1-ҳадис

Мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, Аллоҳ ва Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати эришадиган дунёси учун ёки никоҳлаб оладиган аёли учун бўлса, демак, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учундир деганларини эшитганман».

Бу ҳадисни муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий ал-Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ал-Қушайрий ан-Найсобурийлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) унинг саҳиҳлигига иттифоқ қилиб, тасниф этилган китобларнинг энг саҳиҳи бўлмиш икки “Саҳиҳ” китобларида ривоят қилишган.

Шарҳ: Ният қалб билан қилинган амал бўлиб, у билан одатлар ибодатга айланади. Ибодатлар эса холис Аллоҳ учун бўлади. Ният амалдаги мақсадни ойдинлаштириб беради. Мусулмон киши кунлик одатини ибодатга айлантириб юбориши мумкин. Масалан, эрталаб юзини ювганда бу билан покликни ва мусулмон одам энг афзал шаклда юриши лозимлигини ният қилса, ёки овқат тановул қилганида бу билан ибодат ва ҳалол ризқ топиш учун куч йиғишни ният қилса, бунинг учун савобни қўлга киритади. Мусулмон киши мана шундай бўлиши лозим. У бир нарсани амалга оширишдан аввал уни нима учун қилаётгани ҳақида фикр юритиши лозим. Агар бажараётган амали Аллоҳ учун бўлса, уни амалга оширсин. Бордию, Аллоҳдан бошқасига бўлса, ундан қайтсин.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ҳар бир амалда ниятнинг муҳим экани.
  2. Ҳадис бизга ниятсиз бажарилган амалда савоб йўқлигини ўргатмоқда.
  3. Ният қалбий амал бўлиб, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, холос.


1- وَعَنْ أَميرِ الْمُؤْمِنِينَ أَبي حَفْصٍ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ بْن نُفَيْلِ بْنِ عَبْدِ الْعُزَّى بْنِ رِيَاحِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ قُرْطِ بْنِ رَزَاحِ بْنِ عَدِيِّ بْن كَعْبِ بْنِ لُؤَيِّ بْنِ غَالِبٍ القُرَشِيِّ العَدَوِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ الله صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ يقُولُ: «إنَّما الأَعمالُ بالنِّيَّاتِ، وإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ ورَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا، أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إلَيْهِ» متَّفَقٌ على صحَّتِه. رَوَاهُ إِمَامَا الْمُحَدِّثِينَ: أَبُو عَبْدِ اللهِ مُحَمَّدُ بنُ إِسْمَاعيل بْن إِبْراهيمَ بْن الْمُغيرة بْنِ برْدِزْبَهْ الْجُعْفِيُّ الْبُخَارِيُّ، وَأَبُو الحُسَيْنِ مُسْلمُ بْن الْحَجَّاجِ بن مُسْلمٍ القُشَيْريُّ  النَّيْسَابُوريُّ رَضِيَ الله عَنْهُمَا في كِتَابَيهِمَا اللَّذَيْنِ هُمَا أَصَحُّ الْكُتُبِ الْمُصَنَّفَةِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш