1627-ҳадис

1627. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мусулмон кишига биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразлаган ҳолда вафот этса, дўзахга киради».

Абу Довуд имом Бухорий ва Муслим шартларидаги иснодга биноан ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ислом дини инсонларни ўзаро  ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва оилавий тотувликка чорлайди. Оилалар, инсонлар ўзаро ҳамжиҳат, тотув бўлсалар жамият ҳам тинч бўлади, тинчлик бўлган жойда эса тараққиёт бўлади.

Инсон ҳаёти давомида баъзан бошқа инсонлардан хафа бўлади, улар билан аразлашиб қолади. Бу нарса ҳар бир инсоннинг ҳаётида бўлади. Шундай пайтларда инсон бошқа инсонларни кечириши, аразлашганлигини унутиб, яхши муомаласини давом эттириши лозим.

Ислом дини инсонларни бир-бири билан уч кундан ортиқ аразлашишни ҳалол ҳисобламайди.

Афсус билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда айрим эр-хотинлар, ака-ука, опа-сингил, қалин дўстлар ва ҳатто ота-болаларнинг бир-бирларини тушунмасдан аразлашиб юришганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу масъулиятни ҳис қилмай, ҳуда-беҳудага низолашиш натижасидир. Аразлашганлардан сўрасангиз ҳамма ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринади. Бу айни хатодир. Аслида, аразлашишдан чекиниш, бир-бировни кечириш фазилатдир.

Аллоҳ таоло ҳамжиҳат бўлиб яшаш бахтига барчамизни муваффақ қилсин!

1627 -­ وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثٍ، فَمَنْ هَجَرَ فَوْقَ ثَلَاثٍ، فَمَاتَ دَخَلَ النَّارَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ عَلَى شَرْطِ البُخَارِيِّ وَمُسْلِمٍ [د 4914].


Улашиш
|
|
Нусха олиш