354-ҳадис

354 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ مَوْقُوفاً عَلَيْهِ أَنَّهُ قَالَ: ارْقُبُوا مُحَمَّداً صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي أَهْلِ بَيْتِهِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [3713].

مَعْنَى: (ارْقُبُوا): رَاعُوهُ وَاحْتَرِمُوهُ وَأَكْرِمُوهُ.

  1. 354. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дан мавқуф ҳолатда қилган ривоятларида, у киши:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари риоясини қилинглар», дедилар.

 Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Шу мавзуга оид қуйидаги ҳадислар ҳам келган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, сизга ғизо қилиб берган неъматлари учун муҳаббат қилинг. Менга, Аллоҳнинг муҳаббати ила муҳаббат қилинглар. Менинг муҳаббатим учун аҳли байтимга муҳаббат қилинг», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига бўладиган муҳаббат ўзи бўлмаслиги, у муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига бўлган муҳаббатга, у эса ўз навбатида Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатга уланиб кетиши ҳақида сўз кетмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Сизга аҳли байтингиздан қай бирлари маҳбуброқ?» деб сўралди. Бас, у зот:

«Ҳасан ва Ҳусайн», дедилар.

У зот Фотимага:

«Менга ўғилларимни чақириб қўй!» дер эдилар ва иккиларини ҳидлаб, бағриларига босар эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг аҳли байт­лари қанчалик улуғ мақомга эга эканини ўтган ҳадиси шарифлардан билиб олдик. Ўша улуғ мақом соҳиблари ичидан у зотга энг маҳбублари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо экани уларнинг фазилатлари олий даражада эканига далолатдир. Бу олий даражага иккиларидан бошқа инсон боласи сазовор бўла олмаслигини таъкидлаб ўтиришга ҳожат ҳам бўлмаса керак.

Улашиш
|
|
Нусха олиш