29-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабиралар – Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

* Ғамус қасам – эгасини гуноҳга ботирадиган қасам. Билиб туриб ёлғон қасам ичиш кишини гуноҳга ботиргани учун бу қасам «ғамус» – “ботирувчи” деб номланган.

Шарҳ: Оқ бўлиш ёки ота-онага осий бўлиш Қуръони карим томонидан ҳам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ҳам қораланган. Бу ҳолатдан мусулмон киши нафратланади. Чунки ота онага оқ бўлиш, ота- онанинг фазилати, даража ва эътиборини инкор қилишдир. Кимки ота- онасининг унга нисбатан бўлган фазли устунлиги ва зиммасида лозим бўлган ҳурмат ва масъулиятини  инкор қилса, Роббисининг фазлини унданда кўпроқ инкор қилган бўлади. Шу сабаб бу ҳолатга йўл қўйган инсон,  агар тавба қилмаса,  ҳалокатга дучор бўлади.

 Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Аллоҳга ширк келтириш- энг улкан гуноҳлардандир. Шунинг учун ундан қаттиқ сақланиш, ҳазир бўлиш даркор.
  2. Ота- онага оқ бўлиш ва уларга ёмон муомалада бўлиш Аллоҳга ширк келтиришга яқин гуноҳи кабирадир.
  3. Қасддан одам ўлдириш Ислом огоҳлантирган ва Аллоҳ ҳаром қилган кабира гуноҳлардандир.
  4. Мусулмон одам ғамус қасам ичувчилар тоифасига кириб қолмаслик учун қасддан ёлғон қасам ичмайди.

29 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْكَبَائِرُ: الإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

«اليمِين الْغَمُوسُ» التي يَحْلِفُهَا كَاذِبًا عامِدًا، سُمِّيت غَمُوسًا، لأَنَّهَا تَغْمِسُ الحالِفَ في الإِثم.

Улашиш
|
|
Нусха олиш