1726-ҳадис

1726. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туянинг «жалоласи»дан ва уни минишдан қайтардилар».

Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда:

«У зот туянинг «жалола»сининг минилишидан ва сутларининг ичилишидан қайтардилар», дейилган. (Сунан эгалари ривоят қилишган).

«Жалола» нопок-ифлос нарсаларни ейишга одатланиб, уларни кўп еганидан ўзи ҳам, сути ҳам сасиб кетган ҳайвонлардир. Уламо аҳлларимиз таомининг ҳаммаси ёки кўп қисми ифлос нарсалардан иборат ҳайвон «жалола» бўлади, деганлар. Баъзилари гўшти ва сутида сассиқ ҳид бўлган ҳайвон «жалола» бўлади, деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, «жалола»нинг гўштини емоқ, сутини ичмоқ, ўзини минмоқ ҳаром бўлади. Аммо у ҳайвонларни боғлаб, тоза-пок озуқа бериб, парваришлаб, ифлослигини кетказилса, ҳалолга айланадилар. Ана ўшанда уларнинг гўштини еса, сутини ичса ва ўзини минса бўлади.

Уламо аҳллари баъзи «жалола» ҳайвонларнинг тозаланиш муддатларини ҳам аниқлаганлар:

— қорамол қирқ кунда,

— қўй-эчки етти кунда,

— товуқ ва унга ўхшаш нарсалар уч кунда.

1726 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنِ الجَلَّالَةِ فِي الإبِلِ أَنْ يُرْكَبَ عَلَيْهَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُودَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [2558].


Улашиш
|
|
Нусха олиш