16-ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда: «Агар рўза тутиб, намоз ўқиб, унинг мусулмон эканини гумон қилинса ҳам…» дейилган.

Шарҳ: Мунофиқ ва иккиюзламачилар уммат ва жамият учун энг зарарли кимсалардир. Мунофиқнинг сифати– зоҳирида иймонни даъво қилиб, қалбида куфрни яширишдир. Улар қалбаки иймонлари ва ёлғон эътиқодлари ортига яшириниб олиб, мўминларга озор беришга ошиқадилар. Шунинг учун улар қаттиқ лаънатга учраб, жаҳаннам қаърига ташланадилар.

"Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз" (Нисо сураси, 145‑оят).

Шу сабаб доим мўминларни мунофиқларнинг сифатларидан огоҳлантириб, улардан йироқ бўлишга чақирилади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадислари орқали гарчи рўза тутиб, намоз ўқиб, ҳаж ва умра ибодатини адо қилишса ҳам қалбларида нифоқ яширин бўлган мунофиқларнинг сифатларини баён қилдилар.

Мунофиқларнинг сифатлари:

  1. Гапирсалар, сўзларида ёлғон ишлатишади.
  2. Агар бирон нарсада ваъда беришса, берган ваъдаларига риоя қилишмайди.
  3. Агар бирор ишни, мол‑мулк ёки сирни омонат тарзида ишонилса, ундай инсонлар омонатга хиёнат қилишади.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ислом- айрим жоҳиллар ўйлагандек, руҳсиз ибодатлар йиғиндиси эмас, балки ҳаётга татбиқ қилинадиган мукаммал таълимотдир.
  2. Ёлғончилик, ваъданинг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш- мунофиқлик аломатидир.
  3. Ҳақиқий мусулмон киши ёлғон сўзламайди ва омонатга хиёнат қилмайди.

16 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «آيَةُ المُنَافِقِ ثَلاَثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

وفي رواية: «وَإِنْ صَامَ وَصَلَّى وَزَعَمَ أَنَّهُ مُسْلِمٌ».

Улашиш
|
|
Нусха олиш