Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни жисми катта ва семиз кишилар келишади. Уларнинг Аллоҳ ҳузурида пашша қанотича ҳам вазнлари бўлмайди», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ислом дини инсонларнинг шакли, ташқи кўриниши ҳамда тана тузилишига қараб баҳо беришдан огоҳлантиради. Бу ҳолатларда одамларнинг ҳеч қандай аралашуви, дахлдорлиги йўқдир. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг шундай халқ қилган, шу тарзда яратганидандир. Бошқаларни баҳо беришда, таърифлашда бу ўлчов, меъёр эмас. Балки одамларни иймон, амал ва амалларининг манфаатли экани ўлчовдир, таърифдир. Ҳадису шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам тана тузилиши катта, семиз ва оғир кишиларни баъзи нодон одамлар уларни кучли ва баҳодир деб санашларини зикр қилмоқдалар. Аслида эса, бундай кимса Аллоҳ наздида тариқча ҳам қадри бўлмайди. Нафақат тариқ, балки пашша қанотича ҳам вазни йўқдир.
Нега ундай, деган савол бўлсачи?
Чунки уларда на иймон бор, ва на солиҳ амал. Иймон ва солиҳ амалларгина инсоннинг қадри-қиймати, обрўси Аллоҳ ҳузурида, сўнгра Унинг Расули наздида ва бошқа мусулмонлар кўз ўнгида ҳам баланд даражага кўтаради, ҳурматли қилади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
Аллоҳ таоло: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» деб айтади (Нисо сураси, 36-оят).
22 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّهُ لَيَأْتِي الرَّجُلُ السَّمِينُ العْظِيمُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ يَزِنُ عِنْدَ اللهِ جَنَاحَ بَعُوضَةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.