247-ҳадис

28- بَابُ سَتْرِ عَوْرَاتِ الْمُسْلِمِينَ وَالنَّهْيِ عَنْ إِشَاعَتِهَا لِغَيْرِ ضَرُورَةٍ

28-боб

Мусулмонларнинг айбларини ёпиш, уни заруратсиз ёйишдан қайтарилгани хусусида

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَنْ تَشِيْعَ الفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ}.

Аллоҳ таоло: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир», деб айтган (Нур сураси, 19-оят).

247 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَسْتُرُ عَبْدٌ عَبْداً فِي الدُّنْيَا إِلَّا سَتَرَهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2590/72].

  1. 247. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир банда бу дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг ҳам айбини яширади», дедилар».

 Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: .«Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади».

Уламоларимизнинг айтишларича, айбини беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади.

Биринчиси, моддий камчиликларни беркитиш, мисол учун, баданини беркитиш учун кийим олиб бериш бўлса, маънавийси эса ёмон иш қилганини кўриб қолиб, ҳеч кимга айтмай беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турадиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар, яхши бўлади.

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак, ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкора қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.

Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки у бировнинг айбини ошкора қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши мумкин. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, жамият таназзулга юз тутади.

Улашиш
|
|
Нусха олиш