15-ҳадис

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўлларда ўтиришдан сақланинглар дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг расули, ўтирмасликка иложимиз йўқ, чунки у ерда гаплашиб ўтирамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини беринглар», дедилар. Улар: «Йўлнинг ҳаққи нима?» дейишди. У зот: «Кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Йўл четида ўтириш Исломда марғуб бўлинмайдиган ишлардан биридир. Чунки унда йўловчилар учун озор бордир. Ўтаётган кишиларга назар солиб, уларга машаққат туғдириш бор. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишдан ман этганлар. Аммо эҳтиёж туғилганда баъзи истиснолар бордир. Ислом таълимоти воқеъликка мос йўналишдир. Йўл четида ўтирса бўлади, аммо баъзи шартлар мавжуд. Ушбу шартларни "Йўл ҳаққи", деб номлаган. Масалан, ўша ҳақлар: "Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, озор бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Йўл четида ўтириш одоб меъёрларига мос бўлиши.
  2. Исломда йўлнинг ҳаққи борлиги.
  3. Йўл четида ўтирган киши ҳаром нарсаларга назар солмаслиги.
  4. Йўл четида ўтирган киши гапи ва амали билан одамларга озор бермаслиги.
  5. Агар мусулмон киши йўлда ноўрин нарсани кўрса, одоб билан ундан қайтариши.

15 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالْجُلُوسَ فِي الطُّرُقَاتِ» فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ مَالَنَا مِنْ مَجَالِسِنَا بُدٌّ، نَتحدَّثُ فِيهَا ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَبَيْتُمْ إِلاَّ الْمَجْلِس فَأَعْطُوا الطَّريقَ حَقَّهُ» قَالُوا: وَمَا حَقُّ الطَّرِيقِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «غَضُّ الْبَصَرِ، وَكَفُّ الأَذَى، ورَدُّ السَّلاَمِ، وَالأَمْرُ بِالْمَعْرُوفِ، وَالنَّهْيُ عَنِ الْمُنْكَرِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш