитиб юборди», деб жавоб берди.
Бу иш Аллоҳнинг фазлидир. Уни солиҳ бандаларидан хоҳлаганига беради.
Имом Нававий икки марта ҳаж қилганлар. Шайх Шиҳобиддин Абу Шомадан кейин Ашрафийя номли дорул ҳадисга бош мударрис этиб таъйинланганлар. То вафот этгунларига қадар у ердан маош олмаганлар. У зот пахтадан тўқилган кийим ва Сахтиёнийя салласини кияр эдилар. Соқолларида оқ туклар бўлиб, ўзлари фақиҳлар билан бўладиган баҳсларда сокин ва виқорда бўлардилар.
Шайх Валийюддин Абулҳасан Алий айтдилар. Мен оёғимда яллиғланиш сабаб бемор эдим. Имом Нававий мени зиёрат қилиб кўргани келдилар. Ҳузуримда ўтиргач сабр ҳақида гапира бошладилар. Гапирганлари сари оз-оздан оғриқ кета бошлади. У зот гапиришда давом этдилар, охири бориб ҳеч оғримагандек оғриқдан ҳеч бир асорат қолмади. Бундан аввал оғриқ қаттиқлигидан тунда ухлай олмай қолган эдим. Билдимки, оғриқни барҳам топиши у зотнинг баракотлари сабаб эди.
Имом Нававий жуда кўп китоб тасниф этганлар. Мисол тариқасида уларнинг баъзисини келтириб ўтамиз.
Қуйидаги суннат китобларини шайхларидан эшитганлар: 1. Жомиъ ас-саҳиҳ ал-Бухорий. 2. Саҳиҳи Муслим. 3. Сунани Абу Довуд. 4. Жомиъут Термизий 5. Сунани Ибн Можа. 6. Сунани Насаий. 7. Муватто Молик. 8. Муснади Шофеъий. 9. Муснади Аҳмад. 10. Муснади Дорамий. 11. Муснади Абу Яъло. 12. Саҳиҳи Абу Авона. 13. Сунани Байҳақий. 14. Шарҳи сунна лил Бағавий. 15. Амалул йавм вал лайла ли Ибн Сунний. 16. Ал-жомиъ ли одобир ровий вас сомиъ лилхатиб Бағдодий. 17. Ансоб ли Зубайр ибн Баккор.
Дамашқда истиқомат қилганларида фиқҳ, ҳадис, усул каби ҳар турли илмларни қуйидаги устозлардан таълим олганлар:
Энг яқин шогирдлари аллома Алоуддин ибн Аттор зикр қилишларича, баъзи солиҳлар имом Нававийни тушида қутблардан бири эканларини кўрган экан. Ўзларидан бу нарсани очиқлашни сўрашганида, у зот яширган эканлар. Валлоҳу аълам!
Мен вафот топишларидан чамаси икки ой олдин ўтирган эдим, бир фақиҳ келиб, ҳузурларига кирдида: «Фалончи шайх сизга салом айтди ва мана бу кўзачани мендан бериб юборди», деди. Имом Нававий уни қабул қилдилар ва уни менга бериб, эҳтиёжлар турадиган жойга қўйишимни буюрдилар. Уни қабул этганларидан таажжубга тушсам, мендаги таажжубни ҳис қилиб: «Менга баъзи камбағаллар баланд пошналик этик ва мана бу кўзани жўнатишибди. Бу сафар қуролларидир», дедилар. Озгина кун ўтгач яна ҳузурларида турсам у зот: «Мен учун сафар қилишга изн берилди», дедилар. Мен: «Қанақасига сизга изн берилди?» десам, у зот: «Бир пайт мен шу ерда, (яъни Равоҳийя мадрасасидаги хонамда) ўтирган эдим, очиқ ҳавода бир шахс ўтиб қолди. Олд тарафида нур таратувчи ёруғлик, қиблага юзланган ҳолда мадрасанинг ғарбидан шарқига ишора қилиб: «Байтул мақдиснинг зиёрати учун ўрнингдан тур, деб айтди», дедилар. Мен имом Нававийнинг ушбу сўзларини ибодат сафарига йўйдим. Қарасам у ҳақиқий сафар экан. Сўнгра имом Нававий менга: «Қани ўрнингдан турчи, яқинларимиз ва ҳамроҳларимиз билан хайрлашамиз», дедилар. Биз у киши билан чиқиб, баъзи устозлари кўмилган қабристонга бориб, уларни зиёрат қилдик. Улар ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиб, йиғладилар. Кейин тирик дўстларини зиёрат қилдилар. Сўнгра ўша куни Наво қишлоғига сафар қилдилар. Қуддусни ва Халил алайҳиссаломни ҳам зиёрат қилдилар. Сўнгра Наво қишлоғига қайтиб, оталари уйини зиёрат қилгач касалликка чалиндилар. Чоршанба куни, туннинг охирги учдан бирида, Ражаб ойининг 24-сида, 676-ҳижрий санада вафот топдилар. Қабрлари машҳур жойда, одамлар у ерни зиёрат қилишади.
Оила қариндошлари қабрлари устига қубба қуришни хоҳлашганида, аммаларининг тушларига кириб, иним ва жамоадагиларга айтинг, бундай қилишмасин, деб айтдилар. Қавми қариндошлар ҳар қачон қабр устига бирор бино қуришмоқчи бўлса ўша қуришган нарса бузилиб кетаверар эди. Охири бино қуришдан тўхташди. Фақат қабр атрофини ҳайвон ва бошқа нарсалар кирмаслиги учун тош билан ўраб қўйишди.
Аллоҳ у зотни раҳматига олиб, Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
1 | Риёзус солиҳийн | 1 - 2000 |