942-ҳадис

942. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким жанозада намоз ўқилгунча қатнашса, унга бир қийрот бор. Ким дафн этилгунча қатнашса, унга икки қийрот бор», дедилар. «Икки қийрот нима?» дейилди. «Икки улкан тоғ мислича», дедилар».

 Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда:

«Икковларидан кичиги Уҳудга ўхшаш», де­йилган.

Ибн Умар жанозага намоз ўқиб, қайтиб кетар эдилар. У кишига Абу Ҳурайранинг ҳадиси етганда:

«Батаҳқиқ, кўплаб қийротларни зое қилибмиз», деди».

 

Ушбу ҳадисда жанозага ҳозир бўлиш, жаноза намозини ўқиш катта савобга сабаб бўлиши, дафн этишда қатнашиш ҳам яна шунча савобга эга қилиши ҳақида сўз бормоқда.

Улкан тоғдек савоб оз нарса эмас. Албатта, бу нарса савоб умидида жанозага қатнашган кишиларга берилади. Жаноза ва дафнга бошқа умид билан борганларга эса ўша умид ёқилган нарсалари берилади. Ушбу маънони уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Чунки бошқа ҳадисларда шу маъно ўз аксини топган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг тасарруфларидан эса, баъзида улкан ва олим саҳобалар ҳам баъзи масалалардан хабардор бўлмай қолишлари мумкинлигини тушунамиз. Шу билан бирга, уларнинг камтарликлари, илм етганда дарҳол қабул қилишларини биламиз. Бизлар ҳам улардан ўрнак олишимиз керак бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, доимо жаноза намозига ҳозир бўлиб уни ўқишга ва май­йитни дафн қилишда ҳам қатнашишга ҳаракат қилишимиз керак.

 

942 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ شَهِدَ الجَنَازَةَ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا فَلَهُ قِيرَاطٌ، وَمَنْ شَهِدَهَا حَتَّى تُدْفَنَ فَلَهُ قِيرَاطَانِ»، قِيْلَ وَمَا القِيرَاطَانِ؟ قَالَ: «مِثْلُ الجَبَلَيْنِ العَظِيمَيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1325، م 945].


Улашиш
|
|
Нусха олиш